Дамашқда Асад хонадони яшириб келган яна бир машъум объект топилди
Сурияда Башар Асад ҳокимияти қулаши ортидан ўтказилаётган қидирув амалиётларида собиқ президентнинг укаси Моҳир Асадга тегишли наркозавод ва нарколабораториялар топилмоқда. Масалан, пойтахт Дамашқ шаҳри четидаги қўрғонда гиёҳвандлик моддалари тайёрлаш учун катта миқдорда хомашё ҳамда дастгоҳлар борлиги аниқланган.
Reuters агентлиги хабар беришича, бу ерда гиёҳвандлик моддалари саноат усулида, оммавий равишда ишлаб чиқарилганини кўриш мумкин. Журналистлар гувоҳлигидаги амалиётда сотиш учун шай ҳолга келтирилган минглаб таблетка ҳам топилган.
Наркотик моддалар савдоси Башар Асад маъмуриятининг асосий даромад манбаларидан бири бўлгани айтилади. Сурия армиясининг дивизияларидан бири қўмондони бўлган Моҳир Асад бошчилик қилган гиёҳвандлик моддалари тармоғи Ливан орқали бутун дунёга наркотик сотган.
АҚШдаги New Lines Institute Captagon Trade лойиҳаси раҳбари Кэролайн Роузга кўра, каптагоннинг глобал миқёсдаги савдоси ҳажми 10 миллиард долларни ташкил этади. Асад маъмурияти ушбу оғу савдосидан йилига 2,4 миллиард доллар даромад қилган.
Эксперт Дамашқда топилган наркозаводни Асад маъмурияти назоратидаги энг йирик оғу корхонаси эканини айтган.
Сурияда ишлаб чиқарилган каптагон гиёҳвандлик моддасидан, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатлари аҳолиси катта азият чеккан.
Дастлаб 1960-йилларда Германияда ишлаб чиқарилган каптагон воситаси тиббий мақсадда ишлатилган. Кейинроқ уни ишлаб чиқариш тўхтатилган, аммо «қашшоқлар учун кокаин» деб аталган оғу Шарқий Европада ноқонуний равишда тайёрлана бошлаган. 2011 йилда фуқаролар уруши домида қолган Сурия каптагон ишлаб чиқариш марказига айланган.
«The Economist» нашри 2021 йилда Сурия гиёҳвандлик моддалари экспорт қилувчи ўлкага айланганига эътибор қаратганди.
Уруш туфайли бир пайтлар маъмур бўлган мамлакат иқтисодиёти издан чиқди, саноат ва ишлаб чиқариш путурдан кетди. Мутараққий мамлакатлар томонидан Асад маъмуриятига нисбатан жорий этилган санкциялар ҳам, табиийки, тараққиётга тушов бўлган. Ана шундай мушкул-мураккаб вазиятда наркотик савдоси Асад маъмурияти жонига ора кирган.
Сурия режимини қўллаб-қувватлаш учун Афғонистон ва Ливандан келган жангарилар ўзлари билан гиёҳвандлик моддалари тайёрлаш ва сотиш техникасини ҳам келтирганлар. Мамлакат бўйлаб наша майдонлари кенгайтирилган, каптагон таблеткаларини оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Буюк Британиянинг «The Guardian» нашрига кўра, 2020 йили Сурия 3,46 миллиард долларлик каптагон таблеткаларини экспорт қилган.
Кузатувчиларга кўра, Сурияни геосиёсий кураш майдонига айлантирган йирик мамлакатлар ҳам, тожу тахтини сақлаб қолишга зўр берган ишбошилар ҳам кўп миллионли аҳоли очлик домида экани, боз устига, гиёҳвандлик моддалари ёшларни ўз домига тортаётганидан кўп-да хавотир олмаган.
Аввал хабар берганимиздек, Сурияда Асадлар оиласининг 54 йиллик бошқаруви поёнига етиши ортидан даҳшатли қатлгоҳ сифатида тилга тушган Сийдная қамоқхонасидаги маҳбуслар ҳам озод қилинганди.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботларига кўра, ушбу қамоқхонада 2011-2018 йилларда 30 мингдан зиёд маҳбус қатл қилинган ёки очлик, хасталик туфайли вафот этган. 2017 йилда Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сийдная қамоқхонасини «инсоний қассобхона» деб атаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter