Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ бу шахс учун 10 млн доллар мукофот бериш режасидан воз кечди

АҚШ бу шахс учун 10 млн доллар мукофот бериш режасидан воз кечди

20 декабрь куни Дамашқ шаҳрида АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Барбара Лиф бошчилигидаги делегация «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи етакчиси Аҳмад ал-Шаръа билан учрашди. Бу сўнгги 10 йил ичида Вашингтон дипломатларининг Сурия пойтахтига илк ташрифидир.

«Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи 8 декабрь куни Башар Асад ҳокимияти ағдарилишида муҳим ўрин тутган эди. Шундан буён Аҳмад ал-Шаръа Суриянинг амалдаги етакчисига айланди.

BBC хабарига кўра, АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Барбара Лиф Дамашқдаги музокаралардан кейин Вашингтон эндиликда «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Аҳмад ал-Шаръани қўлга олишга доир ахборот учун 10 миллион доллар мукофот бериш режасидан воз кечганини маълум қилди.

Дамашқдаги музокарани сермаҳсул деб атаган Барбара Лиф Аҳмад ал-Шаръа унда прагматик одам деган таассурот қолдирганини билдирган.

Музокараларда Сурияда сиёсий ўтиш даври  тамойиллари ва ИШИДга қарши кураш масалалари муҳокама қилинган. Таҳлилчиларга кўра, Вашингтон «Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳидан Суриядаги барча диний-этник жамоалар манфаатлари тамсил этилган инклюзив ҳукумат тузилишини талаб қилмоқда.

Шу тариқа АҚШ дипломатлари мазкур гуруҳни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш ва Сурияга қарши жорий этилган санкцияларни юмшатиш бўйича шартларини илгари сурган.

«Ҳайъат таҳрир аш-Шом» гуруҳи АҚШ ва Европа давлатларида террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган.

Хусусан, Давлат департаменти 2013 йилда Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан танилган Аҳмад ал-Шаръани ўта хавфли террорчилар рўйхатига киритган.

2017 йилда АҚШ маъмурияти уни қўлга олишга кўмак берувчи маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилган. Айни пайтда ал-Жўлонийнинг боши учун мукофот ваъда қилинган расмий саҳифа ишламаётганини кўриш мумкин.

Аҳмад ал-Шаръа ОАВга берган интервьюларида у террор ташкилотлари билан алоқаларни аллақачон узгани ва мўътадил қарашларни қўллаб-қувватлашини айтиб келади. Сўнгги интерьвюсида ҳам у уруш туфайли ҳолдан тойган Сурия на Ғарб, на қўшни давлатларга хавф туғдириши, мамлакат тинчлик, жипслик ва фаровонлик сари интилаётганини таъкидлаган.

Сурия исёнчилари етакчиси халқаро ҳамжамиятни ўз мамлакатига қарши санкцияларни бекор қилишга чақирмоқда.

Айни пайтда Европа давлатлари ҳам Суриянинг янги маъмурияти билан алоқа ўрнатиб, музокаралар олиб бормоқда. Европа Иттифоқи Суриядаги дипломатик ваколатхонасини очиш режасини ҳам эълон қилди.

Xabar.uz аввалроқ Абу Муҳаммад ал-Жўлоний ҳақида мақола чоп этганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг