Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Октябрь ойида бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Октябрь ойида бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?

Кузнинг биринчи ойи - сентябрь ҳам ниҳоялаб бормоқда. Кўпинча кузатилганидек, ушбу йилнинг сентябри жуда қулай ҳарорат фони билан қуруқ бўлди.

Бу йилнинг октябрь ойи ҳам шундай қуруқ ва бироз илиқ об-ҳаво билан бошланади, дейилади "Ўзгидромет" хабарида.

Қайд этилишича, ойнинг биринчи ҳафтасида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб ҳаво ҳарорати 11-16 даража атрофида бўлган салқинлик ҳис этилади. Кундуз кунлари қуёш нурлари ҳавони 23-28 даражагача, жанубда баъзи жойларда 30 даражагача иситади.

Кейинчалик ойнинг охиригача республика ҳудуди бўйича ҳарорат кечалари 10-15 даража илиқдан 3-8 даража илиқгача, кундуз кунлари 23-28 дан 13-18 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилоятининг шимолида ойнинг иккинчи ярмида кечаси ва эрталаб ҳавода кузги совуқ ва тупроқда 0-3 даража совуқгача кузатилиши мумкин. Бундай ҳарорат октябрь ойининг иқлимий меъёрига яқиндир.

Октябрь ойида ёмғирлар биринчи, иккинчи ва учинчи ўн кунликнинг охирларида кутилмоқда.
Иқлимий меъёрларга кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик октябрь ойида 4 кундан 8 кунгача, республиканинг энг чекка жанубида 1 кундан 3 кунгача кузатилади. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади, аммо ҳавода кескин совуқ кузатилганда ёмғир қисқа муддатга қорга айланиши истисно қилинмайди.

Тунги ҳаво ҳароратининг ўртача кўп йиллик қиймати 6-11 даража илиқни ташкил этади, лекин кўпинча октябрда, айниқса ойнинг иккинчи ярмида биринчи кузги совуқлар кузатилади.

Сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистоннинг барча ҳудуди бўйича 2015 йилнинг октябрь ойи энг ёмғир кўп ёғган йил бўлди. Ушбу йилда Тошкентда октябрь ойида ёғингарчилик миқдори меъёридан 3,5 марта кўп бўлди, бунда икки кунда 45 мм ёғингарчилик бўлди, бу октябрь ойининг ойлик меъёридан 2 марта кўпдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг