Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кузда хуруж қиладиган дард. Ошқозон-ичакларнинг 1-рақамли душмани нима? (видео)

Ҳа, дард чекмаган соғлиқ қадрин билмас, деб бежиз айтилмаган. Мутахассисларнинг огоҳлантиришу тақиқларига қарамай, кун бўйи енгил-елпи тамадди қилиб ёки оч юриб, кечга қовурилган, ёғли, аччиқ овқатларни ейиш қон-қонимизга сингиб кетганки, ҳатто саломатлигимизда сезиларли издан чиқиш кузатилса-да, ўзимизни, йўқ-а, аниқроғи, нафсимизни тия олмаймиз. Алал-оқибат, бирор жиддий касалликни орттиргачгина мажбурликдан ортга чекинамиз.

Куз эса барча сурункали хасталикларни қўзғатадиган мавсум. Айниқса, ошқозон-ичак касалликларидан азият чекувчилар бу фаслдаги кутилмаган оғриқ хуружларидан хавотирда юришади. 

Шуларни инобатга олган ва аҳоли саломатлигини кўзлаган «Xabar.uz» сайти навбатдаги видеоинтервьюда ошқозон-ичак касалликларига тўхталишни ўринли деб топди.

Бугун биз кўп йиллик тажрибага эга шифокор-гастроэнтеролог Холида Очилова қабулидамиз. 

Ошқозон-ичак хасталиклари дунёда энг кўп кузатиладиган патологиялар сирасига киради.

Унга эркакларнинг 38 фоиздан кўпроғи дуч келишади. Сабаб эса оддий: алкоголга ружу қўйиш, вақтида шифокорга кўринмаслик. Ўлимга олиб келувчи гастроэнтерологик касалликлар орасида 45 фоизидан ортиғини алкоголь туфайли ривожланувчи жигар хасталиклари эгаллайди. Шу дард сабаб эркаклар аёлларга нисбатан икки баравар кўп ҳаётдан кўз юмишади.

Ўткир панкреатит ва бошқа ошқозоности бези хасталиклари — 17 фоиз гастроэнтеролог беморларининг ўлимига сабаб бўлади.

Дунё бўйича сурункали гастритдан 80 – 90 фоиз одам қийналади.

Ривожланаётган давлатларда хеликобактер инфекцияси 40 ёшдан ошган 95 фоиз одамларда учрайди.

Гастритнинг асорати — ошқозон яраси. Бу муаммо сайёрамизнинг ҳар 15-аҳолисида учрайди. Эркаклар бундай ярани аёлларга қараганда 2 – 4 баравар кўп «орттириб олишади».

Олий тоифали шифокор-гастроэнтеролог Холида Очилованинг мавсумий хуружга эга касаллик ҳақида берган маълумотлари билан юқоридаги видеода тўлиқ танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг