Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёмғир мавсумида Венецияга айланадиган Тошкент (видео)

Тахминан бир ой олдин Тошкентда кучли ёмғир ёғиши натижасида шаҳар кўчалари сувга тўлганлиги ва автомашиналар ўз йўналишида худди қайиқдек ҳаракатланаётгани тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Баъзилар Тошкент шаҳрини чиройи учун эмас, балки сув билан тўлган кўчалари сабаб Венецияга тенглаштиришди.

Чиндан ҳам мамлакатимиздаги дренаж тармоқларида камчиликлар етарлича. Айниқса, ёғингарчилик мавсумида бу муаммолар яққол кўзга ташланиб қолади. Етмаганига юртдошларимизнинг ариқ ва қувурларга турли пластик чиқиндиларни ташлаб кетиши, мавжуд муаммоларни янада чигаллаштиради. Хўш, ўзи бу масаланинг ечими борми? Фуқароларимиз бу тизимдан қанчалик рози? Ҳар йили дренаж тармоқлари ва қувурларни реконструкция қилишга қанча маблағ ажратилади ва бу пуллар қандай сарфланяпти? Xabar.uz жамоаси мавзу доирасидаги саволларга жавоб қидирди.

Аввало, мавзуга нисбатан юртдошларимиз фикри билан қизиқдик ва деярли бир хил жавобларни олдик. Уларнинг кўпчилиги энг аввало шаҳар тўғри режа билан қурилмагани, ёғингарчилик мавсуми, канализация ва оқова сув тизимлари ҳисобга олинмагани, шунинг учун ҳам тизим камчиликлар билан тўлганини айтишди.

Баъзилар бу муаммони ечиш учун шаҳарни қайта қуриш керак, бўлмаса ҳал бўлиши қийин деган фикрни ҳам келтирди. Айрим ватандошларимиз эса биринчи навбатда шаҳар ҳокимияти, ободонлаштириш бошқармаси ва бошқа масъул ташкилотлар ўз вазифасини бажариши керак-да, дея танқидий фикр ҳам билдиришди.

Тошкент шаҳри дренаж тармоқларига шаҳар ободонлаштириш бошқармаси масъул. Мавзу юзасидаги саволларга жавоб олиш учун ташкилотга бордик. Аммо улар вақтлари йўқлигини важ қилиб, интервю беришдан бош тортишди. Юқоридаги саволларимиз эса очиқлигича қолди.

Хорижий давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, сув тармоқлари тизими энг ривожланган давлатлардан бири — Япония. Мамлакатни ҳар тарафдан денгиз ўраб турганлиги учун ҳам Японияда ёғингарчиликлар жуда кўп бўлади. Аммо шаҳар кўчалари сув билан тўлиб, автомашиналар ва пиёдалар ҳаракати учун ҳалал бермайди.

Япония шаҳарлари дренаж тизими энг ривожланган давлатлардан бири бўлишига иккита асосий сабаб бор. Биринчиси, мукаммал ўйланган шаҳар структураси, иккинчиси — япон халқининг маданияти.

Япония аҳолиси тозаликка жуда катта эътибор бериши ҳеч кимга сир эмас. Шунинг учун ҳам шаҳар кўчалари чиқиндиларга тўлиб кетмайди. Демак, ривожланган давлатлар тажрибасидан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатимиздаги сув тармоқлари муаммосини ҳал қилишда масъулиятнинг ўрни жуда муҳим.

Шаҳноза Суюнова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг