АҚШ вице-президентининг нутқи Европада ваҳима уйғотди

Хавфсизлик бўйича Мюнхен анжумани Ғарбда парокандалик бошланганини кўрсатди. Бу ҳақда британиялик тарихчи, Лондон Университет коллежи фахрий профессори Марк Галеотти DWга берган интервюсида гапирди.
Эксперт, хусусан, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Мюнхен анжуманидаги нутқи Европа сиёсий етакчиларида ваҳима уйғотганини таъкидлади.
«Гап Вэнс демократияга европача ёндашувларни қўллаб-қувватламаслигида эмас. Гап шундаки, у Украинани эсга олмаган ҳолда, тарифлар, савдо битимлари ва бошқа масалаларда Европани сўкишга тушиб кетди. Трампнинг аввалги баёнотлари ҳамда Америка мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг изоҳларини қўшганда Европа шокка тушиб қолди дейиш мумкин», — деди Галеотти.
Яна бошқа таҳлилчилар президент Трампнинг муовини Европа етакчиларига ёш боладек дарс ўтишга урингани уларни дарғазаб қилганини айтмоқда.
Маълумот ўрнида, 14 феврал куни хавфсизлик бўйича Мюнхен анжуманида нутқ сўзлаган АҚШ вице-президенти Европа давлатларининг миграция, сўз эркинлиги ва хавфсизлик бўйича сиёсатини танқид қилди.
«Европага нисбатан таҳдид борасида Россия, Хитой ёки бошқа ташқи кучлардан хавотирим йўқ. Мени хавотирга солаётган жиҳат, ички таҳдидлар — Европанинг АҚШ билан уни муштарак этган айрим муҳим қадриятлардан чекинишидир», — деди АҚШ сиёсатчиси.
У миграция сиёсатини қаттиқлаштириш лозимлигини уқтирган.
Жей Ди Вэнс ўз чиқишида келажакдан қўрқмаслик ва Германиядаги «Германия учун муқобил» партияси фаолиятига тўсқинлик қилмасликка ҳам ишора қилган.
Ўта ўнг қанотга мансуб «Германия учун муқобил» партияси миграцияга қарши кескин позицияси билан ажралиб туради. Хатарли жиҳати, ушбу сиёсий ҳаракат миллатчилик руҳидаги қарашларни ҳам дастаклайди. Шунга кўра Германиядаги бошқа сиёсий партиялар «Германия учун муқобил» партиясини ҳукумат коалициясига яқинлаштирмасликка уриниб келмоқда. АҚШ вице-президенти эса ушбу партиянинг ҳукумат ишида қатнашишига тўсқинлик қилмаслик лозимлигига шама қилган. Боз устига, Жей Ди Вэнс Мюнхен анжумани доирасида «Германия учун муқобил» партияси етакчиларидан бири Алиса Вайдел билан ҳам учрашган.
23 феврал куни Германияда парламент сайлови бўлиб ўтади. Сайлов арафасида АҚШ вице-президентининг баҳсли партияни дастаклаши расмий Берлин томонидан мамлакат ички ишларига аралашув деб танқид қилинмоқда. Хусусан, канцлер Олаф Шолц АҚШ вице-президентидан Германиядаги сайлов кампаниясига аралашмасликни талаб қилар экан, дўстлар ва иттифоқчилар бундай йўл тутмаслигини эслатган.
«Германия — жуда кучли демократия қарор топган мамлакат. Кучли демократия эгаси сифатида биз ўта ўнглар сиёсий назорат ричагларидан ва сиёсий қарор қабул қилиш жараёнидан четда бўлиши лозимлиги, улар билан ҳамкорлик қилиш мумкин эмаслигини яхши англаймиз», — деди Шолц.
Трамп маъмурияти ҳокимиятга келгач, Вашингтоннинг Европа давлатлари билан Украина борасида ҳам якдиллиги йўқолмоқда. Сўнгги ҳодисалар Россия билан музокараларга зўр бераётган Оқ уй бу жараёнга Европа Иттифоқини қўшишни истамаётганини кўрсатмоқда.
Аввалроқ Bloomberg нашри президент Доналд Трампнинг россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашгани европалик етакчилар учун кутилмаган ҳодиса бўлгани ҳақида ёзганди. «Кўҳна қитъа»даги айрим сиёсатчилар Вашингтон Украина масаласида Москвага ён беришга уринаётганини хиёнат деб баҳолаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter