Ҳалол одам ўғирлик қилмайди

Коррупцияга қарши кураш деганда, одатда кўпчилик порахўрларнинг аёвсиз қўлга олинишини тушунади. Бу — таъсирчан чоралардан бири, лекин асосий ечим эмас.
Виждонли, ҳалол, қонунларга бўйсунадиган одам ҳар қандай ҳолатдаям ўғирлик қилмайди. Аксинча, ўғрининг қўлига миллион доллар берсангиз ҳам қинғир ишини тўхтатмайди.
Сейфидан миллион доллар чиққан ҳоким
Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг, коррупцияга қарши курашни кучайтирди. Йирик амалдорлар қўлга олиниб, маҳкамага тортилди.
Хизмат хонасидаги сейфидан катта миқдорда пул чиққан Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев, шунингдек, собиқ бош прокурор Рашид Қодиров ва ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаевлар коррупцияда айбланиб, қамоққа олинди.
Кейинги йилларда ҳам коррупциявий жиноятлари учун кўплаб мансабдорлар жавобгарликка тортилди.
2016 йилда янги раҳбарият олдида тезкор ҳал қилиниши зарур бўлган иқтисодий, сиёсий ва маиший масалалар жуда кўп эди. Йиллар давомида аҳоли мурожаатлари билан ишланмай қўйилган, иқтисод «бўғиқ», ҳуқуқ «синиқ» эди. Бу эса жамиятни коррупцияга етакларди.
Биринчи навбатда жамиятни, иқтисодиётни либераллаштиришга киришилди. Виртуал қабулхона очилиб, халқнинг дарди, ўй-фикрлари ва таклифлари ўрганилди. Аҳоли ва ҳокимият ўртасида мулоқот ўрнатилди.
«Қора бозор» — кимга офат, кимгадир даромад...
Валютани эркин сотиб олиш ва сотишга рухсат бериш ҳамда валюта конвертацияси курсларини белгилашнинг халқаро механизмларини қўллаш орқали яширин иқтисодиётга қарши курашилди. Йиллар давомида мавжуд бўлган «қора бозор»га жиддий зарба берилди. Давлат курси ва «қора бозор»даги катта фарқ кўпчиликни қийнаётган, шу билан бирга, айримларни мислсиз бойитаётган эди.
Саъй-ҳаракатлар зое кетмади. Халқаро ҳамжамиятдан катта сармоялар жалб этиш ва мамлакатнинг иқтисодий ўсишини таъминлашга йўл очилди. Сўнгги етти йилда 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киргани, иқтисодиётимиз 2 карра ўсиб, ўтган йили 115 миллиард долларга етгани буни исботлайди.
Совға олиш тақиқланади
2022 йилда кучга кирган «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун орқали давлат хизматчилари учун янги чекловлар жорий қилинди. Жумладан, давлат хизматчиларига совғалар қабул қилиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, хорижий банкларда ҳисобрақам очиш ман этилди.
Қонун давлат хизматчиларига манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик мажбуриятини ҳам юклади.
Бюрократик тўсиқларни қисқартириш йўлида улкан қадамлар ташланди:
- Ер ажратиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, ҳоким қарори билан тақсимлашдан воз кечилди. Коррупция «ўчоғи»нинг йўқотилиши эвазига тизим бюджетга бир йилда 4,5 триллион сўм даромад келтирди.
- Давлат харидлари рақамлаштирилди ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш натижасида 14 триллион сўм тежалди.
- Қурилиш соҳасидаги шаффофлик туфайли 3,6 триллион сўм бюджет маблағи иқтисод қилинди.
Шунингдек, Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари (my.gov.uz) порталлари ҳам бюрократик тўсиқларни йўқотиш ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Коррупцияга қарши кураш самараси халқаро рейтингларда ҳам акс этди. Transparency International маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2016 йилдан буён рейтингда 42 поғона юқорилашга эришди.
Янги марра
Давлат раҳбари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг йиғилишида жамиятда коррупциядан холи муҳит яратишга оид келгуси вазифаларни кўрсатиб ўтди ва 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Улар асосида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги иш услубини ўзгартиради. Бунинг учун, тажриба тариқасида бешда «оғир» соҳа – Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, Нефтегаз ва Сувтаъминот жамиятларининг комплаенс назорати агентликка ўтказилади.
Агентлик туманлар даражасига тушиб, маиший ва тизимли коррупция омилларини чуқур ўрганади. Таҳлиллар асосида аниқ чораларни ишлаб чиқади.
Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этиляпти. Шу боис Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланади. Уларга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлади.
Бундан саккиз йил аввал ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу тизим ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга кўмаклашди. Сўнгги йилларда ҳудудлар салоҳияти ошгани боис энди прокурор, ички ишлар ва солиқ раҳбарлари секторлар фаолияти билан шуғулланмаслиги белгиланди. Уларнинг ўрнига бош вазир ўринбосарлари ўзига тегишли соҳалар билан ўз кучи ва тизими воситасида шуғулланади.
Секторлардан озод бўлган куч ва воситалар жиноятчиликка қарши курашишга сафарбар этилади. Ноқонуний текширувлар устидан прокурор назорати кучайтирилиши орқали жойларда бизнес ва инвестиция муҳити яхшиланади. Бу идоралар ўзаро киришиб кетмасдан, бир-бирини тийиб туриши керак бўлади.
Давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Декларациялаш, ноқонуний бойлик орттиришга оид янги тартиблар киритилиши натижасида коррупция омиллари чекланади.
Коррупция инсонлар ҳаётини саратон каби «кемиради», халқни йўқчиликка маҳкум қилади. Саратонни танадан юлиб ташлаш мумкин, лекин бу тўлиқ тузалишга кафолат эмас. Давлат раҳбари «ҳалоллик вакцинаси» иборасини бежиз яна тилга олмади. Коррупцияни даволашдан кўра, уни олдини олиш кўпроқ самара беради. Шу сабаб давлат хизматчилари ва аҳолининг билим-тафаккурини ўстириш — Янги Ўзбекистоннинг бу иллатга қарши курашдаги асосий мақсади бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter