Қозоғистон зилзиладан жабр кўрган Ғозиантепда мактаб қуради
Қозоғистон Республикаси Туркиянинг Ғозиантеп вилояти Нурдоғи шаҳрида мактаб қуришга киришди. Ғозиантеп 2023 йил 6 февралда рўй берган даҳшатли зилзилада энг кўп жабр кўрган ҳудуд саналади.
19 декабрь куни бўлиб ўтган мактабга тамал тошини қўйиш маросимида икки давлат расмийлари қатнашди.
Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан қурилаётган мактаб лойиҳаси ижросига Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) масъул этиб тайинланган.
Аввалроқ Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Қозоғистонга мактаб қуриш таклифи учун миннатдорлик билдирган ва янги барпо этиладиган билим маскани икки туркий давлатнинг дўстлик, қардошлик рамзига айланишини қайд этган эди.
Маълумотларга қараганда, Қозоғистон сўнгги 20 йилда бошқа давлатларга 600 миллион долларга яқин кўмак кўрсатган.
Бевосита KazAID доирасида 2022 йилда 36,7 миллион долларлик кўмак тақдим этилган. Остона бу рақамни 100 миллион долларга етказмоқчи.
KazAID Қозоғистон Республикасининг 2014 йил 10 декабрдаги «Тараққиётга расмий ёрдам тўғрисида»ги қонуни ва мамлакат ҳукуматининг 2020 йил 15 декабрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter