Ички ишлар вазирига очиқ хат!
Ҳурматли Пўлат Раззоқович!
Ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, деб бошлагим келмади гапимни, рости. Кўнглингизга олмайсиз, деган умиддаман.
Чунки тизимда «изчил» ислоҳотлар олиб борилаётганини яққол ҳис эта олмаяпмиз. Балки бу ёзганим сизгача етиб бормас, эҳтимол сизга кунлик ҳисобот топширадиганлар ушбу очиқ хатни «унутиб» қўйишар. Лекин барибир ёзмасам бўлмайди. Ҳар ҳолда президентимиз ҳар бир хабару мақолани, ижтимоий тармоқлардаги муносабатларни билиб туради-ку.
Шунинг учун вазирлар интернетдаги ҳар қандай материалга «ишим кўп, вақтим йўқ» деб баҳона қилмасдан, муносабат билдириши, менимча, энг тўғри йўл. Ҳеч нима демадими, демак, бош вазиримиз айтганидек, «ҳаммаси рост экан-да», деб қўяверамиз.
Хуллас, сизга бир неча муаммолар ҳақида ёзмоқчиман. Мазкур масалалар бевосита ички ишлар тизимига бориб тақалади. Бу хатим сизга етиб борадими-йўқми, ҳеч бўлмаса, эл билсин.
Биринчи масала. Оғриқли нуқталарингиздан бири деса ҳам бўлади: матбуот хизматининг ёпиқлиги. Энг керакли пайтда ОАВ ходимлари уларни топа олишмайди ёки улар усталик билан «яширинишади». Бошқа вазирликларда ахборот хизматлари очиқ ишлайди, ОАВга лаббай деб жавоб беради. Масалан, Адлия, Халқ таълими, Олий таълим, Мудофаа вазирларининг ОАВ бўйича маслаҳатчилари (ҳозир уларнинг мақоми шундай бўлган)га боғланиш ва маълумот олиш қийинчилик туғдирмайди. Бу таърифни Бош прокуратура матбуот хизматига нисбатан ҳам қўллашимиз мумкин.
Бу масала илк бор кўтарилаётгани йўқ. Халқаро пресс-клубда, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги матбуот анжуманларида журналистлар матбуот хизматининг ёпиқлигини очиқ айтишган. Жавоб битта бўлган: «Биз ҳаракат қиляпмиз». Биз эса ҳалиям кутяпмиз.
Иккинчи масала. «Тонировка» деб ҳаводан пул ишлаш «йўлга қўйилди», майли. Нега энди орқа эшикка парда ўрнатиш тақиқланмаганини тан олмайсиз?! Суд тизими буни бир неча марта исботлаб бердику, бу камми?
Йўқ, аксинча, муаммодан кўзлар баттар юмилмоқда. Энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасидан айнан ўша «лазейка» жойини — «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатиш» деган жумлани «теварак атрофни кўришни чеклайдиган» деб, яъни «ҳайдовчи ўрнидан» деган сўзни чиқариб ташламоқчисиз (айнан шу нуқта судлардаги мағлубиятга сабаб бўлаётган эди).
Бундан хабарим йўқ, десангиз, иккита хулоса қиламан: биринчидан, агар ростан билмасангиз, жамоатчилик ва ОАВ билан ишлашни тўғри йўлга қўймагансиз. Агар билиб туриб шундай қилаётган бўлсангиз, унда ортиқча гап ва изоҳга ҳожат йўқ.
Суд айбсиз деб топган фуқаро эътирозини, тағин бир неча бор, ИИВ ҳар хил бўлмағур изоҳлар ва баҳоналар билан рад этмоқда. Шу ҳолатда вазирликни, жумладан, сизни-да шарманда қилмоқда. Ушбу очиқ хатга ҳам «жуда ажойиб» жавоб тайёрлашса ва мени туҳматчи, ёлғончи, иғвогар деб атаб чиқишса, ҳеч ажабланмайман.
Учинчи масала. Вазир жаноблари, бу энг оғриқли нуқтамиз: прописка! СССРдан қолган бу «мерос»дан воз кечиш вақти келди аллақачон. Бу ҳақда ҳамма ёзди, ҳатто бозордаги аравакашлар ҳам. Лекин ИИВ номидан бирор киши расман муносабат билдирмади, изоҳ бермади, тасдиқламади ёки инкор этмади. Фақат «лазейка» деб яна шарманда қилишди, тизимни ҳам, Ўзбекистонни ҳам.
Деярли ҳар ойда қайсидир ташкилот ёки идора ходимлари учун прописка очилгани ҳақида қарорлар чиқади. Вақтинчалик прописка деган нарса 1 йилгача узайтирилди. Уй сотиб олганлар учун прописка муаммосиз бўлиб қолди, яъни пулга сотилмоқда. Лекин, бир депутатимиз айтганидек, Тошкентни жиноятчилар босиб кетмадику.
Ички ишлар вазири қандай қилиб кўзга кўринади? Қилаётган иши халққа наф бераётгани қаердан билинади? Олти ойлик, йиллик ҳисоботларданми? Фақат сайёр қабулларданми? Ёки «қовун тушираётган» матбуот хизмати орқалими?
Тўғри, жиноятчиликка қарши аёвсиз курашяпсизлар, ҳар ҳолда бу борада очиқлик бор, иш кетяпти. Аммо, ҳурматли вазир, яна бир жасорат кўрсата оласизми? Ўзбекистонда прописка тизими бекор қилинади, деб баёнот бера оласизми? Ушбу лойиҳани оммага тақдим қила оласизми?
Менимча, буни фуқаролар фақат олқиш билан кутиб олишади. Депутатларимиз таклифни бажонидил қабул қилишади (жиноятчилар кўпаяди деган битта депутатга шубҳа бор холос). Кейин нима бўлади, биласизми? Сиз тарихда қоласиз! Мана бу ҳақиқий жасорат бўлади!
Ҳозирча шулар. Умид қиламанки, менга ҳеч қандай босимлар бўлмайди. Сизнинг ва бизнинг умумий, муштарак бир мақсадимиз бор: халққа хизмат қилиш, уларга енгиллик бериш ва рози этиш.
Сизга соғлик ва омонлик тилайман!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter