Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

Беҳаё фильмлар намойиши: айбсиз айбдорнинг жазоланиши

Беҳаё фильмлар намойиши: айбсиз айбдорнинг жазоланиши

Cкрин: «Youtube»

2018 йил 15 июль куни «Sevimli» телеканалининг кечки эфирларида «Ҳурлиқо» фильми эфирга узатилгани, ундаги эпизодларнинг бирида миллий менталитетимизга мос бўлмаган кадрлар акс этгани кўплаб томошабинларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Кимдир телеканал ходимларини ёқлаб чиқса, бошқаси уларнинг ишини маъқулламади. Бунақа киноларни намойиш этаётган телеканал фақат «Sevimli» эмас, деганлар ҳам топилди. Айримлар «Sevimli» учун яхшигина пи-ар бўлганини таъкидлади.

Телеканал эса томошабинлардан узр сўраб, «иш бор жойда камчилик ҳам бўлади деганларидек, эфирга узатилган фильмда техник хато туфайли миллий ахлоқимизга зид қисқа эпизод ўтиб кетгани» учун «ўз ишига масъулиятсизлик қилган барча ходимлар ишдан бўшатилди», деб баёнот берди.

У бечора техник ходимда нима айб? У ҳам одам, хаёлидан кўтарилгандир ёки бутун дунё эътибори қаратилган жаҳон чемпионати финалига чалғигандир, финал ва кино деярли бир вақтда бўлиб ўтган. Телеканал қаёқдаги саҳифасида узр сўраган бўлиб, айбини ювгандек кўринди ва «иш бор жойда камчилик кузатилади» дея хаспўшлади. Бўшатилган ходимлар ҳам узр сўраши мумкинмиди?

Албатта, мумкин эди. Нима учун айнан улар жазоланди? Ахир улар техник бўлса, фильмнинг қаерини «кесиб» ташлашни тахминан билиши мумкин холос: ўпишган, қучоқлашган, ётоқда ётган саҳналар. Телеканал раҳбарияти айнан нималар «қирқилиши» ҳақида аниқ жадвал ёки бирор буйруқ чиқаргани ҳақида чурқ этмаган.

Хўш, унда ким жазоланиши керак?

Шошманг, нега энди кимдир жазоланиши керак, деб ўйлаяпсиз? Чунки экранда кетган беҳаё кадрлар учун телеканал ўзича чора кўрганини ҳаммага билдириб қўйиши лозим эди. Шундай бўлди ҳам. Аслида техник ходим эмас, ўша бемаъни кинони таржима ва дубляж қилганлар, уни эфир учун танлаганлар жазоланиши лозим. Ана шулар ҳақиқий айбдор бўлиши мумкин.

Лекин ҳеч кимни жазоламаслик ҳам мумкин эди. Узр сўраб, интизомий огоҳлантириш билан ҳам кифояланиш мумкин эди. Яъни биров (фильмни эфирга танлаганлар) еган сомсага бошқа биров (беҳаё кадрларни «қирқмаган»лар) пул тўламаслиги керак эди!

Ишдан бўшатилганлардан узр сўраб, уларни ўз ишига қайтариш учун ҳали ҳам кеч эмас. Яхшиси, эфирга кетгунча ўйлаб иш қилган маъқул.

Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг