Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбек дубляжидаги сирли овоз эгаси — подполковник Тоҳир Дўстхўжаевни хотирлаб... (видео)

«Уйда ёлғиз» фильмининг ўзбекча дубляжида Кевиннинг акаси – ўспирин йигитча Баззга 60 ёшли дубляж актёри овоз берганлигини билармидингиз?

Йил бошида Кевинга овоз берган дубляж актёри – Жаҳонгир Исмоилов билан бўлиб ўтган суҳбатимиздан сўнг, кўп сонли томошабинлар Баззга ким овоз берганлиги билан ҳам қизиқишганди.  

Энг қизиғи, томошабин ўша овозни аввал ҳам кўп маротаба эшитган, яхши танийди. Лекин овоз эгасининг кимлиги катта авлод вакилларидан мустасно, кўпчиликка номаълум эди. Актёрнинг исм-шарифини билсалар-да, суратини кўрмагандилар.

Ўша қадрдон овоз эгаси – Тоҳир Дўстхўжаевдир!

Тоҳир Дўстхўжаев (1946-2008 йиллар)

 Физика-математика фанлари номзоди, доцент.

 Подполковник.

 Дубляж актёри.

У дубляждаги фаолиятида «Ўткан кунлар», «Ганг дарёсининг қизи», «Танка», «Қўлга тушмас қасоскорлар», «Чукотка бошлиғи», «Душанбагача омон бўлсак», «Мен сизни севардим», «Менинг дўстим Колька», «Стюарт Литтль», «Уйда ёлғиз» каби ва бошқа кўплаб фильмларда турли характердаги қаҳрамонларга овоз берган.  

  

Унинг майин, ширали ва навқирон овози 60 ёшида ҳам ўз оҳангини йўқотмади.

Янги йил арафасида телевизоримиздан ўша қадрдон овоз яна эшитилади: – Кевииин!!! Актёр мана шу биргина чақириқ оҳанги билан Базздаги характерни топганди.

Тоҳир Дўстхўжаев ҳақида, унинг шахси, ижодий фаолияти хусусида синглиси, Нодира Дўстхўжаеванинг хотиралари орқали маълумот олдик.

Тоҳир Дўстхўжаев Тошкентда 1946 йилнинг 16 январида санъаткор оиласида туғилди. «Чилонзор» маҳалласига Дўстхўжаевлар оиласи 1957 йилнинг кузида кўчиб келишди. Тоҳир тумандаги 162-ўрта мактабда ўқиди. Кекса авлод уни мактабнинг энг сара ўқувчилари сирасида ҳамон эслайди. Мактабдаги бирорта тадбир усиз ўтмас эди. Тоҳир хоҳ адабиёт, хоҳ математика, хоҳ кимё бўлсин, барча фанларга бирдек қизиқар ва аъло баҳолар олар эди. Шу сабабдан, қайси фандан олимпиада бўлса, у доим тайёр эди. Кўплаб фанлардан мусобақа ғолиби бўлар эди. Спортга қизиқди. Бокс бўйича туман, шаҳарда биринчиликни олган эди. Бу соҳада янги ютуқларни қўлга киритиши мумкин эди. Лекин Ҳакима ая – она-да, ўғлининг у ер-бу ери кўкариб келишларига охири чидолмади. Тоҳирдан бокс билан шуғулланмасликни талаб қилди. Албатта, Тоҳир ака спортни бутунлай ташламади.

Мактабда ўқир экан, аввалига Ўзбекистон радиосида болалар учун тонгги эшиттиришларни ўқиди. Кейинчалик, узоқ йиллар «Аланга» радиожурнали, «Ёшлик радиостанцияси»нинг бевосита эшиттиришлари бошловчиси бўлган. Шу билан бирга, телевидениедаги «Ёшлик» кўрсатувининг ҳам бошловчиси эди. Ўша даврда эшиттириш ва кўрсатувларни магнит ёки рақамли тарзда ёзиб олиб, кейин монтаж қилиш мумкин эмасди. Бу катта жавобгарликни талаб қилар эди. У сўз санъати ва микрофон масъулиятинг барча машаққатларига чидади.

Тоҳир Дўстхўжаев мактабни олтин медалга битирди. 11 йиллик таълимдан сўнг у Тошкент Политехника институтининг ИФФ (инженер-физика факультети) факультети талабаси бўлди.

Тоҳир ака ёшлигидан камгап, камтар, тафаккури ва фикр доираси кенг, ўз мустақил фикрига эга инсон эди. Эътироф этиш керакки, унинг нафақат ташки маданияти, балки ички маданияти ҳам сезилиб турар эди. Ҳеч қачон овозини баландлатмас, ним овозда гапириб, ним кулар эди. Арофда ким бўлмасин, бирор инсон азият чекишига йўл қўймас эди.

Олийгоҳни аъло баҳоларга битирган Тоҳир Дўстхўжаев Политехника институтида ўқитувчи сифатида қолдирилди. Кейин у Ленинград – Санкт-Петербургга 2 йиллик стажировкага кетди. Сўнгра шу шаҳардаги аспирантурага кирди. Ярим ўтказгичлар хусусиятини ўрганди. Шу мавзуда номзодлик диссертациясини 1978 йил, 17 майда  муваффақиятли ҳимоя қилди. Диссертацияга асос бўлган илмий маълумот кашфиёт сифатида эътироф қилинди ва патентланди.

Тошкентга келганидан сўнг ЎзРФА Ядро илмий-текшириш институтида рационализаторлик-ихтирочилик бўлими бошлиғи бўлди. ЎзРФА  Президиумида ЎзРФА  Президентининг референти вазифасида хизмат қилди.

Вақт ўтиб, яна Тошкент Политехника институтининг ҳарбий кафедрасига ишга келди. Подполковник унвонигача кўтарилди.

Тоҳир Дўстхўжаев асосий касби – ҳозирда Техника университети деб номланувчи олийгоҳда физика-математика фанларидан сабоқ бериш бўлса-да, санъатга оид жиддий талабларга эллик йилдан ортиқ дош берганига, иродасига таҳсин айтмай илож йўқ. У ниҳоятда тиришқоқ, масъулиятли, ҳазилкаш, нозик дидли, ваъдага албатта вафо қилувчи инсон эди.

Институтда физика-математикага оид фанларидан таҳсил олиш, кейинчалик дарс беришдек жиддий хизмат билан баробар у «Ўзбекфильм» студиясида бадиий фильм, мультфильм ва видеофильмларни овозлаштиришда фаол иштирок этди. У овоз берган фильм ва мультфильмлар жуда кўп. Радио қўмитасидаги фаолияти давомида радиопостановкаларда турли ролларни маҳорат билан ўйнади, радиопостановкалар режиссёри ассистенти ҳам бўлди. Бу даврда Тоҳир аканинг дадаси – атоқли радиорежиссёр Неъмат Дўстхўжаевнинг шогирдларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, сермаҳсул ва иқтидорли режиссёр Жавлон Тошхўжаев билан ижодий ҳамкорлик қилди. Шу даврда Тоҳир Дўстхўжаев радиопостановкалар учун рус тилидан асарлар таржима қилди. Бизнинг ёдимизда қолгани – Нодар Думбадзенинг «Мен, Илико ва Илларион» асари.

Тоҳир Дўстхўжаев кундалик ёзарди. Уни рус тилида ёзган. Тоҳир ака ўзбек тилининг нозикликларини чуқур англар, уни бир филолог-мутахассисчалик тушунар эди. Айнан шу фикрни рус тилини мукаммал эгаллаганлиги ҳақида ҳам бемалол айтиш мумкин. Ўрни келганда таъкидлаш жоиз, у қайси тилда гаплашса, бошқа тилдан ҳеч бир сўзни аралаштирмай, тоза гапирар эди.

Тоҳир аканинг кундалик дафтаридан олинган бир фикрни мисол келтирамиз: «Всегда  надо стараться занимать духовно выгодный уровень, а не энергетически выгодный… Человек должен стараться занять уровень с максимальной энергией. Уровень не значит должность, а есть духовное состояние» (8.06.1972). Бу гапни таржима қилиб, унинг ажиб бир услубига путур етказишга қўлимиз бормади. Тоҳир Дўстхўжаевнинг фикридан кўринадики, мустабид замон мафкураси билан яшамаган. Ўзининг мустақил фикрида собит турган. У замонларда маънавиятни устун қўйиш давлат сиёсатига зид эди. Кўринадики, Тоҳир ака ўзигача яшаб ўтган илғор зиёлилар каби замондошларидан ўзиб фикр юритган. У ўз замонасидан фикр ва дунёқараши билан илгарилаб яшаган шижоатли, камтар, камсуқум, жигаржон инсон эди. Тоҳир Дўстхўжаев 2008 йилнинг 26 майида Тошкент шаҳрида 63 ёшида вафот этди. 

Лобар Қобилова тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг