Марказий осиёликларга Россия фуқаролигини беришни вақтинча тўхтатиш таклиф қилинди
Россия Давлат думаси депутати, «Адолатли Россия — Ҳақиқат учун» партияси раҳбари Сергей Миронов Марказий Осиёдан келган муҳожирларга Россия фуқаролигини беришга мораторий киритишни таклиф қилди.
Мироновнинг фикрича, 2022 йилда кўтарилган масалани миграция муаммолари кескинлашиб бораётган ҳозирги паллада яна бир бор кўриб чиқиш керак.
«Нега жанубдан келган меҳмонларга юз минглаб паспорт тарқатиш керак? Нима учун этник анклавларни яратиш керак? Нима учун бу янги фуқароларнинг ижтимоий таъминоти учун бюджет миллиардларини сарфлаш керак? Бунинг Россияга қандай фойдаси бор?», — деб ёзғирди миллатчи депутат.
Мироновнинг назарида муҳожирларни қонунийлаштиришдан порахўр амалдорлар мафияси ва ундан яхши пул топаётган фирибгарлар манфаатдор.
«Давлат бу мафияга қарши туриши ва миллий хавфсизлик соҳасида ўз манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Жумладан, ўрта осиёликларга (рус шовинистлари луғатида Марказий Осиё атамаси йўқ) Россия фуқаролигини беришга мораторий қўллаш орқали. Камида 2026 йилгача», — деди депутат.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter