Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Парламент Қуйи палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш бошланди

Парламент Қуйи палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш бошланди

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 20 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шунга кўра, бешта сиёсий партия томонидан бир мандатли сайлов округлари бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган жами 375 нафар номзод рўйхатга олинди.

Шунингдек, ягона сайлов округи бўйича Қонунчилик палатаси депутатлигига мазкур сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган жами 500 нафар партия рўйхатидаги номзодларни рўйхатга олиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Йиғилишда қайд этилишича, миллий сайлов тажрибасида илк маротаба бешта сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.

Хусусан, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига жами 24 850 нафар номзодлар, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатиш имконига эга бўлди.

Маълум қилинишича, Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг:

  • ўртача ёши 47,2 ёш. Улардан 44,2 фоизи 45 ёшгача бўлганлар, 44,3 фоизи – 45-60 ёшдагилардир. Номзодлар орасида энг ёши 25 ёш.
  •  номзодларнинг 99,3 фоизи олий маълумотли. Шундан иқтисодчилар – 20,2 фоиз, педагоглар – 27,9 фоиз, муҳандислар – 7,9 фоиз, шифокорлар – 9,1 фоиз, ҳуқуқшунослар – 16,5 фоиз, тадбиркор, фермер ва бошқа соҳа вакиллари 18,4 фоизни ташкил этади. 
  • номзодларнинг 42,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.

Бундан ташқари, мажлисда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Қарор билан Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўйича депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови сайловнинг аралаш, яъни мажоритар ва пропорционал тизими асосида ўтказилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг