Хонадонида шер боласини ноқонуний сақлаб келган шахс аниқланди
![Хонадонида шер боласини ноқонуний сақлаб келган шахс аниқланди](https://static.xabaruz.com/crop/1/9/920__95_1947643940.jpg)
Танишининг хонадонида парваришланаётган шер боласи билан видео олиб, уни ижтимоий тармоққа жойлаган блогер ўзи билмаган ҳолда ноқонуний ҳолатни очишда кўмаклашди.
Ижтимой тармоқда кўпларнинг қизиқишига сабаб бўлган бу видеолавҳа кўпчиликнинг эътиборини тортган. Мазкур ҳолат Миллий гвардия, Экология бошқармаси ҳамда туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўрганилган. Ромитан туманининг Қоқиштувон маҳалласида яшовчи фуқаро ўз хонадонида ёввойи шер боласини ноқонуний равишда сақлаб келаётгани аниқланган. Текширув натижасида фуқарога тегишли рухсатнома йўқлиги тасдиқланган.
«Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 92-прим 1-моддаси 1-қисми асосида ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилди. Шер боласи эса вақтинчалик ҳайвонот боғига жойлаштирилди. Суд қарори эълон қилинганидан сўнг қўшимча маълумот тақдим этилади», — деди «Xabar.uz»га Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Қиличев.
Фарруҳ Қиличевнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги 736-сонли қарорига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний шахсларга айрим ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш таъқиқланади. Шунингдек, ушбу ҳайвонлардан давлат ва кўчма циркларда (чодирларда) томошалар учун фойдаланиш ҳам манъ этилади.
«Қарорга биноан, таъқиқланган ҳайвонлар фақатгина Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг тегишли рухсатномасига эга юридик шахслар томонидан ҳайвонот боғлари, питомниклар (террариум, океанариум ва бошқалар)да сақланиши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ёввойи ва заҳарли ҳайвонлар махсус питомникларда боқилиши лозим», — деди Фарруҳ Қиличев.
Ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси асосида ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш суд органларига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter