Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ гастрономик туризм ривожини қўллаб-қувватламоқда

«Ўзмиллийбанк» АЖ гастрономик туризм ривожини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон бетакрор табиати, бой маданияти ва дунёнинг етти иқлимида донг таратган тарихий, миллий архитектураси билан ҳар доим сайёҳлар эътибори марказида бўлиб келган. Қолаверса, халқимизнинг ҳунармандчилик анъаналари, қадриятларга асосланган ўзига хос турмуш тарзи аксарият туристларда катта иштиёқ ва таассурот уйғотиши ҳам сир эмас.

Хабарингиз бор, сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва бу борада ҳудудлар инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда нафақат мўъжизакор юртимиз табиати, тарихий шаҳарлар, шунингдек, шаҳар ва туманларнинг марказий кўчаларидаги кўнгилочар масканлар, туристлар учун ўзига хос қулайликларнинг яратилиши сайёҳлар оқимининг кенгайишига хизмат қилмоқда. Айниқса, кейинги пайтларда гастрономик туризмга қаратилаётган эътибор пойтахт кўчаларида янги манзара ва қиёфа касб этаётир.

Таъкидлаш жоиз, «Ўзмиллийбанк» АЖ ҳам туризм тармоғини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашда фаол иштирок этиб келмоқда. Хусусан, пойтахтда туризм хизматлари ва инфратузилмасини ривожлантириш учун Юнусобод туманида 24/7 хизмат кўрсатиш ҳамда гастрономик кўча ташкил этиш лойиҳасини амалга оширди.

Узунлиги 1,2 кмни ташкил этган «Сайилгоҳ» ва «Зарафшон» кўчаларини гастрономик кўчаларга айлантириш учун 2,8 млрд сўм маблағ ажратилган. Бугунги кунда мазкур кўчаларда жами 69 та шаҳобчалар мавжуд булиб, шундан 25 та енгил конструкцияли хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, 2 та велосипед ва самокатлар учун мўлжалланган тураргоҳлар, 25 тадан ортиқ кўнгил очар масканлар (аттракцион, батут ва х.к.) 8 та умумий овқатланиш шаҳобчалари, 2 та фудтрак, шунингдек, 7 та бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объектлар ўрин олган. Шу билан бирга мазкур кўчада гастрономик туризмни янада ривожлантириш имкониятлари мавжуд.

Аслида шаҳримизнинг энг марказий нуқтасида жойлашган бу кўча ёшлигим билан боғлиқ, – дейди Шукрулла Нарзуллаев. – Шу боис бу ерга тез-тез келиб тураман. Талабалик давримни эслайман. Хотиралар ўша-ўша бўлгани билан бу ернинг манзараси, қулай шароити ўзгариб кетган. Гавжум, ҳам катталар, ҳам болалар дам оладиган энг чиройли кўчага айланди. Миллий ҳунармандчилик намуналаридан тортиб, замонавий хизмат турларигача ҳаммасидан баҳраманд бўлиш мумкин. Шунинг учун бу кўчадан кексаю ёш аримайди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мазкур ҳудуд билан боғлиқ яна қатор режалар бор. Жумладан, кўчанинг замонавий кўринишдаги дизайнини янада такомиллаштириш, йўл кўрсаткичлари ўрнатиш, Wi-Fi зоналари, замонавий ёритиш тизими, вело йўлакларни ташкил қилиш, пиёдалар ва туристлар учун шароит яратиш билан боғлик таклифлар ўрганилмоқда.

Қолаверса, ушбу гастрономик кўчада қўшимча 22 тадан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, бўш ер майдонларида енгил конструкцияли 10 та бошқа турдаги хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ташкил этиш ҳисобга олинган.

Натижада 130 та янги иш ўрни яратилиб, туманда хизмат кўрсатиш хажми йилига 1,7 млрд сўмга ошади. Асосийси, йиллик ташриф буюрувчилар сони 300 мингтага етиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг