ТВ операторига «электрошокер» қўллангани айтилди. Нега бунча зўравонлик?
Сўнгги пайтларда ички ишлар органларининг айрим ходимлари хатти-ҳаракатлари ҳақида салбий хабарлар урчиб кетди. Уларнинг аксарияти аслида халқ суяниши керак бўлган ИИВ вакилларининг зўравонлиги ҳақида кетмоқда.
Тўғри, ҳозирча исбот ва далиллар тўлиқ ошкор қилингани йўқ. Масалан, Оҳангарондаги ҳолатда айб кимдалигини билиш қийин. Прокуратура бодикамерани кўрамиз, деган, кутяпмиз. Чунки кўп эҳтимол билан марҳум ҳайдовчи ҳам видеога олгану кейинчалик қурилма ЙПХ ходимлари томонидан «тозаланган» бўлиши ҳам мумкин. Ёки «Пахтакор» стадионидаги жанжални олайлик. Журналистлар бир неча ИИБ вакиллари томонидан калтакланганини, операторга электрошокер қўлланилганини айтган, ИИВ эса буни рад этган. Лекин мухбир ва операторнинг камералари ва телефонлари тортиб олинганини ҳисобга олсак, улар яна катта эҳтимол билан «тозаланган». Чунки журналистлар бекорга бундай жиддий айб қўйиб ёзиб чиқмаса керак (zamon.uz сайтида берилган мақола кўп ўтмай ўчирилган).
Нега видеолар «тозалангани»га урғу беряпман, чунки айнан шу ишни қилишга улгурмагани учун Самарқанддаги туристларга нисбатан қилинган зўравонлик бутун дунёга ёйилиб кетди. Шаҳар айланишга борган қозоқ дўстларимизнинг телефонларига қандайдир йўл билан етиб боришолмаган чоғи ИИБ ходимлари.
Бугун эса Андижон ИИБ ходими томонидан шакар савдосини суратга олаётган Human.uz ходимининг (штатда ишлайди) хизмат телефони «видеога олиш қонунга зид» деган иддао билан куч ишлатиш йўли билан тортиб олингани ҳақида хабар тарқалди. ИИВ буни ҳам рад этди.
Эътиборлиси, «Sevimli» телеканали мухбири ва тасвирчиси ҳолати бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнот бериб, хизмат текшируви натижаларини синчковлик билан кузатиб бораётганини билдиради. Аммо ИИВ матуот котибининг расмий муносабатида «ходимларга хизмат текшируви тайинлангани» ҳақида лом-мим дейилмаган. АОКА расмий идораларнинг расмий муносабатлари охирги вақтларда фақат бир томонлама берилаётганига ҳам эътибор қилса, яхши бўларди.
Ушбу ҳолатларга депутат Расул Кушербаев муносабат билдириб, журналистга нисбатан таҳдид ва куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учраб турганини қайд этади.
«Қонунда журналистларга нисбатан босим ва таҳдид таъқиқланган бўлса-да, бироқ бунинг учун алоҳида жавобгарлик шу кунга қадар белгиланмаган», дейди у.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги вакилининг ИИБ ходимларининг журналистдан мажбуран тасвирга олиш ускунасини тортиб олган ҳолатини хаспўшлашини абсурд ва мантиқсиз, деб атади.
Президентимиз деярли ҳар сафар гапиради: журналистлар менинг ҳимоямда, деб. Давлат раҳбарининг гапига нисбатан шунчалик бепарволик, лоқайдлик ёки менсимаслик бўлиши мумкинми? Хулоса ўзингиздан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter