Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Австралиялик олимлар топган дори ҳақида

Австралиялик олимлар топган дори ҳақида

Австралиялик олимлар жамоаси томонидан 3 апрель куни Antiviral Research илмий журналида FDA томонидан тасдиқланган ивермектин дорисининг SARS-CoV-2 вируси репликациясини тўхтатиши бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари эълон қилинди.

Вирус репликацияси дегани бу содда қилиб айтганда вируснинг кўпайиши, яъни шу дори вирус кўпайишини тўхтатиши мумкинлиги аниқланган. Фақатгина in vitro усулида! in vitro деб организмдан ташқарида, тўғрироғи пробиркадаги тирик ҳужайра намунасида ўтказиладиган бирор бир тажрибага айтилади. Одатда молекуляр биология, биокимё, фармакология, тиббиёт, генетика ва бошқа соҳаларда in vitro усули кенг қўлланилади.

Австралиялик олимлар лабораторияда in vitro усулида ҳужайрага SARS-CoV-2 вирусини юқтириб, 2 соатдан кейин унга ивермектин дорисини юборишади. Орадан 24 соат ўтгач ҳужайрадаги коронавирус РНК си 93 фоизга, 48 соатдан кейин 99,98 фоизга камайгани маълум бўлади.

Ивермектин ўзи қандай дори?

Бу дори аввалдан маълум эди. Уни энди кашф қилишгани йўқ. У 1975 йилда кашф қилинган ва 1981 йилдан бери тиббиётда антипаразитар препарат сифатида фойдаланилади. Препарат онхоцеркоз, стронгилоидоз, аскаридоз, трихоцефалёз, филяриатоз ва энтеробиоз каби гелминтли касалликларда қўлланилади. У нафақат одамларда, балки от, қўй, эчки, қорамол, туя ва чўчқаларда ҳам қўлланилади. Арзон, ҳамма давлатда топиладиган дори ҳисобланади. Уилям Кампбелл ва Сатоши Омура ушбу препаратни кашф қилгани учун 2015 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлишган.

Хулоса

Қадрдонлар, препарат эндигина in vitro усулида текширилди. Шунда ҳам у вирус юқтирилгандан 2 соат ўтиб қўлланилган. Энди навбатда in vivo усулида текшириш (яъни, тўғридан-тўғри тирик организмда) турибди, шундан кейин эса беморларда синаб кўрилади. Ўшангача бу препаратни COVID-19да қўллашга ҳеч бир муассаса рухсат бермайди. Шу боис ҳаяжонга берилманглар. Агар препарат навбатдаги синовлардан ҳам муваффақиятли ўтса ва чиндан ҳам ҳақиқий коронавирус юқтирган бемор вирусдан тузалса, ана унда чинакамига хурсанд бўлсак бўлади. Унгача эса жараёнларни кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг