Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Темирйўлкарго» етказиб берган юк ҳажми миллион тоннадан ошиб кетди

«Темирйўлкарго» етказиб берган юк ҳажми миллион тоннадан ошиб кетди

Жорий йилнинг февраль ойидан буён «Темирйўлкарго» АЖ га тегишли вагонларда бир миллион уч юз минг тоннадан ортиқ юк ўз манзилларига етказиб берилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Савдо, саноат ривожланиб борар экан, юкларни ташиш долзарб масалалардан бирига айланиши табиий. Шуни инобатга олган ҳолда 2023 йил 10 октябрда «Темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил февраль ойидан бошлаб, «Темирйўлкарго» акциядорлик жамияти иш бошлади.

Жорий йилнинг 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев темир йўл соҳасидаги лойиҳалар билан танишиш чоғида иқтисодиётда темир йўл транспорти муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлаган эди. «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатимиз ҳудуди орқали транзит юкларини ташиш ҳажмини 16 миллион тоннага етказиш, шимолий йўналишда темир йўл орқали юк ташиш муддатларини 40 фоизга қисқартириш, юк ташиш хизматлари ҳажмини 3 баробар ошириш режалаштирилганини инобатга олсак, темир йўлларда хизмат кўрсатиш масаласи долзарб бўлиб бораверади. Айни чоғда ушбу соҳада хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.

Жорий йилнинг февраль ойидан буён «Темирйўлкарго» АЖ га тегишли 3259 дона вагонларда 1,3 млн тоннадан зиёд юк юртимиз ва хориждаги манзилларга етказиб берилди. 200 дан ортиқ уруғ, 1000 дан ортиқ цемент, 150 га яқин автомобил ташишга мўлжаланган, 800 га яқин ярим очиқ, 350 дан ортиқ ёпиқ турдаги вагонлар ҳамда 250 га яқин фиттинг платформада тадбиркорларнинг юклари хавфсиз ва беталафот етиб бориши таъминланмоқда.

Ўтган 6 ой мобайнида  юк ташиш химатларини кўрсатиш учун умумий қиймати 200 млрд cўмлик 300га яқин шартномалар тузилиб, юклар ўз манзилига, «эшикдан эшиккача» тамойили остида етказилди.

Қайд этилишича, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия сингари бир неча давлатлар билан экспедиторлик хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар имзоланди. Айни пайтда яна бир қанча хорижий логистика фирмалари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг