Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Ички йўллар таъмирталаб, қалбларимиз-чи?

Ички йўллар таъмирталаб, қалбларимиз-чи?

Фото: «Новости Узбекистана»

Ўзбекистонда ички йўлларни таъмирлаш долзарб масалага айланди. Ҳозирги кунда асосий йўлларни эпақага келтиришнинг ўзи анча мураккаб жараён бўлиб қолди. Ҳали у ёғини тузатса, кейин нариёғи пайдо бўлади ёки ямаган жойлари яна кўчиб кетади.

Лекин, шукур қилишимиз керак, йўлларнинг текисланаётгани ҳайдовчиларга анча қулайлик туғдираяпти. Катта йўллар-ку ўз йўлига, лекин кичкина, маҳаллалардаги ички йўллар ҳақида ким қайғуради? Қайғуради, қайғуришаяпти ҳам. Лекин биз кўтармоқчи бўлган муаммо бошқа...

Қишлоқларда унчалик сезилмаслиги мумкин, лекин шаҳарда ушбу муаммо тез илғанади. Бу айниқса одамларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ. Дейлик, кўп қаватли уйда яшайсиз. Уй йўлнинг юзида, машиналар серқатнов. Бироқ уйингиз олдидаги йўлнинг аҳволи жуда ёмонлиги боис автоуловлар тезлигини пасайтириб, чуқурлардан эҳтиёт бўлиб ўтади. Машинасини аяйди.

Ана энди анча саъй-ҳаракатлар билан ўша кўча таъмирланди, асфальт ётқизилди. Текис йўлга айланди. Ҳамма рози, барча хурсанд. Ҳайдовчиларнинг қувончи чексиз. Аммо одамлар, айниқса, болалар-чи? Подъезд эшигидан отилиб чиққан фарзандингиз текис йўлда учиб келаётган машина остига кириб кетиши мумкинми? Даҳшатлими?

Муаммо мана шунда. Одамзот нотекис йўлдан нолийди, лекин мажбуран секин юриб ўтиб кетади. Ўша йўл таъмирланса, тезлигини оширади. Ахир аҳоли гавжум жойда тезлик чекланган, бу қоидага амал қилинмаса жазо ҳам бор. Хўш, қаерда ўша жазо? Қоғозда!

Маҳалланинг кўчаларида бирорта радар борми? Тезликни чекловчи йўл белгилари у ер-бу ерда учрамаса, бошқалари ё дарахт шохлари орасида қолиб кетган, ёки қўпориб ташланган, ёхуд ўша борини ҳам ҳайдовчилар назар-писанд қилмайди. Чунки назорат йўқ. Шунинг учун одамлар уйларнинг олдига турли тўсиқчалар ёки тезликни камайтиришга ёрдамлашадиган бетон тўсиқлар қилиб олишган. Уларга ҳам ўзининг, оиласининг хавфсизлиги муҳим.

Ҳозир марказий кўчаларга кузатув камералари қўйиб ташланди. Нима, шунақа нарсани ички кўчаларга ўрнатишнинг иложи йўқми? Имкони бор, балки режада ҳам бордир. Аммо қачонгача кутиш керак? Мана энди машиналар пиёдалар йўлакчасидан юриб, одамларни уриб кетишаяпти ҳатто.

Яна бир гап. Бу ерда энг аввало ҳайдовчининг маданиятига ҳам боғлиқ. Биринчидан, ҳайдовчилик гувоҳномасини ҳалоллаб олсин. Иккинчидан, оилада тўғри тарбия кўрсин. Юқоридаги ташкилий жараёнлар эса кейинги даражадаги ишлардир.

Демак, шундай хулоса келиб чиқадики, ички йўлларга ҳам радарлар ўрнатиш ва жарима миқдорларини ошириш керакдир. Шунда қоидага амал қилишади. Ахир инсон азиз. Ҳамма вақт, ҳамма жойда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг