Нега Зулфиячи деганда Тэтчер ва Кюри каби интеллектуаллар кўз олдимизга келмайди?
Ҳеч эътибор берганмисиз, Зулфия мукофотини олганларнинг аксарияти ўзгача бир оламда яшайдиган қизлар бўлишади. Уларни «Амели» фильмидаги машҳур француз актрисаси Одри Тотунинг қаҳрамонига ўхшатаман.
Зулфия мукофотини олган қизлар дунёни бошқача рангларда кўришади. Қанийди мен ҳам дунёни уларнинг кўзи билан кўра олсайдим... Ҳаммаси конвейердан чиққан бир хил одамчаларга ўхшайди... Инсонда интеллект чиройли гапириш билан белгиланганида тўйдаги бошловчилар бугун фан доктори бўлишармиди...
Шу қизларнинг ичида жиддийроқ, мушоҳадали, оқим билан сузувчи бўлмаган, ўз позициясида мустаҳкам турувчи ҳақиқий интеллектуал шахс борми? Нега Зулфиячи деганда телбанамо, жўшқин ҳиссиётли, ақлдан озар даражада супер шоирага айланиб кетган қиз кўз олдимга келади? Нега Зулфиячи қиз деганда Мария Кюри ёки Маргарет Тэтчер каби ўта интеллектуал аёлларни кўз олдимга келтира олмайман? Фақатгина транс ҳолатига тушгандай кўзлари ярим юмуқ, бошларини чайқаб баландпарвоз гаплар билан кимнидир улуғлаётган қизлар ёдимга келаверади? Нега Зулфия мукофоти ҳар хил номинацияларда берилса ҳам бу клише, шаблон миямга ўрнашиб қолган? Фақат менда шунақами?
Зулфиячи қизлар билан кўп суҳбат қурганман, иккитасини шахсан танийман. Иккиси ҳам юқорида тасвирлаганимдай. Улар ҳар қандай мавзуда гапира олишади, Британия парламентаризмининг тарихи ёки термодинамикада ички энергиянинг роли мавзусидами, албатта, икки соат гапира олишади... Фақат бу мавзу ҳам биринчи абзацдан кейиноқ кимгадир маддоҳлик қилишу йўқ нарсаларни мақташга ўтиш билан якун топади.
Ёки масаланинг моҳияти бошқа нарсадамикан? Ўша танловда шу шаблонга тўғри келмаган қизлар ўта олмасмикан? Унда бу иқтидорлар танлови эмас, ким кўпроқ мадҳ этиш, ким ватанни кўпроқ сева олишини ифодалаб бериш бўйича мусобақага айланиб қолмайдими?
Ўша қизларнинг минбарга чиқиб гапиришларини кўрганингизда эди... Ўзи ёшгина қизалоқ, аммо буюк демагог. Баландпарвоз гаплар даври тугади, ТВга интервью бераётганингда иллюзиядаги яратиб берилаётган шароитлардан оқилона фойдаланиш ҳақида эмас, яратилмаётган шароитлар ҳақида гапириш пайти келган бўлса-да сен нега ўзгармайсан, қизалоқ?
Оддий ҳолат: шаҳарда ишдан, ўқишдан келган ҳар қандай нормал аёл бемалол ювиниб чиқиб, сочини бемалол қуритиб дамини олаётган даврда қишлоқдаги қизлар қишда печкада сув иситиб, шам ёруғида тоғорада бошини ювишини биласанми? Фен ишлатгани свет бўлмаса сочларини печканинг олдида ёйиб қуритишини-чи? Ёш келинчаклар оддий битта чой дамлаш учун ташқарига чиқиб ўтин чопиб, ўчоқда сув қайнатишини биласанми?
Мактабларда ёш қизалоқлар синф хонасида ҳам курткада ўтиришини, шапкасини қайсидир шум болача ечиб қочса ва унинг ёғлама сочларини кўрган синфдош болалар устидан кулишганида кеча чироқ йўқлиги учун онасининг «қўй, шамоллайсан, якшанба куни ҳаммомга борамиз» деганини эслаб, «шамоллаб ўлиб кетсам ҳам сочларимни ювиб олсам бўларкан» деб ўйлашини биласанми, эй улуғ зотлар ва йўқ нарсаларнинг куйчиси? Нега шуларни шеърга солмайсан?
Илтимос, синглим, кейинги сафар 300 кишининг олдида тўлқинланиб Ватан ҳақида шеър ўқиётганингда, уни қанчалар севишинг ва сенга қандай зўр шароитлар яратилганини мадҳ қилмоқчи бўлиб турганингда ҳалиги қизчани эсингга олгин. У ҳам шу Ватаннинг фарзанди. Унинг шароитини ҳам яхшилашга қўлингдан келган ишинг билан ҳисса қўшишинг Ватанни ҳақиқий севишингни англатади. Минглаб жимжимадор сўзларни бошингни ликиллатиб, кўзларингни ярим юмиб айтиб берганинг эса ватан учун ярим чақага арзимайди.
Ҳаммага омонлик тилайман.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter