Бухорода ўзига хон, кўланкаси майдон ака-укаларга суд ҳукми ўқилди

Бухорода тез тиббий ёрдам ходимлари ҳамда ички ишлар органлари ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, уларни уриб-тепиб, ҳақоратлаган ака-укаларга суд ҳуқми ўқилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди судьяси Дилшод Қуллиев маълум қилди.
«Давлениянг нормални экан, нима учун дўхтирни чақирдинг, қучоғига кириш учун чақирдингми?!»
Бемор хотин юзига келиб тушган зарбли тарсакидан тўшакка ўтирган жойидан юз тубан учиб тушди. Ҳали оғиз жуфтламай туриб, унинг қон босимини ўлчаётган шифокор эркак баданининг ҳам турли қисмларига мушт ва тепкилар келиб туша бошлади...
Қоракўл туманидаги Маллаишайх маҳалласида яшовчи бемор фуқаро М.Ж. чақирувига кўра, унинг хонадонига Республика тез-тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиалига қарашли «Дамас» русумли «Тез ёрдам» автотранспорт воситаси етиб келган. «Қон босимингиз хавотирли эмас. Аммо, ётиб даволанишингиз керак!»-дея бемор М.Ж.да тиббий кўрик ўтказаётган «Тез ёрдам» шифокори Ҳ.М. унинг турмуш ўртоғи – фуқаро Б.Ш.нинг фаол қаршилигига учраган. Ҳали ўзини ўнглаб улгурмаган шифокор эркак ўзига ёрдамчи бўлган ҳамшира аёл И.Т.нинг ҳам Б.Ш. томонидан калтакланаётганига гувоҳ бўлган.
«Оғзидан спиртли ичимлик ҳиди анқиб турар, у дам ўз хотинига, дам менга ва дам ҳамширага ташланиб, қутирарди. Ўринсиз рашк туфайли уриб, тепкилашдан ташқари, ножўя сўзлар билан ҳақоратлашдан ҳам тўхтамасди. Шундай вазиятдаям аҳволи ёмонлашаётган бемор аёлни ва ҳамширани ҳимоялашга ҳаракат қилдим. Аммо, вазият баттарлашгач, биз унинг хонадонидан қутилиб чиқишга улгурдик»,-дейди «Тез ёрдам» шифокори Ҳ.М.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди иш ҳужжатларига кўра, шифокор Ҳ.М. фуқаронинг хонадондан отилиб чиққан. Шошилинчда «Тез ёрдам» машинаси салонига кираётганида Б.Ш. узунлиги 2 метр бўлган тахта билан унинг ортидан қувиб чиққан. Ортдан югуриб келаётган жароҳатланган ҳамшира ҳам бир аҳволда бўлишига қарамай, ичкилик таъсирида қутираётган фуқаро Б.Ш.нинг орқасидан бошқа бир тахта билан урган. Шунда Б.Ш.нинг қўлидаги тахта «Тез ёрдам» машинасига жиддий шикаст етказган. У қасддан машина ойналарини синдириб, эшик ва ташқи томонларига шикаст етказган. Ҳайдовчига ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, йўлини тўсган. Кучли стрессда ҳам чарчоқ, ҳам ҳансирашда қолган Б.Ш. шундоқ «Тез ёрдам» машинаси ёнидаги сувли ариққа депсиниб йиқилган. Ҳайдовчи вақтдан фойдаланиб, машинага ўт бериб, шифокор ва ҳамширани катта йўлгача олиб чиққан. Бироқ, қўрқув ва ҳаяжон туфайли ҳайдовчи бир муддат рулни бошқаролмай қолган.
Бу орада қўни-қўшнилар ҳолат юзасидан ички ишлар органларига хабар беришган бўлган. «Тез ёрдам» тиббий ходимлари машинани қолдириб, Республика тез-тиббий ёрдам маркази Бухоро вилояти филиалига чақирув беришаётганда, Б.Ш. ошхона пичоғини олиб, улар ортидан қувиб кела бошлаган. Одамлар тиббиёт ходимларига тезроқ бу ердан қочиб кетишлари кераклигини бақириб айтишган. Бу пайтда тиббий ходимлар йўлда учраган автотранспорт воситаларидан бирини тўхтатиб, воқеа жойидан қочишга улгуришган.
Қўлида пичоқ билан бақир-чақир қилиб югуриб бораётган фуқаро воқеа жойига етиб келган профилактика инспекторлари томонидан ушланган. Кутилмаганда воқеа жойига пайдо бўлган Ш.Б.нинг акаси Б.Б. ҳам укасига қўшилиб, уларни ҳақоратлаб кетган. Профилактика инспекторларининг уларга нисбатан қонун талабларига бўйсинишларини билдиришига қарамай, ака-укалар уларни қўл ва оёқлари билан уриб, тепиб, тан жароҳатларии етказишган. Ички ишлар органлари ходимлари А.Н., А.Ю., Т.Ю. ва Р.Ч.ларнинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик қилишган. Ходимлар аҳолини ҳамда ўз оила аъзоларини ваҳимага солувчи хатти-ҳаракатлардан чекланмаган ва спиртли ичимлик таъсирида бўлган ўзига хон, кўланкаси майдон ака-ука Б.Ш. ҳамда Б.Б.ларнинг қўлларига кишан солишга мажбур бўлишган.
Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, 3 нафар тиббий ва 4 нафар ички ишлар органлари ходимларига турли даражадаги ўрта ва оғир тан жароҳатлари етказиб, ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган ва ошхона пичоғида уларни ўлдириш билан қўрқитган ака-укаларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди ҳукмига кўра, Б.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига кўра, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, акаси Б.Б.га 3 йил 3 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter