Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўзбекнефтгаз»: «Ишчи гуруҳ» томонидан конлар фаолияти таҳлил этилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди

«Ўзбекнефтгаз»: «Ишчи гуруҳ» томонидан конлар фаолияти таҳлил этилиб, аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» томонидан Қашқадарё вилоятида жойлашган конларда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш ва геологик-техник тадбирларни амалга ошириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларнинг ҳолатини назорат қилиш ишлари давом этмоқда.

Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ»нинг ўрганиш ишларида конларда амалга оширилаётган айни ҳолатни таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш орқали нефть ва газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш кўзда тутилган.

Назорат тадбирининг иккинчи кунида Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли 10 га яқин кондаги қудуқлар фаолияти билан танишилди.

«Ишчи гуруҳ»и айни пайтда бурғилаш жараёнлари кетаётган «Зеварда» конидаги 335-, 336-, 321-сонли ишлатиш қудуқларини бориб ўрганди. Бу ерда бурғилаш ташкилоти ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарияти билан бурғилаш ишларининг белгиланган режа бўйича бажарилиши таҳлил қилинди. Бошқарув раиси томонидан бурғилашни жадаллаштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурсларни ўз вақтида етказиб бериш каби муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.

Айни пайтда газ қазиб чиқаришни кўпайтириш мақсадида «Жанубий Кемачи» конидаги мавжуд газ қудуқлар мажмуасида ёнлама ўзанни бурғилаш билан қудуқларни мураккаб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йилда ушбу кондаги 13 та қудуқда шу турдаги ишларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, ҳозирда 1-, 2-, 24-, 64- ва 144-сонли қудуқларда мураккаб таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш жараёнларида таъмирлаш ишлари учун жалб қилинган махсус техника воситалари ва уларнинг имкониятлари муҳокама қилинди. Бошқарув раиси масъул департамент бошлиқларига мазкур қудуқлардан олинадиган натижаларнинг самараси асосида ушбу йўналишдаги тадбирларни кенг татбиқ этиш масаласини ўрганиш бўйича кўрсатмалар берди.

Маълумот учун қайд этиш жоизки, мураккаб турдаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ушбу қудуқларни бурғилашга дунёнинг илғор компанияларидан бири бўлган «Yantai Jereh Petroleum Equipment & Technologies Co. LTD» корхонасининг замонавий қурилмалари билан жиҳозланган «ZJ-20» ва «ZJ-30» бурғилаш дастгоҳлари жалб қилинган. Қудуқларни йўналишли ва горизонтал қисмларини бурғилаш ҳамда технологик назорат қилиш хизматлари Хитойнинг «KARAMAY JIANYE ENERGY Co.Ltd» компаниясининг юқори малакали мутахассислари томонидан замонавий технологиялари асосида амалга оширилмоқда.

«Ишчи гуруҳ» Муборак ҳудудида углеводородлар захираларини ошириш Дастури доирасида 2022 йилда очилган янги майдонларда олиб борилаётган ишлар ҳолатини назорат қилиш мақсадида «Тегирмон» гуруҳи конларини кўздан кечирди. Дастлаб «Тегирмон» конидаги 6-, 14-, 17-сонли, «Ғарбий Тегирмон» конидаги 12-сонли ишлатиш қудуқларини бурғилаш ишлари ўрганилди. Шунингдек, «Янги Олот» майдонидаги 4-, 5- сонли ва «Олтинкўл» истиқболли майдонидаги 1-сонли ишлов-қидирув қудуқларида олиб борилаётган бурғилаш жараёнлари билан танишилди.

Бошқарув раиси томонидан «Янги Олот» конининг истиқболларини баҳолаш мақсадида 10-ОЭ-сонли ишлатиш қудуғини бурғилаш жойи белгиланди. Қудуқлар ўрнини белгилашда Моделлаштириш маркази томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботи тингланди. Масъулларга қудуққа бурғилаш дастгоҳини ўрнатиш ва бурғилаш ишларини бошлашга рухсат берилди.

Бошқарув раиси «Янги Олот» конидаги ишларни жадаллаштириш мақсадида кон бошлиқлари, бурғилаш ва капитал таъмирлаш усталари билан суҳбатлашиб, улар томонидан билдирилган ўринли таклиф ва мулоҳазалар бўйича масъулларга топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан 2022 йилда 34 та газ конидаги 619 та ишлатиш қудуқларидан 14,7 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилган эди. Конлардан қазиб олинган газ 15 та газни дастлабки ва комлекс тайёрлаш қурилмаларида бирламчи тайёрланиб, 16 та Сиқув компрессор станцияларида босими оширилиб қайта ишлаш учун Муборак газни қайта ишлаш заводига узатилди.

2023 йилда Муборак нефть ва газ қазиб чқариш бошқармасида геологик техник тадбирлар доирасида 26 та қудуқни бурғилаш (шундан 16 таси излов-қидирув қудуғи), 245 та қудуқни капитал таъмирлаш ва интенсификация қилиш ҳамда 8 та технологик объектни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг натижада 1 630,6 млн куб метр табиий газ ва 14,3 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқаришга эришилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг