Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Сиз қачон дарс ўтасиз, муаллим?!

Сиз қачон дарс ўтасиз, муаллим?!

Иллюстратив сурат.

Фото: «Fotolia.com»

Кеча эшитган бир хабаримдан кейин бизда таълим тизими ҳали-бери ўнгланмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Ҳозир илмий фаолиятимни чет элда амалга ошираётган бўлсам-да, ўзим ишлаган университетдаги ҳамкасбларим ва талабаларим билан доим хабарлашиб тураман. Қадрдон университетимга оид ҳар бир хабар мен учун жуда муҳим.

Қачон университетдаги ҳамкасбларим билан гаплашсам ё мажлисдан чиқишаётгани, ё мажлисга кетишаётгани, ёхуд текширувчи борлигини айтишади. Бирорта ҳамкасбим мана бу соҳада изланаяпман, мана бу қисми борасида муаммо ёки тушунмовчилик бўлаяпти, мана бу олим билан музокара олиб бораяпман ёки дарсда мана бу мавзуни ўтаяпман деганини эслолмайман. Ҳар доим гап бир хил: текширувчи бор, текширувчи бор, текширувчи бор!

Менга вазирлик ёки шунга ўхшаш бирор юқори ташкилотнинг текширувчилари дабдабаю-асъаса билан келиб университетни бир-икки ой текширади, бу орада бирорта ўқитувчи сидқидилдан дарс ўтади дейишса умуман ишонмайман. Чунки ҳамма ўқитувчи текширувчига ҳужжат тайёрлаш, маънавият папкаларини расмлар билан тўлдириш, маҳаллаларга бориб аҳоли орасида президент фармонлари-ю ҳукумат қарорларини тарғиб этиш бўйича сохта йиғилиш баёнларига муҳр бостириб келиш, талабаларнинг ҳолидан хабар олдим деган қоғозларни тўлдириш, ўзаро дарсларга кириш бланкаларини тўлдириш, кафедраларда умуман ўтказилмаган турли хил тадбирларга оид ҳужжатларни расмийлаштириш билан банд бўлади.

Ушбу ишлар нега ўз вақтида қилинмаган деган савол туғилади албатта. Бунга ўша ўқитувчи айбдор десангиз, адашасиз! Чунки ўқитувчи сентябр, октябрь, ноябрь ойларида пахта теримига жалб қилинади! Бу йил пахтага бормадик-ку деган гап билан ўзингизни ўзингиз алдаманг, нима бўлганини, талабалар пахтадан қайтарилгани билан кўпчилик ўқитувчилар кунлик пахтага қатнаганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз.

Вилоятда республика миқёсидаги бирор тадбир бўладиган ёки республика даражасидаги раҳбар келадиган бўлса университет ёки шунга ўхшаш таълим масканларининг ўқитувчи ва талабалари биринчи галда «шахсий» ташаббус билан чиқиб кўчаларни тозалашади, ўтларни юлишади. Сайлов бўлиб қолса борми... Шундай «муҳим» вазифалар билан банд бўлгач, кунига 3-4 парадан дарс ўтадиган ўқитувчининг қоғоз тўлдиришга вақти қоладими?!

Хуллас, вазирлик текширувчилари ўқитувчиларни бир ой мазза қилиб текширишгач, ўқитувчи энди бемалол дарс ўтаман деса университетнинг текшируви бошланади. Яқинда текширувдан ўтдик деб хомтама бўлманг, ҳаммаси бошқатдан, ипидан игнасигача текшириб чиқилади. Агар текширувчиларнинг илҳоми келса, уч йиллик ҳужжатларингизни қайта текшириб кўришлари мумкин. Бу текширув узоқ давом этади, ҳар бир факультетни алоҳида-алоҳида текширадилар, шу боис ҳар бир факультет ўзининг навбати келгунча ҳужжатларини тўғрилаш билан банд бўлади. Бу ҳужжатларнинг намуналари ва тартиби ўзгармаса экан, бир тайёрлаб қўйиб қутулсанг, уларнинг ўзгариб туришидан қайси бир ҳужжатни тайёрлашингни ҳам гоҳида билмай қоласан. Текшириладиган ҳужжатлар орасида муҳим ҳужжатлардан тортиб ўқув биносига кириб-чиқаётганингизда имзо чекадиган дафтаргача бор, мабодо бирор кун иш билан бўлиб имзо чекиш эсингиздан чиққан бўлса, демак сиз ишга келмаган ҳисобланасиз, ўша куни расмий ҳужжатларни тўлдирганингиз ҳисобга ўтмайди.

Университет текширувидан қутулиб, енгил нафас олишга улгурмасдан факультет текшируви бошланади. Бунда ҳар бир кафедрани ҳар бир соҳа бўйича алоҳида-алоҳида кўриб чиқишади. «Биз сизларни дарс вақтида безовта қилмаймиз, дарсдан кейин текширамиз» деб илтифот ҳам қилишади. Ғамхўрликни қаранг, дарсдан кейин уйга кетмасдан ҳужжат тўғрилайсиз, кейин навбатингизни кутиб текширувчига ҳужжатларингизни кўрсатиб чиқасиз. Текширувлардан кейин энди бемалол дарс ўтаман десангиз ўқув йили ҳам якунланиб қолган бўлади ва йиллик ҳисоботлар бошланиб кетади. Бирорта одам ўқитувчининг қандай дарс ўтаётгани билан қизиқиб кўрмайди. Ҳамма текширувчиларни қоғозлар, ҳисоботлар, баёнлар, дафтарлар қизиқтиради.

Шу билан ҳаммаси тугади деб ўйламанг, агар ўша ўқитувчи бирор гуруҳга раҳбарлик қилса, худонинг ургани мана шу бўлади. Гуруҳингиздан қайсидир талаба дарсга келмаса, кеч қолса ёки ўқиш формасида бўлмаса ўша куни сизни факультет декани албатта йўқлайди. Талабанинг айби учун сиз ҳам тушунтириш хати ёзиб чиқишингизга тўғри келади. Ўқиш учун контракт пули тўланадиган вақтни ўқитувчилар жуда бошқача «кутади», чунки бу вақтда сиз дарсдан кейин нечта талабангиз қанча пул тўлагани ҳақида ҳисобот бериш учун мажлисга қоласиз, ҳар бир талабангиз юзасидан сўроққа тутиласиз. Мажлисдан чиқиб талабанинг ота-онасига қўнғироқ қилиб, «қачон контракт пулини тўлайсиз?» деб сўраб чиқасиз. Мабодо ота-она ўз вақтида тўламаса сиз уларга тўғри тушунтирмаган, вақтида эслатмаганингиз учун ҳам тушунтириш хати ёзасиз.

Булар ҳали ҳолва, энг даҳшати — ҳар ўқув йили университет талабаларининг ота-оналар йиғилишини ўтказасиз (кап-катта кишилар учун ота-оналар йиғилиши ўтказиш қанчалар ғалати эшитилмасин, таомил шундай. Булар-ку бакалавр экан, мен ўзим магистратурада ўқиётганимда ҳам ота-оналар йиғилиши ўтказилган. Аксарият курсдошларим аллақачон турмуш қурган, бир-иккита болали бўлишга ҳам улгуришган. Энди тасаввур қилинг, мана шундай кишилар уйига бориб ота-онасига «йиғилишга борар экансиз» деса қандай бўлади? Талабаларимизда мустақил фикрлаш, ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарлик ҳисси камлигининг катта бир сабабларидан бири шу эмасми?). Агар талабангиз бошқа вилоятдан келиб ўқиса ва шу боис унинг ота-онаси йиғилишга кела олмаса, камида бир ҳафта яхши гап эшитмаслигингиз аниқ.

Мана шу ерда бир ҳақли савол туғилади, ўқитувчи текширувчилар талаб қиладиган ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлаб қўйса бўлмайдими? Бўлмайди! Қила олмайди! Чунки дарс ўтаман деган ўқитувчи бир кунда 6 соатлик, бир ҳафтада 36 соатлик қонуний иш вақтида дарсдан ташқари вақтда ҳеч кимга керак бўлмайдиган ушбу қоғозларни тўлдиришга жисмонан улгура олмайди. Ҳар ҳолда мен танийдиган бирорта ўқитувчи бемалол улгурганини эслай олмайман.

Қоғозбозликни йўқотамиз деган сари бутун бошли таълим тизими қоғозбозлик домига ғарқ бўлиб бормоқда. Бундай ҳолатда қандай қилиб таълим тизимидан сифатли кадрлар етишиб чиқишини кутиш мумкин? Ҳаддан ташқари ортиқча ҳужжатларнинг юритилиши, режасиз текширишлар ва йиғилишларнинг уюштирилиши, ортиқча ташкилий ишларнинг мавжудлиги ўқитувчи халқининг ўз вазифаси қолиб бошқа ишлар билан банд бўлишига олиб келди. Уларга қарата раҳмингиз келганидан «Сиз қачон дарс ўтасиз, муаллим?!» дегингиз келади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг