Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

48 миллион кишига 3 минг нотариус

48 миллион кишига 3 минг нотариус

Нотариус касби қадимги Римда пайдо бўлган ва алоҳида ёзиб борувчилар фактларни юридик шаклда тасдиқлаб боришган. Бугун испан нотариуслари ишлайдиган нотариатнинг лотин тизими Рим империяси давридаёқ шаклланган.

Испания нотариуслари (Notario) – келишувлар ва бошқа турли ҳужжатларни тақдим этишда нейтрал позицияни сақлайдиган давлатнинг мансабдор шахсларидир.

Нотариус – олий маълумотли, соҳада амалий билимга эга, танловдан ўтган профессионал юрист. Бундай малакали ёндашув бир томондан мустақиллик ва қонунга ҳурматни кафолатласа, бошқа томондан ишнинг юксак даражасини ва муросасизликни таъминлайди.

Испаниянинг бутун ҳудуди бўйлаб, 48 миллион аҳолига тахминан 3 минг нотариуслар хизмат кўрсатади ва улар қатъий нотариал округларга бўлинган. Қиролликнинг ҳар бир фуқаросига сифатли хизмат кўрсатиш учун нафақат каттаю кичик шаҳарларда, балки улар уйлари яқинида, кичик қишлоқларгача нотариуслар фаолият кўрсатади.

Ишончлигини тасдиқлаш учун тақдим этилган актларнинг қонунийлигини таъминлаш, аҳолига юқори малакали юридик ёрдамни кўрсатиш, мустақиллик, ўз вақтида ва самарали нотариал хизматларни кўрсатиш Испания нотариуслари фаолиятининг асосий тамойилларидир.

Испан нотариуслари қитъавий тизимда ёки латин ҳуқуқи асосида ишлайди. Бу ерда мутахассислар АҚШ ёки Буюк Британияга қараганда фуқаролик жараёнларида катта ваколатларга эга ва жуда муҳим роль ўйнашади. Мамлакатда нотариал ҳуқуқ анъанавий бўлиб, 1944 йилдан буён деярли ўзгармасдан келмоқда. Испания нотариати 1948 йилда Халқаро нотариат иттифоқи тузилган пайтдаёқ унга аъзо бўлиб кирган.

Қандай ишлар кўрилади?

Испан нотариуслари ўз фаолиятини 1944 йил 2 июлда қабул қилинган «Нотариуслар фаолиятини ташкил этиш ва тартибга солиш тўғрисидаги низом» фармони (Decreto 2 junio 1944) асосида олиб боради.

Бундан ташқари, 2011 йил 14 ноябрдаги «Нотариуслар ва регистрациядан ўтказувчилари тарифлари» (Real Decreto 1612/2011, de 14 de noviembre) ҳамда 2003 йил 4 июлдаги «Нотариус лавозимига имтиҳондан топшириш ва ишга киришни ташкил қилиш тартиби ва ташкил этиш қоидалари ҳақида»ги (Real Decreto 862/2003, de 4 de julio) Қироллик фармонлари билан амалга оширилади.

Испан нотариуслари олди-cотди шартномасини, ипотека шартномасини, регистрдан мулк ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш, кўчмас мулклар мавжудлигини текшириш, ишончномаларни расмийлаштириш, компаниялар тузиш, ҳужжатлар, юридик актлар ва имзоларни тасдиқлаш, никоҳ келишувларини имзолаш, фуқаролик ёки тижорат шартномаларини, оилавий ҳаётга доир ҳужжатларни юридик расмийлаштириш асосий фаолият турларидир.

Энг муҳим йўналиш – қандайдир иш ёки шартнома имзолаш бўйича  бепул маслаҳатлар беришдир. Испанияда нотариус ишни бепул ўрганади, муаммонинг энг мақбул ечимлари бўйича маслаҳат беради, ҳар бир афзаллик ва камчиликни кўрсатиб беради. Агар зарурият туғилса тўлов миқдори, солиқлар, якуний нархлар ҳақида айтади. Нотариус уй олди-cотдисини расмийлаштириш жараёнида бевосита иштирок этади.

Испания ёки ЕИ аъзо давлати фуқароси бўлиши шарт...

Соҳага оид қонуннинг 16-моддасига кўра, Испанияда имтиҳонлардан муваффақиятли ўтилганидан кейингина нотариус бўлиш мумкин. Унинг 6- ва 7-моддасига кўра, имтиҳон топшириш учун талабгорларга Испания фуқароси бўлиш, Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бирининг фуқаролиги, ҳуқуқ соҳасида даражага эгалик, виждон, ахлоққа қарши ҳаракатлари сабабли жиноий жавобгарликка тортилмаган, банкрот бўлмаган ва кредиторлар билан судлашмаган бўлиши шарт.

Имтиҳонлар топширишга тайёргарлик университетнинг 4 босқичидан кейин, ҳуқуқ соҳасида бакалавр – «градо» (Grado) даражасини олган сўнг бошланади. Имтиҳонлар 4 қисмдан яъни иккитаси оғзаки ва иккитаси ёзма синовлардан иборат бўлади. Улар қоида тариқасида фуқаролик ҳуқуқи, солиқ қонунчилиги, товар белгилари ва ипотека, нотариал ҳуқуқ, маъмурий ва процессуал қонунчилик, бухалтерия ҳисоби мавзуларида бўлади.

Имтиҳонларга Реестрлар ва нотариат Бош бошқармаси директори ёки ўринбосари раислик қилади. Бир ёки икки нотариус, университет юридик факультетларидан бирининг ҳуқуқ профессори, суд ҳокимияти вакили, мулк ҳуқуқи ёки савдо реестри ҳуқуқлари рўйхатдан ўтказувчиси, 15 йиллик иш стажига эга давлат адвокати ёки амалиётчи адвокат ҳам уларда иштирок этади.

Имтиҳонга жавоблар балл тизими асосида қўйилади ва ғолиб нотариус лавозмига вакант жойга ишга қабул қилинади. Нотариусни ишга қабул қилиш бўйича буйруққа Испания Адлия вазири имзо чекади. Мамлакатда нотариуслар 70 ёшга қадар меҳнат қилиши мумкин.

Профессионал корпорация сифатида нотариатнинг олий органи Нотариатлар Бош кенгаши ҳисобланади. У Испания барча нотариал палаталари дуайенлари орасидан тузилади, ижтимоий мажбуриятларини бажариши чоғида Адлия вазири ҳамда Реестрлар ва нотариуслар бўйича Бош бошқармага бўйсунади.

Мамлакатда 17 та яъни Андалусия, Арагон, Астурия, Кантабрия, Кастилия ва Леон, Кастилия-Ла-Манча, Каталония, Эстремадура, Галисия, ИллесБалирс, Канар ороллари, Ла-Риоха, Мадрид, Мурсия, Наварра, Басклар ўлкаси ва Валенсия палаталари тузилган.

Муҳожир нотариуслар ёки муҳтож тоифага хизмат бепул...

Испан нотариуслари орасида собиқ Иттифоқ республикаларидан чиққан фуқаролар ҳам бор. Агар улар юридик маълумотга эга ва Испания фуқароси бўлишса, ўз фаолиятини бу тизимда эркин давом эттириши учун ҳеч қандай муаммо йўқ.

Испанияда яшовчи ҳар бир фуқаро нотариусни мустақил танлаш ҳуқуқига эга. 1984 йилдаги Қироллик Фармонига кўра, белгиланган минимумдан ошмайдиган даромадга эга жисмоний ёки юридик шахсларга яъни алоҳида тоифадагиларга баъзи хизматлар бепул кўрсатилади.

Мерос ҳақидаги ишга тўлов, туғилганлик ёки никоҳни қайд этиш, Қизил ҳоч каби нотижорат жамоат ташкилотлари билан боғлиқ ҳужжатлар шулар сирасига киради. Испанияда нотариуслар тарифлари ва хизматлари нархлари Европада энг паст ҳисобланади.

Нотариус совуққонлиги ва қастдан қилган ҳатти-ҳаракати туфайли етказган зарари учун жавобгардир. Агар Испания нотариуси хатоси натижасида фуқарога зиён етса, Нотариуслар коллегияси раҳбарига ёзма шаклда мурожаат қилиш ва зарарни қоплашни талаб этиш мумкин.

Шу сабабли, ҳар бир нотариус қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатларини пухта ўзлаштириб олиши керак. Чунки уларда у ёки бу маънода нотариусларга дахлдор масалалар ўзини ифодасини топмасдан қолмайди.

Мисол учун, 2021 йил 30 апрелдан нотариуслар никоҳни қайд этишнинг тўлиқ жараёнини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлди. Чунки муқаддам Фуқаролик реестри муассасасининг катта ҳажмдаги ишлар билан бандлиги сабабли никоҳланувчи шахслар рўйхатдан ўтиш учун ойлар давомида кутиб қолаётган эди. Турли бюрократик тўсиқлар натижасида оилалар расмий рўйхатдан ўтмасдан ёки шунчаки бирга яшовчи шахслар (pareja de hecho) шаклида «ҳужжатлаштириб» яшашни афзал кўришар эди. Шу тариқа, одамлар учун никоҳнинг нотариал регистрациясига жуда ажойиб муқобил ва қулай шароит пайдо бўлди.

Конгресс тасдиқлаган ва 2022 йил 23 декабрда кучга кирган янги «Стартаплар тўғрисида»ги қонунга кўра эса, ЕИ ҳудудидаги, бироқ мамлакатда фаолият юритаётган бу каби компанияларнинг офиси, бош офиси ёки доимий ваколатхонаси Испанияда рўйхатдан ўтиши, виза, солиқ имтиёзлари, ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар белгиланган. Бунда ҳам нотариусларнинг иштироки албатта зарур бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Испанияда нотариат аҳолининг чинакам маслаҳатгўйи, юқори даражаси хизмат кўрсатувчи, малакали мутахассислардан иборат бўлган нуфузли тизимдир.

Муниса Яшнарбекова,
Шайхонтоҳур тумани хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг