Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитой компанияси Бухородаги нефт заводини модернизация қилади: мақсад АИ-80 ишлаб чиқаришни тўхтатиш

Хитой компанияси Бухородаги нефт заводини модернизация қилади: мақсад АИ-80 ишлаб чиқаришни тўхтатиш

Ўзбекистонда АИ-80 бензинидан бутунлай воз кечиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, бу мақсадда 3-4та компания билан музокара ва изланишлар ўтказилмоқда.

Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси ўринбосари Одил Темиров маълум қилди.

Жумладан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80 маркали бензин ишлаб чиқаришни тўхтатиш учун уни қисман модернизация қилиш керак бўлади.

«Бухоро НҚИЗда қайси қурилмаларни модернизация қилиш кераклиги ҳақида аниқ биламиз. Бу одатда 2−2,5 йилни талаб этади. Президент буни узил-кесил 2025 йилда амалга ошириш топшириғини қўйди», – дейди Одил Темиров.

Унинг қайд этишича, бу масала бўйича давлат раҳбарининг Хитойга ташрифи доирасида «Ўзбекнефтгаз» Хитой миллий нефт корпорацияси билан келишувга эришган.

«Ҳозирги кунда биз Хитойнинг «China National Petroleum Corporation» компанияси билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш ишларини олиб боряпмиз. Ҳозирда АИ-80 бензинимиз «Евро-2» талабларига жавоб беради. АИ-80 бензини 2000-йилларда ишлаб чиқилган стандартларга мос келади. Лекин ҳозирги кунда бу бензиндан атроф-муҳитга кўпроқ зарарли газлар ташланади.

Шунинг учун бугунги кунда «Евро-5» ҳамда «Евро-6» талаблари бўйича бутун дунёда экологик талаб юқори бўлгани учун 92 ва ундан юқори сифатли бензинга ўтилган», – дейди Темиров. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 январ куни ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан АИ-80 маркали бензинидан фойдаланишни бутунлай тўхтатиш бўйича топшириқ берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг