Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Эътирозларга эътироз: «Лукойл»дан 600 миллион қарз, пулли йўллар ва бошқа мулоҳазалар...

Эътирозларга эътироз: «Лукойл»дан 600 миллион қарз, пулли йўллар ва бошқа мулоҳазалар...

Фото:«India Education»

Бу мақолам учун «ўша эътирозчи»лардан «ўша эътироз»лар ёғилса ажабланмайман. Сабаби юзаки қараш, боқимандалик, ҳар бир нарсада «халқ» деган сарҳадсиз тушунчани қўллаб, ўзидан ташқари ҳаммани айблаш, имкон қадар текин олишга интилиш ҳисси шу қадар қон-қонимизга сингиб кетганки, ҳеч бир ҳолатни объектив таҳлил қила олмаймиз.

1. Ўзбекистон «Лукойл»дан газ учун 600 млн. доллар қарз бўлиб қолибди...

Эътирозлар дарёси: «Бу бечора халқ ҳеч бир ёруғлик кўрмади... Ўзимизнинг газ учун ўзимиз қарзмиз... «Лукойл»га ўхшаганлар қонимизни сўриб ётибди... 600 млн. доллар халқнинг пули кетди...

Эътирозларга жавоб: Тасаввур қилинг, ўзингиз фойдаланишни эпламаган катта ер майдонингиз бор. Бекор ётибди, бирор даромад олишга билимингиз ҳам, кучингиз ҳам етмайди. Кимдир олиб ишлатса, сизга ҳам, унга ҳам фойдалигини биласиз. Шунда бир одам (бу ўринда инвестор) келдида «ака, мен шу ерингизда деҳқончилик қиламан. Сувингизга, йўлингизга пул тўлайман. Ернинг ижара ҳақини ҳам бераман. Истасангиз ҳосилнинг бир қисмини бозордан арзон нархда биринчи навбатда сизга сотаман» деса ва шунга келишсангиз. Сув учун, йўл учун пул ундирдингиз. Ижара ҳақини ҳам қуртдай санаб олдингиз.

Ҳосил пишганда бир-икки арава олиб кетсангиз у индамаса, ташийверганингиздан кейин «ҳой ака, ҳеч бўлмаса келишганимиздай имтиёзли нархда пулини беринг» деганида – «қанақа ноинсофсан, ўз еримдаги ҳосил учун пул сўрайсанми? Қани оқибат, э одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши!» деб маломат қилсангиз, ўзингизни ҳақ деб ҳисоблайсизми?

2. Тест синовлари пулли бўлармиш... Бу ғирт камбағални талашку! Қандай қилиб келажак авлоддан пул олиш мумкин?!

Эътирозларга жавоб: IELTS, TOEFL деган тизимларда тест топшириш учун навбатда туриб миллиондан ортиқ пулларни тўлаган «халқ», боласи контрактга илинса, хурсандчилигидан ичига сиғмай кетиб, 10-12 миллионларни жарақлатиб санаб берадиган «халқ», энг алам қиларлиси – имтиҳондан ўтишнинг қинғир йўли топилса, 15-20 минг «кўки»ни аямайдиган «халқ» давлатга ҳаққоний йўл билан 200 минглик тушумни, у ҳам шу тизим тараққиёти учун ишлатиладиган маблағни маломат қилса қизиқ туйиларкан...

Янаям қизиғи, имтиҳондан бепул ўтиш имконияти бор - эпла, ўт, пул тўлама!

Йўқ! Ўн йилдан ортиқ тест топширган абитуриентга (чиндан шундай абитуриент бор) давлат яна теп-текин шароит қилиб бериши шарт!

3. Пулли йўллар қурилармиш. Халқни шилишнинг шу йўлини ҳам топишибдида...

Эътирозларга жавоб: Шилинма, «халқ»им! Текин йўллар ҳам сақланиб қолади. Фақат қулайлик истасанг пул тўлайсан холос. Чунки у йўлни қайсидир инвестор умид билан, даромад илинжида қуради ва унда фақат истаганлар (!) юради. Хориж йўлларига ҳавас қиламиз, аммо ўша хорижда энг сифатли йўллар айнан пулли йўллар эканлигини тан олгимиз келмайди? «Каптива»ни минамиз, «Малибу»ни учирамиз. Лекин қачондир пулли йўл қурилса, ўша йўлга 2-3 минг тўлашимиз мумкинлигини эслаб ҳозирдан даҳшатга тушамиз...

Қани мантиқ?!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг