Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: «Мароқанд нефт базаси»да талон-тарожликка йўл қўйган ходимларга оид тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди

«Ўзбекнефтгаз»: «Мароқанд нефт базаси»да талон-тарожликка йўл қўйган ходимларга оид тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, коррупцияга қарши курашиш, молиявий ва комплаенс назорати йўналишидаги хато-камчиликларни аниқлаш ва уларни келгусида йўл қўйилишининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давом этмоқда.

Навбатдаги ўрганишлар «Мароқанд нефт базаси» масъулияти чекланган жамиятида ўтказилди.

Доимий тарзда олиб борилаётган ўрганишларга қарамасдан, Жамият собиқ раҳбарлари ва масъул ходимлари томонидан нефть маҳсулотларининг сақланиши, истеъмолчиларга етказиб берилиши, дебитор ва кредитор қарздорликлар билан кўплаб ноўрин харажатларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланмоқда. Хусусан, улар томонидан амалдаги қонунчиликка риоя қилмаслик натижасида 48 834,1 млн.сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги фош этилди.

«Мароқанд нефт базаси» МЧЖнинг собиқ раҳбарияти ва мутасадди ходимлари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзларига тегишли корхоналар ва фермер хўжаликларига жами 17 818,3 млн сўмлик нефть маҳсулотлари тўловсиз етказиб, ўзлаштиришган.

Нефть база ҳисобчилари томонидан жами 1 829,0 млн сўм жамият ҳисоб рақамига келиб тушмаган бўлсада, сунъий равишда истеъмолчиларнинг интерактив карталарига киритилиб, нефть маҳсулотлари ўзлаштирилган.

Иш хақи ва унга тенглаштирилган тўловлар билан боғлиқ жами 1 066,8 млн сўмлик ортиқча тўловлар ва молиявий хато-камчиликлар аниқланган.

Жамиятнинг марказий нефть маҳсулотлари омбори ва тасарруфидаги ФЁТШларда жами 564,5 млн сўмлик нефть маҳсулотлари ва 89,0 млн сўмлик асосий воситалар ва инвентарлар камомадлари аниқланди.

Жамиятнинг марказий нефть маҳсулотлари омборида ва “Зиёвуддин” филиалида сақланиб келинаётган 6 365,6 тонна нефть маҳсулотлари “ГОСТ” стандарт талабларига мос келмаслиги, яни сифатсизлиги маълум бўлди.

Жамиятга тегишли темир йўл цехи, қозонхона ва автохўжаликлари томонидан 520,0 млн сўмлик нефть маҳсулотлари асоссиз ҳисобдан чиқарилган.

Жамиятнинг 2022 йил 1 декабрь ҳолатига муддати ўтган дебитор қарздорлиги 50 555,1 млн сўмни ташкил қилган. Ушбу қарздорлик бўйича мажбурий ундирув чоралари кўрилмаганли оқибатида 14 173,0 млн сўми умидсиз қарзга айланган.

Жамият собиқ бош ҳисобчиси ўз вазифасига совуққонлик билан қараганлиги натижасида 10 405,7 млн сўмлик қўшилган қиймат солиғи ортиқча тўланган.

Жамият тасарруфидаги АЁҚШда 29,0 млн сўм чакана савдо пул тушумлари ўз вақтида Жамиятнинг тегишли ҳисоб рақамларига кирим қилинмаган.

Шартномаларнинг харид қонунчилигига тўғри келиши танлов асосида ўрганилганда қиймати 268,7 млн сўмлик шартномалар давлат ҳаридлари қонунчилигига зид равишда тўғридан-тўғри тузилганлиги аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, ўрганиш жараёнида жами 4 522,9 млн сўмлик пул маблағлари Жамият ҳисоб рақамига ундирилиши таъминланди.

Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан коррупцияни олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга ва бошқа хато-камчиликларга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва ходимларни ушбу йўналишда ҳуқуқий онгини ошириш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг