Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тилни зўр билади, лекин бадиий китоб ўқимайди» ёхуд таржимонлик шунчаки оддий иш эмаслиги хусусида

«Тилни зўр билади,  лекин бадиий китоб ўқимайди» ёхуд таржимонлик шунчаки оддий  иш эмаслиги хусусида

фото: интернет, очиқ манба

Кетма-кет таржима қилинаётган асарларнинг, таржимонларнинг кўпайиб бораётганини кўриб айрим мулоҳазалар туғилди. Таржимоннинг кўпайгани яхши, чунки китоб кўпаяди, турли халқлар маданияти, тарихини янада кенгроқ ва чуқурроқ ўрганамиз. Аммо масаланинг иккинчи томони бор. Бу савия масаласи, асар таржимасига, таржимоннинг ўз ўзига қўйган талаб масаласи...  Таржимонлик – қора меҳнат деб бежиз айтишмаган. Аввало, таржимон бўлиш учун инсондан сабр талаб қилинади. Шунингдек, у яхшигина китобхон, тафаккури бой, дунёқараши кенг бўлиши лозим, ўзи ҳам қалам тебратиб турадиган ижодкор бўлса яна яхши. Бизда бу борада устоз-шогирдлик анъанасида узилиш сезилади. Катта таржимон дарғаларимиз ва ёшлар ўртасида кўприк йўқ. Ёшлар бадиий таржимонлик санъатини қаерда ўрганишлари мумкин? Бу савол жавобсиз, назаримда. Менга кўплаб ёш таржимонлар мурожаат қилади, улар илк бора қилган таржималарини кимга кўрсатишни, қаерга юборишни билмайдилар. Кўпчилигининг тил билиш даражаси зўр, сертификатлари борлигини айтишади. Оддий матнларни таржима қилиб беришадию, лекин бадиий парчаларни берсам, уддалай олишмайди. «Нима учун қилолмаяпман, деб сўрашади. Ахир ҳамма сўзларнинг ўзбекчасини биламан, лекин ўшани ўзбекча келиштириб бера олмайман», дейишади. «Қандай ўргансам бўлади, менга ўргатинг, деб айтишади». Таржимонлик ўргатиб қўядиган нарса эмас, чунки таржимонликка ҳам истеъдод керак, худди ёзувчи ёки шоирга бериладиган иқтидордек. Таржимонга ҳам шундай хусусият зарур. Кейин сўрайман, қандай бадиий китоблар ўқигансиз? Классик асарлар ўқийсизми, десам, йўқ, деган жавобни оламан, яъни кўпчилик китоб ўқимайди. Улар фақат тилга эътибор беради, «Тилни зўр билсам, зўр таржимон бўламан», деб ўйлашади. Лекин ёш таржимонларнинг аксарияти бадиий асар ўқимагани ёки кам мутолаа қилгани учун зўр асарни ҳам «айнитиб» таржима қилади.  Масалан, мен ҳам ўн саккиз йилдан бери таржимонлик қиламан, лекин ўзим истаган даражага етиб бора олганим йўқ.

Ҳали ўзбекчага ўгирилмаган қанча яхши асарлар бор. Ҳар бир ўзини ҳурмат қилган таржимон ўзига савол беради: «Ушбу китобни таржима қилишга маънавий ҳаққим борми?»

Менга ҳам кўп таклифлар келади, катта-катта буюк ёзувчиларнинг асарларини таржима қилишимни сўрашади. Мен эса ҳали бунга тайёр эмасман, дейман. Чунки ростдан ҳам уни маромига етказиб таржима қилиб бериш жуда қийин масала. Агар сиз уни енгил ёки ўзингиз хоҳлаганингиздек таржима қилиб қўйсангиз, бу ёзувчи учун ҳам, ўзбек китобхонлари учун ҳам муаллиф даражасини туширади ва сизга бўлган ҳурмат камаяди. Телеграмдан фалон китобни расмини жўнатишади. «Шу зўр, классик асарни таржима қилишни бошлаяпман, нима маслаҳат берасиз?», деб сўрашади. Суриштирсангиз, улар ҳеч бўлмаса битта журналда кичик таржимаси чиқмаган ҳаваскорлар бўлади. Мен эса кўпинча уларни бу ишдан қайтараман: «Ҳали ўсишинг керак, кўпроқ ўқи, тилни мукаммал биларсан, аммо бу етарли эмас, аввал кичик ҳикояларни таржима қилиб кўр, катта асарга ҳали мавриди келади». Аммо айрим учар нашриётлар арзон-гаровга шундай ҳаваскор таржимонларни ишлатиб, китобларни босиб, сотиб ётишибди. Варақлаб кўрсангиз, фалон буюк адиб шунақа ғализ асар ёзган эканми, деб ўйлайсиз. Ахир ҳамма ҳам аслиятда ўқий олмайди. Таржима мукаммал бўлса, адибга ҳам, мутаржимга ҳам ҳурмат ёғилади.

Хулоса қилиб айтсак, бўлажак таржимонлар: аввало ўзбек тилини ўрганинг, ўзбек тилига таржима қилинган сара асарларни зийрак нигоҳ билан ўқинг. Кейин чет тилларини ўзлаштиринг, аслиятда асарлар ўқинг, солиштиринг. Тажриба учун машқлар қилинг, уларни шу соҳадаги тажрибали инсонларга ўқитиб кўринг, маслаҳатларини олинг, танқиддан чўчиманг, ўз устингизда ишланг...

Нодира Иброҳимова, таржимон

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг