Шавкат Мирзиёев газ бўйича йиғилиш ўтказди
Президент Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни газ қазиб олишнинг жорий ҳолати ва уни янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти раиси жорий йилда бажарилган ишлар ҳамда 2025 йилги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди.
Қайд этилганидек, соҳада хорижий компаниялар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Улар иштирокида келаси йил газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарорлаштириш лойиҳалари шакллантирилди. Хусусан, замонавий технологиялар жалб қилиниб, янги эксплуатация қудуқлари бурғиланади ҳамда эскилари таъмирланади.
Тармоқдаги асосий муаммо геология-қидирув ишларига узоқ йиллар етарлича эътибор қаратилмаганидир. Оқибатда айрим конлар фойдаланиш муддатини деярли ўтаб бўлган, яна баъзиларининг самарадорлиги паст. Шунинг учун замонавий технология олиб келиниб, 15 та янги истиқболли майдонда геология-қидирув ишлари бошланади. Сейсмик қидирув ҳудуди 6,5 минг квадрат километрга кенгайтирилади.
Мутасаддиларга йирик хорижий компаниялар ва экспертларни жалб этган ҳолда, геологияни ривожлантириш ва янги конларни ўзлаштириш бўйича 2025 йил учун дастур ишлаб чиқиш топширилди.
“Ўзбекнефтгаз”да трансформацияни давом эттириб, таннархни камайтириш, халқаро кредит рейтингини яхшилаш вазифа қилиб олинган. Жумладан, келгуси йилда ишлаб чиқариш ва геология-қидирув лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро манбалардан маблағ жалб қилиниши мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари соҳада инвестициялар, янги технологиялар билан бирга кадрлар масаласи муҳим эканини таъкидлади. Ўқитиш сифатини ошириб, замонавий мутахассислар тайёрлаш, чет элда ишлаётган малакали ватандошларимизни таклиф этиш бўйича кўрсатмалар берилди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter