Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Депутат парламент мажлисида отиб ўлдирилди

Депутат парламент мажлисида отиб ўлдирилди

Тан олинмаган Абхазия республикаси парламентида рўй берган отишма оқибатида депутат Вахтанг Голандзия ҳалок бўлди.

Фожиа 19 декабрь куни парламент қўмитасининг криптовалюталарга қарши кураш чораларига бағишланган мажлисида рўй берган.

Халқ ноиблари ўртасидаги даханаки тортишув росмана жангга айланиб кетган. Депутат Адгур Харазия тўппончадан ҳамкасби Кан Кварчияга қарата ўқ узган. Зиддиятни бартараф этишга уринган Вахтанг Голандзия ҳам оғир яралаган ва кейинроқ шифохонада вафот этган. Депутат Кан Кварчия шифохонада экани, унинг ҳаётига таҳдид йўқлиги маълум қилинган.

Абхазия ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Роберт Киут гумонланувчи Адгур Харазия ҳодиса жойидан қочиб кетгани, уни қўлга олиш чоралари кўрилаётганини билдирган. 

Хабарларга қараганда, парламент майнинг фаолиятини бутунлай тақиқлашни таклиф этган. Депутат Адгур Харазия бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган. Айни пайтда шифохонада қолаётган депутат Кан Кварчия эса бу тақиқни популизм дея танқид қилган. Пировардида тортишув инсоний фожиа билан якунланган. 

Тан олинмаган Абхазия республикаси президенти вазифасини бажарувчи Бадра Гунба фавқулодда мажлис ўтказиб, ҳуқуқ идораларини терговни якунига етказиш учун керакли чораларни кўришга чақирган. 

Россия матбуоти ёзишича, Абхазияда электр энергияси тақчиллиги сабаб майнинг фаолиятини бутунлай тақиқлаш таклиф этилган.

Абхазия давлат қўриқлаш хизмати депутатлар дахлсиз шахс сифатида парламент биносига киришда тинтув қилинмаслиги, шу важдан қонунчилик идораси биносига қурол олиб кирилгани юзасидан изоҳ бера олмаслигини билдирган.

Сўнгги вақтларда Абхазияда сиёсий инқироз кузатилмоқда. Ноябрь ойида тан олинмаган республика президенти Аслан Бжания қочиб кетди ва вице-президент Бадра Гунба давлат раҳбари вазифасини бажаришни бошлади.

Абхазия республикаси 1992 йилда Грузиядан мустақиллик эълон қилган. Бу тузилмани халқаро ҳамжамият тан олмаган, БМТ ҳужжатларида ҳам Абхазия Грузия ҳудуди деб кўрилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг