АҚШдан девор эмас, кўприк қуриш сўралди
Мексика ва АҚШ муштарак муаммолар, жумладан, миграция муаммосини ҳал этишда ўзаро англашувга эришиши лозим, Мексика президенти Клаудиа Шейнбаум Миллий саройда ўтказилган матбуот анжуманида шундай баёнот берди.
«Биз ишлаяпмиз, президент Трамп билан ўзаро англашувга эришамиз деб ўйлайман. Қаранг, мувофиқлаштириш бўлмаса нималарга олиб келади, Синалоа бунга мисол», — деди Шейнбаум АҚШ чегарада девор қураётганига Мексиканинг муносабати ҳақида берилган саволга.
Миграция муаммосини ҳал этишда унинг сабабларини бартараф этиш ва одамлар тарк этаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш муҳим. Девор қуриш ўрнига кўприклар ўрнатиш керак, деди Мексика раҳбари.
«Биз эътиборни доим сабабларга қаратамиз, суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва миграция бўйича ҳамкорликка доим очиқмиз. Истагимиз — энг юқори даражада мулоқотга эришиш. Қандайдир тарифлар, божлар жорий этиш шарт эмас. Аксинча, АҚШ, Канада ва Мексикага наф келтираётган шартномаларни қўллаб-қувватлаш ва янада мустаҳкамлаш лозим», — дея таъкидлади Шейнбаум.
Мексика президенти бунинг учун Доналд Трамп ва унинг жамоаси билан диалогни давом эттиришга тайёрлигини айтди. Трампнинг 20 январдаги инаугурациясига таклифнома олдингизми деган саволга у ҳозирча йўқ, деб жавоб берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter