«Бугун тунда келармиш баҳор» шеъри муаллифи Зулфиями ёки Масъуд? (Бир баҳс баҳонасидаги суҳбат)

Самарқанд вилояти журналистлари телеграм гуруҳида 28 февралда бошланган баҳс уч-тўрт кунда ҳам якун топавермади. Ҳаммаси бир ҳамкасбимизнинг гуруҳда «Бугун тунда келармиш баҳор» деб аталган чиройли шеърни ҳавола қилиши билан бошланди:
Деразангдан мўралаб аста,
Гул юзингдан бўлиб шикаста,
Узун қишга силтаб қўлини,
Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,
Тўққиз ойки, елармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор...
Шеър остида муаллифи Зулфия деб кўрсатилган. Ҳавола берилган каналнинг номи «Zulfiyaxonim» экан. Каналнинг 3 мингга яқин обуначиси бор.
Бошқа журналист укамиз «Бу шеърнинг Зулфияга алоқаси йўқ» деди. У бошқа ҳавола ташлади. Бунда шеърнинг муаллифи Масъуд Махсудов деб ёзилган. Икки муаллифга нисбат берилган бир шеър ҳаволасини кўрсатиш шу билан тугамади, жараён давом этаверди. Кимдир Зулфиянинг бирорта китобида бу шеър йўқлигини таъкидлади, услуби фарқ қилишини уқтирди. Ёзувчилар уюшмаси аниқ бир хулоса айтиши кераклигини айтган ҳам бўлди. Сунъий интеллект эса «Интернетда ушбу шеър турли ижодкорларга нисбат берилган, аммо ишончли манбаларда муаллифлик ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас» деди. Охири, Масъуджон мунозара бўлаётган гуруҳга таклиф қилинди...
Масъуд Махсудов, 1981 йил Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. Асл касби иқтисодчи. Бир неча йил банк соҳасида ишлаган. Тилларга қизиқиши сабаб, охирги 15 йилда оғзаки ва ёзма таржима билан шуғулланиб келмоқда. Оилали, икки нафар фарзанди бор.
– «Бугун тунда келармиш баҳор» шеъри муаллифини бузиб кўрсатиш, адашамасам, 5-6 йиллар олдин бошланган эди. Илк бор қайсидир Youtube каналида кўргандим. Дастлаб бу кўзимга катта ноҳақликдек туюлиб, ўша канал раҳбарига ёздим. У эса аввалига бошқа каналларга ҳавола қилиб, ўзининг ҳақ эканлигини исботламоқчи бўлди. Кейин барибир, хатосини тан олди. Лекин, кўп ўтмай бундай каналлар кўп эканини, ҳар бири билан «курашиш» фойдасиз эканини ҳис қилдим. Шунинг баробарида, шеърнинг муаллифи менлигимни билган бир қанча дўстларим ҳам Facebook ижтимоий тармоғида ана шундай кўплаб каналларга ҳам ёзишди; фойдаси бўлмади. Шундан кейин, ҳар йили 28 ёки 29 февраль куни бундай «суғур куни» такрорланаверди, мен эса, буни босиқлик билан қабул қилишга ўтдим.Айримларида муаллиф Зулфияхоним деб кўрсатилади, айримларида муаллиф умуман кўрсатилмайди. Қандай ҳолатда эълон қилинмасин, ҳар йили қишнинг сўнгги кунида аёлим хурсанд – шеър унга аталган-да...
– Жуда қизиқ! Қани, унда шеър ёзилган кунларни бир эсламаймизми?
– Бу шеър 2012 йил 29 феврал куни ёзилган. Ўшанда унаштирилган бўлганмиз. Тўйимиз белгиланган ёзгача ҳали анча бор. Ўша куни мен Тошкентдан Фарғонага боргандим. Йўлда кетаётиб ёзилган SMS шаклидаги шеър эди. Ҳиссиётлар сатрлардан аён:
Жамолингга бўлиб маҳлиё,
Истарангдан олганча зиё-
Бизга иқбол тилармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор.
Опа, шу шеърда «Гул юзингдан бўлиб шикаста», «Табассуминг юзингга безак» «Эшитгандек менинг ноламни» каби сатрлар ҳам бор. Эркак аёлга айтиши мумкин бўлган мисралар. Буни шеъриятни сал тушунган одам ҳам осонгина пайқаши мумкин. Афтидан, муаллифни адаштираётганлар шу жиҳатларни хаёлларига ҳам келтиришмаган.
– Бу шеър сиз гўзал бир қизга (ҳозирда аёлингиз) жўнатган SMS шаклида тарқалмаган бўлса керак, ҳойнаҳой. Бирор жойда чоп эттирилдими?
– Ўша даврда онлайн форумларда фикр алмашиш кенг тус олган эди. Мен ҳам баъзи форумларда ижод намуналаримни қўйиб борардим. Табиийки, 1 март куни бу шеър ўзининг долзарблигини йўқотади. Шу сабаб уни келаси, яъни 2013 йилнинг 28 февралида Uforumдеган форумдаги «Шеър азиз олам аро... » саҳифасига жойладим.
– Бир неча кун аввал Сирдарё вилояти божхонаси қизлари адрас либосларда шу шеърни челленж қилган видеони кўрдим. Қизиғи, қизлардан бирининг қўлида Зулфияхонимнинг китоби, қизгина уни варақлаб туриб «Бугун тунда келармиш баҳор» деб шеър ўқияпти. (линк). Кейин излаштирсам, мана шу йилнинг ўзида тарқатилган ўнлаб видео, аудо лавҳаларда бу шеър Зулфияга нисбат берилган. Ўзингиз охирги марта қайси манбада шеърингиз муаллифи хато кўрсатилганига гувоҳ бўлдингиз?
– Турли майда каналлар ёки ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда бу хатоликка эътибор бермай қўйганман. Аммо, ёшлигимдан севиб ўқиган «Тонг юлдузи» газетаси шу йили, 24 февраль кунги сони бош саҳифасида шеърни эълон қилиб, муаллифни Зулфия деб кўрсатгани, камига, шеърга илова қилиб шоиранинг сурати ҳам чоп қилинганини кўриб, таҳририятга қўнғироқ қилдим. Бош муҳаррир ўринбосарининг айтишича, бу ҳолат техник ходимларининг айби билан юз берган эмиш. Газетанинг келгуси сонида тузатиш эълон қилинишини айтиб, узр сўрашди.
– Газетадаги ижодий ишлар техник ходимларга қолгани ачинарли ҳолат аслида. Лекин, бошқа тарафдан, ўзбекнинг донғини дунёга таратган забардаст шоира ижодига сизнинг шеърингиз алоқадор дейилиши фахр ҳам бўлиши мумкинми?
– Зулфия – зебо шоира, баҳор куйчиси, ёшлигимиздан уларнинг жуда кўп шеърларини ёд олганмиз, «Салқин саҳарларда, бодом гулида... » деб бошланувчи шеъри адабиётдан йироқ бўлмаган ҳар қандай инсонга ёд бўлиб кетган бўлса, ажаб эмас. Балки, шеър, айнан, баҳор бўсағасида ёзилганлиги учун уни Зулфия ёзган деб ҳисоблашган бўлсалар ажаб эмас.
Мен ўз номим шундай истеъдод билан ёнма-ён қўйилишидан хижолат ҳам бўламан. Лекин, ҳар бир нарса ўз номи билан аталиши керак-да.
Яна бир томони, мен учун, умуман, ижодкор одам учун, энг асосийси, унинг ижод намунаси севилиши, хуш кўриб ўқилиши, оммалашиши. Майли, йилда бир марта бўлсин, қишнинг сўнгги кунида сиз умуман танимаган одамлар сиз ёзган шеърни бир-бирига юборса, ундан завқ олса, ёқтириб ўқиса - бу қандайдир маънода ютуқ, муваффақият. Зеро ижодкорнинг асарига халқ берган баҳо минг хил «...шунослар»нинг баҳосидан юқорироқ, залворлироқдир.
– Агар барча шеърларингиз китобдан жой олганида бунчалар чалкашлик рўй бермасмиди?
– Ҳаваскор сифатида ёзган шеърларимни 2010 йил Лондонда яшаган пайтларим «Кўнгил чашмаси» номли тўпламда чиқарганман, у китобнинг адади кам бўлгани сабаб, асосан, яқинлар, дўстларга совға қилганман. Юқорида айтганимдек, «Бугун тунда келармиш баҳор... » кечроқ ёзилган. Тўғри, шу ўтган йиллар давомида китоб чоп қилганимда бунчалик чалкашлик бўлмаслиги турган гап эди. Аслида мен шоирликка даъво ҳам қилмайман, мен таржимонман.
– Хабаримиз бор, сиз «Юсуф алайҳис-салом»сериалини форс тилидан ўзбекчага ўгиргансиз. «Жуда яхши суратга олинган, йиғлаб таржима қилинган» деб изоҳ бергансиз бу фильм ҳақида...
– Ҳа, шогирдларим билан хусусий телеканал буюртмасини, 45 серияли фильмни тезкор таржима қилиб, экранга чиқаришга ҳисса қўшганмиз. Пайғамбарлар тарихига қизиққанлар, хусусан Юсуф пайғамбарнинг гўзал сийратларини яқиндан ўрганмоқчи бўлганлар бу фильмни албатта кўришлари керак. Тўғри, одамни йиғлатадиган саҳналари кўп. Зеро, таржимон ҳар бир эпизодни, қаҳрамонлар ички дунёсини, воқеаларни ўзи орқали ўгирмаса, онлайн таржимондан фарқи қолмайди, ҳисссиётни етказолмайди. Эътиқод билан боғлиқ оғриқли саҳналарни таржимон кулиб таржима қилолмайди.
– Сиз яна қайси тиллардан таржима қиласиз?
– Мен ёзма таржима билан шуғулланаман, Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қиламан. Асосан ўша ташкилотларга оид ҳужжатлар, қўлланмалар ёки ҳисоботларни ўзбекчага ёки ўзбекчадан бошқа тилларга таржима қиламан. Ишчи тилларим, асосан, рус ва инглиз тиллари, баъзан туркчадан ҳам таржима қилиб тураман.
– Сир бўлмаса, ҳозирда қайси асарлар таржимаси билан бандсиз?
– Қанийди, ишларимдан ортиб, бадиий таржимага ҳам вақт тополсам. Афсуски, бадиий асарлар таржимаси кўп вақт талаб қиладиган, лекин даромади унча юқори бўлмаган фаолият, деб ҳисоблайман. Ҳозирда турк олими Мурат Юлекнинг «Мамлакатлар муваффақиятга қандай эришдилар» китобини инглизчадан ўзбекчага таржима қилаяпман, бу менга тижорий таклиф бўлган.
Мурат Юлек Америкада яшайди, ишлайди. Бу китобни ҳам айнан инглиз тилида ёзган. Айтмоқчиманки, асар аслидан таржима қилинмоқда. Йил ўрталарига нашрдан чиқиб қолса, ажаб эмас. Бадиий таржима борасида эса, албатта, яхши асарларни таржима қилиб, халққа тақдим қилиш режамда бор.
– Шеърият йўналишида ижодингиз келажагини қандай кўрасиз?
–Фикримча, ҳар бир инсонга озми-кўпми, ижодий қобилият берилган бўлади; кимдир уни юзага чиқаради, кимдир истиҳола, атрофдагилардан уят ёки бошқа минг хил сабаблар билан бундай истеъдодни қалбига кўмади. Баъзи истисноларни ҳисобга олмасак, менимча, ижод қалб иши, уни ҳиссиётлар, ички кечинмаларни ифода қилиш учунгина қўлланилса, асар ҳам чиройли чиқади. Касб эса, бу тирикчилик манбаи, иккаласини қориштириш кишига доим ҳам муваффақият олиб келавермайди. Қайсидир файласуф «Ижодга даромад манбаи деб қаралган нуқтадан у ижод деб ҳисобланмайди», деган экан.
Охирги йиллар турли турмуш ташвишлари билан бўлиб, шеър ёзишга деярли вақт топа олганим йўқ. Лекин, фаолияти тўхтаб қолган @kongilchashmasi телеграм каналимни олиб бориш учун ҳамкор топганим яхши бўлди.
– Мен сизни тушундим, вақтингиз кам, шеърият даромад манбаингиз ҳам эмас. Лекин, сиз Баҳорни куйладингиз. Маромига етказиб куйладингиз. Ўша ҳиссиётлар янгиланган пайтларда яна баҳор ҳақида ёзганингиз бўлдими?
– Мана, эшитинг:
Баҳор сеникидир – қарши ол, гулим,
Рутубат кунларнинг интиҳоси деб,
Туганмас иқболнинг ибтидоси деб,
Дард, алам, ғамларнинг истилоси деб,
Қарши ол кўкламни, қарши ол, гулим,
Кўнглинг шод бўлса гар, яйрайди дилим…
Қара, қуёш юзинг ёритмоқдадир,
Аёзнинг заҳрини аритмоқдадир.
Мангудек чўзилган қаҳратон ёшин,
Илиқ ташрифи-ла қаритмоқдадир...
О, унинг нафаси қанчалар сўлим,
Офтобдек яшнасанг, яйрайди дилим…
Қайғуни қор ила қиш олиб кетди,
У билан қайғулар йўқолиб кетди.
Орзиқиб, энтикиб, ўртаниб
Қанча кўз тиккан юраклар орзуга етди...
Шукр – орзуларинг ёритар йўлим,
Кўзларинг қувнаса, яйрайди дилим… ...
Кипригинг намланмиш... Соғинч ёшими?
Қайғунинг тугаши – қувонч бошими?
Ё балки зулматга нур олиб кирган
Интиқ қалб баҳрининг тоғ бардошими?
Дард, ғаминг... орзуинг – бари меники -
Баҳор сеникидир, Баҳор сеники... (c)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter