Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда Ўзбек–немис факультети очилди

Тошкентда Ўзбек–немис факультети очилди

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбек–немис факультети очилди.

Факультетнинг очилишида Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Манфред Хутерер, Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги фахрий консули Ангела Папенбург, Тошкентдаги Гёте институти вакиллари, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Германия элчихонаси хабарига кўра, биринчи Ўзбек–немис факультети 2024 йил 24 июлда Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ) ҳамда Мерзебург университети қошидаги олий ўқув юртларига тайёрловчи Ҳалле-Мерзебург коллежи (Минг Ченг институти томонидан бошқарилади) ҳамкорлигида ташкил этилган.

Янги факультет Мерзебург, Оснабрюк ва Медиа (Берлин/Франкфурт/Кёльн) университетлари билан ҳамкорлик тўғрисида аҳдлашув баённомаси имзолади.

Эътиборга молик жиҳати, янги  факультет Берлин техника университети экспертлари кўмагида Ўзбекистонда чет ва мутахассислик тили сифатида немис тилида илк бор бакалавр ва магистратура дастурларини таклиф этади. Олий таълим бўйича таклифлар информатика/иқтисодий информатика/ОАВ информатикаси йўналишларидаги дипломларни ҳам қамраб олади.

ТДПУ матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу ҳамкорлик лойиҳаси илғор Германия стандартларига мувофиқ янги ўқув дастурларини ишлаб чиқишга йўналтирилган.

Ташаббус кенг кўламли таълим дастурларини, жумладан, ўқитувчилар малакасини ошириш дастурларини қамраб олади ва Германиянинг таниқли университетлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга қаратилган.

Ўзбекистонда немис маданияти ва тилини ўрганишга катта қизиқиш мавжуд. Немис тили мамлакатимизда энг кўп тарқалган хорижий тиллар орасида иккинчи ўринни эгаллайди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Ўзбекистонда 980 та мактабда 270 мингга яқин ўқувчи немис тилини ўрганади. 3 мингдан ортиқ ўқитувчи Гёте тилидан дарс беради.

Мамлакатимизда кўплаб мактабларда немис тили чуқур ўрганилмоқда, улардан 6 таси (Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Пахтаобод) расман тан олинган диплом (Deutsches Sprachdiplom) бериш ҳуқуқига эга.

Германиянинг 30 дан ортиқ университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Мингга яқин ўзбекистонлик талаба, аспирант ва докторантлар Германиянинг университет ва тадқиқот марказларида таҳсил олмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг 2022 йил ноябрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи мобайнида немис тилини ўрганиш ва ўргатиш мавзуси ҳам кўтарилган.

Германиянинг аввалги элчиси Тило Клиннер Ўзбекистон немис тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг