Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Доналд Трампга навбатдаги суиқасд?!

Доналд Трампга навбатдаги суиқасд?!

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп гольф ўйнаётган вақтда клуб яқинида отишмалар овози эшитилди. Трамп отишмадан бир неча юз метр нарида бўлган ва хавфсиз эди. Федерал қидирув бюроси воқеа «кўринишидан суиқасд бўлганга ўхшайди» деди.

Воқеадан тўрт соат ўтиб бўлиб ўтган матбуот анжуманида ФҚБ, Махфий хизмат ва маҳаллий полиция вакиллари гольф клуби яқинида машинада қочишга уринган эркак қўлга олингани, буталар орасида ташлаб кетилган «Калашников» русумли автомат топилганини маълум қилди.

Президентлар ва собиқ президентларни ҳимоя қилувчи Махфий хизмат вакилининг сўзларига кўра, уларнинг ходими буталар орасидаги қуролланган шахсга қарата ўт очишган.

Гувоҳ шундан сўнг эркакнинг буталар орасидан қора Nissan томон югуриб чиқиб, машинага ўтириб ҳайдаб кетганини кўрган.

Полиция эркакни қўшни тумандаги катта йўлда қўлга олди. Маҳаллий полиция шерифига кўра, махфий хизмат ходимларининг ўқлари унга тегмаган.

Бутазорлардан улар АК-47 русумли автомат, иккита рюкзак ва видеокамера топишган.

Гумонланувчининг шахси аниқланди

Матбуот анжумани иштирокчилари Трамп хавфсиз эканлигига ишонтиришди. У гольф ўйнаганида, қўриқчилар доимо атрофни қўриқлаб туришади. Бу ҳолатда, собиқ президент  отишма жойидан бир неча юз метр узоқликда бўлган.

Американинг бир қанча етакчи нашрлари ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларига таяниб, ҳибсга олинган шахснинг исми Раян Уэсли Роут экани, у 58 ёшда ва Гавайида истиқомат қилгани ҳақида хабар бермоқда.

Эркак ҳибсга олинган Флорида штатининг Мартин округи шерифи Уилям Снайдер журналистларга унинг исмини айтмаган ҳолда ҳибсга олиш вақтида ўзини хотиржам тутганини, ташқи кўринишида деярли ҳеч қандай ҳис-туйғуларсиз эканини айтди.

Украина тарафдори

BBC Fact Check Service Раян Роут исмли шахснинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ва маҳбуснинг суратига ўхшаш фотосуратларни ўрганиб чиқиб, у, хусусан, Россия билан урушда Украинани астойдил қўллаб-қувватлаганини аниқлади.

Унинг Facebook’даги баъзи постлари (ҳозир унинг саҳифаси ёпилган) ва битта видео интервьюда аниқ бўлишича, у Россия билан урушга чет эллик кўнгиллиларни ёллага уриниб кўрган ва Киевга сафар қилган.

Доналд Трампнинг Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш борасидаги позицияси гумонланувчининг эҳтимолий ғазабига сабаб бўлган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Аввалги суиқасд

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 13 июль куни Пенсильвания штатидаги сайловолди учрашув пайти АҚШ президентлигига номзод Дональд Трампга қарши суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ўшанда 20 ёшли Томас Мэтью Крукс исмли шахс томонидан отилган ўқ Трампнинг ўнг қулоғини “ялаб” ўтган. Сиёсатчи енгил жароҳат олган, мерган эса отиб ўлдирилганди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг