Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

АҚШ ҳарбий базалари қайси мамлакатларда жойлаштирилган ва қандай мақсадда? (шарҳ)

АҚШ ҳарбий базалари қайси мамлакатларда жойлаштирилган ва қандай мақсадда? (шарҳ)

Фото: «rapidcityjournal.com»

Ўзбекистон ҳудудида нафақат АҚШнинг, бошқа бирор хорижий давлатларининг ҳарбий базалари жойлаштирилмаган ва жойлаштирилиши мумкин ҳам эмас!

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин, дунёнинг ҳеч бир мамлакати Америка Қўшма Штатлари каби кўплаб мамлакатларда ҳарбий базалар очмаган. Америкалик тарихчи Жозеф Герсоннинг фикрича, АҚШ тарихини ҳарбий базалар учун кураш даври деб ҳисоблаш мумкин.

АҚШдан ташқаридаги биринчи ҳарбий базалар ХХ аср бошларида, АҚШнинг Испания-Америка урушидаги ғалабасидан кейин пайдо бўла бошлади.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида АҚШ Исландия, Шимолий Африка ва Ҳинд океанида ҳарбий базаларга эга бўлди, улардан фойдаланиш Япония ва Германияга қарши урушда ғалаба қозонишга имкон берди.

Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин эса Германия, Италия, Франция, Япониянинг ғарбий қисми ва Корея яриморолининг жанубий қисмида ҳам АҚШ қўшинлари доимий асосда базаларга эга бўлишди, уларнинг баъзилари ҳозиргача мавжуд.

Корея урушидан кейин АҚШнинг Корея ва Япониядаги базалари доимий бўлиб қолди. Бугунги кунда ҳам Америка Қўшма Штатларининг энг кўп базалари Германия, Япония ва Жанубий Кореяда жойлашган.

1946 йилда АҚШ Филиппинга мустақиллик бергандан сўнг, ўзининг кўпгина ҳарбий базаларини ушбу давлатда сақлаб қолди. «Совуқ уруш» бошланганидан сўнг эса АҚШ ўз иттифоқчилари билан ҳарбий қўшинларини уларнинг ҳудудларига жойлаштириш имкониятлари бўйича кенг кўламли музокараларни бошлади.

1960 йилга келиб, АҚШ 42 мамлакат билан 8 та ҳарбий ҳамкорлик шартномаларини имзолади ва бошқа 30 та давлатлар билан шу каби алоҳида битимларга тузилди. Бу эса АҚШга маълум шартлар асосида ўз базаларини ушбу давлатларга жойлаштириш ҳуқуқини берди.

Фото: «getarchive.net»

Ҳарбий базалар икки ёқлама рол ўйнади

1949 йилда НАТО блоки яратилди, биринчи босқичда унга АҚШдан ташқари яна 12 та Европа давлатлари кирди. 1960 йилга келиб уларга Ғарбий Германия ва Туркия қўшилди. 1951 йилда АҚШ Австралия ва Янги Зеландия билан хавфсизлик шартномасини имзолади. Ҳарбий базаларни жойлаштириш бўйича икки томонлама шартномалар Филиппин (1951), Жанубий Корея (1953) ва Япония (1960) билан имзоланди.

Бу базалар икки ёқлама рол ўйнади: бир томондан улар Совет Иттифоқи ва Хитой тажовузига қарши туришлари керак бўлса, бошқа томондан дунёнинг стратегик муҳим минтақаларидаги АҚШ ҳарбий кучларини мустаҳкамлади.

Ҳозирда АҚШ Яқин Шарқда ҳарбий базалар тармоғини яратишга интилмоқда. Совуқ уруш даврида у ерда деярли ҳарбий объектлар йўқ эди. АҚШнинг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган Кувайтда биринчи Америка ҳарбий базалари 1980 йилларнинг бошларида пайдо бўлган.

1990-1991 йиллардаги Форс кўрфазидаги урушдан сўнг, Кувайтни босиб олган Ироқ кучлари халқаро коалиция томонидан мағлубиятга учратилгач, АҚШнинг минтақада кенг кўламли ҳарбий базалари пайдо бўла бошлади.

Шундай қилиб, Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Уммон ва Бирлашган Араб Амирликларида АҚШ базалари пайдо бўлди. Уларнинг мавжудлиги Ироқ ва эҳтимол Эроннинг тажовузкорлигини чеклаш, шунингдек, нефтни ташиш йўлларининг хавфсизлигини таъминлаш зарурлиги билан изоҳланди.

Американинг ҳарбий базалари аслида ушбу минтақада 1970 йилларнинг бошларига қадар мавжуд бўлган Британия ҳарбий базаларининг ўрнини эгаллагани эса геосиёсатдаги қизиқ вазиятлардан биридир.

Ўзбекистоннинг Хонобод ҳудудидаги ҳарбий базада тахминан 1,5 минг америкалик бўлган

90-йилларнинг ўрталарида Қўшма Штатлар фуқаролар уруши авж олган собиқ Югославия ҳудудида тинчликпарварлик ва гуманитар операцияларни қўллаб-қувватлаш учун бир қатор ҳарбий базаларни яратди. Кейинчалик эса бу ҳарбий объектлар Сербияни бомбардимон қилишда ишлатилган, бу Косово тинч аҳолисини Югославия ҳарбийлари ва махсус хизматлари томонидан ўтказилган этник тозалашдан ҳимоя қилишга қаратилган операциялар эди.

Кейинчалик АҚШ ҳарбий базалари Венгрия, Албания, Босния, Македония ва Косовонинг жанубида пайдо бўлди. 2001 йил 11 сентябрь воқеалари ва бунинг ортидан халқаро терроризмга қарши уруш бошланганидан сўнг, АҚШ яна 19 та янги ҳарбий база яратди. Улар биринчи марта постсовет давлатлари ҳудудида пайдо бўлди. Хусусан, Афғонистондаги операциялар пайтида АҚШ Совет ҳарбий-ҳаво кучларининг собиқ аэродроми бўлган Қирғизистондаги Манас авиабазасидан фойдаланиш ҳуқуқини олди.

Базада транспорт самолётлари ва АҚШ денгиз корпусининг қирувчи самолётлари жойлашди. 2001 йил Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоидага қарши ҳарбий амалиётларнинг дастлабки босқичида Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридаги ҳарбий база ҳудудида, тахминан 1,5 минг америкалик ҳарбий хизматчилар бўлган.

Ушбу ҳарбий база бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги шартномада ундан фақат гуманитар ва қутқарув операцияларида фойдаланиш кўзда тутилган. 2005 йилнинг куз ойларига келиб ушбу база ўз фаолиятини тўхтатди. 25 ноябрь куни АҚШ сўнгги ҳарбий самолёти Қарши-Хонобод базасини тарк этди.

Эрон ва АҚШ ўртасидаги низолар фонида ҳозир дунё ОАВси ва ижтимоий тармоқларда АҚШ ҳарбий базаларининг хариталари кўп учраб турибди. Унда Ўзбекистон ҳам қайта қайта тилга олинаяпти. Ҳаттоки машҳур сиёсатчилар ва журналистлар ҳам ушбу аниқ бўлмаган маълумотни ишлатишмоқда. Ўзбекистонинг 2 та ҳудудида, яъни Чирчиқ ва Хонободда АҚШ ҳарбий базаси бор деб кўрсатилаяпти.

Ўзбекистон Республикасининг 2012 йили қабул қилинган Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳарбий доктринасига мувофиқ ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳар қандай давлатлараро тузилмадан, бу тузилма ҳарбий-сиёсий блокка айлантирилган тақдирда чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади, шунингдек, ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди.

Юқорида келтирилган концепция ва «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида нафақат АҚШнинг, бошқа бирор хорижий давлатларининг ҳарбий базалари жойлаштирилмаган ва жойлаштирилиши мумкин ҳам эмас.

Манба: uza.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг