Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Араб давлатлари Исроилга талаб қўйди

Араб давлатлари Исроилга талаб қўйди

Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Исроилдан Ливанга ҳужумларни тўхтатиш ва жабрдийда аҳолига зудлик билан инсонпарварлик кўмаги кўрсатишни талаб қилди.

Қоҳирада ўтган АДЛ доимий вакиллари учрашуви Ливан ва Исроил чегарасидаги таранг вазиятга бағишланди.

Учрашув якунида берилган баёнотга кўра, АДЛ Исроилнинг Ливандаги хатти-ҳаракатларини кескин қоралайди ва ҳужумларнинг бу тариқа давом этиши жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантиради.

Ҳужжатда Ливан ҳудудига бостириб кириш умумараб миллий хавфсизлигига таҳдид деб қабул қилиниши таъкидланган.

АДЛ халқаро ҳамжамиятни ҳам Исроилга босим ўтказиш ҳамда Ливанга кўмак кўрсатишга даъват қилган.

Исроил сўнгги ҳафталарда Ливанга кучли ҳаво ҳужумлари уюштирмоқда.

27 сентябрь кунги ҳужумда Яқин Шарқдаги қудратли тузилмалардан бири “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди.

“Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Исроилга ракета отиб жавоб қайтарган.

Исроил Ливан ҳудудига қуруқлик орқали бостириб кириши айтилмоқда.

Байрут ҳукуматига кўра, жорий йил 17 сентябрдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида мамлакатда 1411 киши ҳалок бўлди. Уларнинг 104 нафари болалар ва 194 нафари аёллардир.

БМТ тузилмалари Ливанда ҳарбий тарангликнинг ортиб бораётгани ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кўплигидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг