Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ўзбек тиббиёти: Муз жойидан кўчган, аммо...

Ўзбек тиббиёти: Муз жойидан кўчган, аммо...

Ҳар қандай жамият фаровонлигининг жиддий индикаторларидан бири аҳоли саломатлиги ва тиббиёт ривожи ҳисобланади. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими мунтазам изланишда, аммо ҳамон депсиниб турган болага ўхшайди. Йиллар, ўн йиллар ўтмоқда. Ниманидир жиддий ўзгартириш вақти аллақачон келган.

Дарҳол таъкидлаймиз: бу мақолада келтирилган муаммолар у ёки бу шаклда ҳар қандай давлатда учраши мумкин. Яъни мукаммал тиббиётга эришган мамлакатнинг ўзи йўқ. Шу билан бирга, юртимиз соғлиқни сақлаш тизими қатор жиддий масалаларга такрор ва такрор дуч келмоқдаки, уларнинг ечимисиз нафақат ривожланиш бўлмайди, балки ортга қайтиш ҳам кузатилади.

Вазирликдаги қўнимсизлик

Амалдаги вазир сўнгги 2,5 йилдаги тўртинчиси. 2020 йил ноябрда Алишер Шодмонов ўрнига қаттиққўл раҳбар дея таърифланиб, Абдуҳаким Ҳожибоев тайинланди. Кейин унинг ўрнига ўзи шифокор бўлмаган, лекин яхши бошқарувчи сифатида аталган Беҳзод Мусаев иқтидорга келди. 2022 йил охирида, ҳукуматдаги кўп сонли ўзгаришлар жараёнида Мусаев янги ишга ўтказилди ва унинг ўрнига ёш ва умидли деб баҳоланган Амрилло Иноятов вазир этиб тайинланди.

Соҳанинг биринчи рақамли раҳбари нисбатан ёшариб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо биламизки, ҳар бир вазир алмашинуви тизимда бир силкинишдан даракдир. Айниқса, умумий қоидалардан ҳам кўра шахс талабларига жиддийроқ эътибор бериладиган бўлса. Табиийки ҳар бир вазир ўзининг иш услубини йўлга қўяди, қўл остидаги раҳбарларни алмаштиради, жавобгарликлар юклаш билан бирга маълум масъулиятни олади, режалар тузади, ваъдалар беради. Алмашинувлар тезлашиши натижасида барқарорликка путур етади, етакчилар узоқ муддатли режалар тузишмайди, ислоҳотлар давомли бўлишига ишонч сўнади.

Коррупция

Азалий бало тиббиётга ниҳоятда чирмашиб кетган. Вазият шу даражадаки, у оддий ҳол сифатида қаралишгача борди. Шифокорлар ва беморлар ўртасида жарлик солаётган муаммоларнинг энг жиддийси бу. Ҳолбуки, ўзаро ишонч бўлмаса, даволаш жуда қийин. Шифокор ўз пулига ўн йиллаб ўқигани, ҳар куни оғир беморлар дардини эшитиб ўтиргани, энг муҳими – даволагани учун пора/ҳақ/назр-ниёз олишга ўзини маънан ҳақли ҳисоблайди. Бемор эса давлат бепул дея таърифлайдиган тиббиётга чўнтагидан пул тўлаётгани учун шифокорнинг гўрига ғишт қалайди. Ҳар икки томон ҳам ўзича шунчалар кўп ва кучли аргументлар келтирадики, бу азалий баҳснинг адоғи йўқлигига ишониб қоласиз.

Аммо бундай ҳолат абадий давом этиши мумкин эмас. Врачлар тамагирликдан воз кечиши, беморлар тиббий хизматдан фойдаланиш учун кимдир пул тўлаши кераклигини тушуниб етишлари керак.

Тиббий суғурта бу масалада ечим бўлиши кутилаётганди. Бироқ у ҳам ўз ўрнини топа олмаяпти. Янги иш бошлаган вазир ҳам муаммо кўламини ҳис қилиб, очиқ тан олди.

Тотал билимсизлик

Ўтган йигирма, балки ўттиз йилликда ўзига хос йўқотилган авлод пайдо бўлди. Тирикчилик ташвишидан ортмай қолган одамлар жуда кўп нарсаларни, жумладан, китобни ҳам бегона қилишди. Бунинг асорати ўлароқ нисбатан тўкин кунларга етилганда ҳам илмсизлик авж олаверди. Ҳозир тиббиётнинг барча бўғинларидагилар, талабалардан тортиб профессорларгача оммавий билимсизлик урчиганини тан олишади.

Бўлажак шифокорларнинг кўпчилигида изланиш, амалиётга интилиш, тадқиқот йўқ. Аксарияти диплом илинжида ўқийди ва гўёки реал ҳаётда, бевосита беморларга дуч келганларида ҳаммасини ўрганиб оладигандай тутишади. Афсуски, коррупция тиббий таълим жараёнига ҳам чуқур кириб борган, сессиялар кимлар учундир даромад манбаига айланган ва талабалар ҳам баҳо учун ўқишга одатланишган.

Суперконтракт тизими эса бир жиҳатдан коррупцияни қисқартирди, тўловни шаффоф қилиб, давлатга келишини таъминлади. Аммо шу билан бирга, билимсиз ёшларга йўл очди. Яхшики, янги вазир Иноятов мардлик қилди – тиббиётда бу тизимга чек қўйишини таъкидлади.

Хорижга йўл

Давлат, тиббиёт институтлари ўз битирувчиларини шундай тасаввур қилишади: умумий амалиётдан ташқари маълум йўналишни чуқур ўрганган, маълум кўникмаларга эга бўлган, камида битта тил, одатда инглиз тилини биладиган ва замонавий тиббий ускуналардан фаол фойдалана оладиган...

Бироқ минг афсуски бундай идеал битирувчи учун идеал иш ўрни таклиф қилинмайди. Яъни салоҳиятли мутахассисга кам маош ва бунинг ортидан тамагирлик тўрига ўралиш, мавҳум келажак ҳамда шахсий ўсишдан тўхтаб қолиш хавф солади. Шу боис ёш, интилувчан кадрларнинг аксарияти хорижга йўл олиш пайида бўлади ва уларни ҳам бунинг учун айблаб бўлмайди. Чунки баландпарвоз гапларга қорин тўймайди, ақл ишлатилмаса, малаканг ошиб бормаса, ортга кетасан. Қолаверса, хориждаги етакчи клиникалардаги имконият ҳар қандай мутахассисни ўзига ром қилади.

Беҳзод Мусаев бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган пайтлари хориждаги шифокорларни Ўзбекистонга чорлаган, уларга ишлаб турган жойларидан кам бўлмаган маош таклиф қилинишини билдирганди. Афсуски, бу режа амалга ошмади. Беш-ўн мутахассиснинг қайтгани мисол бўла олмайди.

Дори воситаларига қарамлик

Тиббиёти ўзбекистончалик дори лоббисига бўйсуниб қолган давлат бошқа бўлмаса керак. Шифокорларнинг варақ-варақ дори ёзиши, дорихоначиларнинг жарақ-жарақ пул санаши шу қадар оддий ҳолга айландики, беморлар врач дори буюрмаса ёки битта ёзса эътироз билдирадиган даражага етдик.

Врач тавсияси-ку майли, ҳар қандай дорихоначи, ҳар бир ота-онанинг ўзи болаларга, ҳатто гўдакларга дори белгилайдиган бўлиб кетди. Бу ҳолатни хориждагилар тасаввур қила олишмайди. Натижа ҳам кўп куттирмади. “Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ ҳолат, 20 дан ортиқ боланинг азобли ўлими кўзларни очганди. Аммо очилган кўзлар бирорта дорихонани ёпишга етмади.

Аҳолининг лоқайдлиги

Давлатни танқид қилиш, тизимни ёмонлаш мумкин. Бироқ аҳолининг ўзи ҳам соғлом турмуш тарзига мутлақо бефарқ. Европа давлатларида кўчада қаерга қараманг соғлиқ учун югуриб юрган, велосипед минаётган одамга дуч келасиз. Бизнинг шаҳарларимизда кимдир югурса, ҳамма ажабланиб қарайди.

Соғлом турмуш тарзи, спорт, тўғри овқатланиш деган тушунчаларни шу қадар бегона тутамизки, булар гўёки шифокорларнинг инжиқликларидек. Ҳаракатсизлик, ортиқча вазн нафақат ёши катталарга, балки ёшларга ҳам оддий ҳолга айланмоқда. Халқимиз агар инсон ўзи соғлигини асрамаса, тиббиёт ҳам ожиз бўлиб қолиши мумкинлигини англаб етмаяпти.

Янгиликдан қўрқиш

Ривожланган давлатдаги клиникалар инсон бошини кўчириб ўтказишни режалаштирмоқдалар. Яъни бошқа бир танада ўзга бир онгли инсон пайдо бўлиши устида ҳаракат кетяпти. Жигар, юрак кўчириш каби операциялар тиббиётнинг ярим аср наридаги ютуқлари, булар билан ҳеч ким мақтанмай қўйган.

Аммо Ўзбекистондан Ҳиндистонга ҳафтасига камида икки марта учаётган самолёт беморлар билан тўла, аксарияти жигар кўчириш илинжида. Маълумотларга кўра, республикада 5 минг нафар бемор жигар циррозидан азоб чекса, уларнинг 500 нафари, яъни 10 фоизи жигар трансплантацияси амалиётига муҳтож. Бизда ҳам бу борада дастлабки қадамлар қўйилганди. 2022 йилга қадар мамлакатда жами 10 та жигар трансплантацияси амалга оширилган. Афсуски, шундан кейин бу жараён тўхтаб қолди. Самарқандда ўтказилган операция эса беморнинг ҳам, донорнинг ҳам ўлими билан якунланди.

Бу, ўз навбатида, шундоқ ҳам журъатсиз жарроҳларимизни янада чеклаб қўйди ва улар яна анъанавий, самараси аниқ операцияларни маъқул кўра бошладилар. Лекин қачонгача 36 млн аҳолига эга давлат тиббиёти бу соҳада бир жойда қотиб туради?

Шароит ва таъминот деградацияси

Айрим шифохоналарга ишингиз тушса у ердаги шароит, беморлар учун ажратилган тиббий таъминот абгорлигидан тушкунликка тушасиз. Албатта, бунинг учун шифокорлар ёки тизимни айблаб бўлмайди. Бу тўлалигича давлат, хусусан маҳаллий ҳокимиятлар камчилиги.

Вазият ўнлаб йиллар давомида шу қадар издан чиққанки, сўнгги вақтда ажратилган катта маблағлар билан ҳам бу борада жиддий ўзгариш қилиш имкони бўлмаяпти. Нафақат вилоят ва туманлар, балки пойтахтнинг ўзидаги аксар поликлиника ва клиникаларда ҳанузгача иттифоқ давридан қолган муҳит билан ишлаб келиняпти. Давлат етказа олмаганини ҳар қанча танқид қилиш мумкин. Бироқ шу билан бирга шифохоналарга ҳомийлик анъанаси шаклланмаган. Биламизки, биз мақтайдиган хорижий давлатларда қатор клиникаларга бадавлат инсонлар томонидан катта хайриялар қилинади. Биз эса бу жиҳатимиз билан ҳам мақтана олмаймиз.

Ўзбекистон тиббиётининг муаммолари тан олиниб, маълум ютуқларга ҳам эришилди. Яъни муз жойидан кўчди. Хусусан, тез тиббий ёрдам тизими тўлалигича ислоҳ қилинди. Олис ҳудудлардаги ходимлар танқислиги ечими сифатида ўша ерларга бориб ишлайдиганларга салмоқли устамалар белгиланди. Қатор янги шифохоналар ишга туширилди, беморларга таъминот, шифокорларга маош оширилди. Албатта, “Маош оширилди” деган жойини тиббиёт ходимлари истеҳзо билан ўқиган бўлсалар керак. Аммо ҳаммаси нисбийликда ўлчанади: яъни 5-6 йил олдин ойлигингизга неча кг гўшт олардингиз, бугун қанча оляпсиз?

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси даврида давлат ҳам, тизим ҳам пулни ва ўзни аямади. Кўплаб шифокорлар бу курашда жон фидо қилишди. Лекин ютуқлар ўзимизники, муаммоларни очиқ таҳлил қилиб, уларга қарши курашмас эканмиз, бу муҳим соҳада ўзгаришлар кута олмаймиз.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг