Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гриппдан ҳимояланишда асқатадиган тавсиялар

Гриппдан ҳимояланишда асқатадиган тавсиялар

Куз – инфексион ва ўткир респираторли касалликлар мавсуми. Бу пайтда саломатликда муаммо кузатилмаслиги учун иммунитетни мустаҳкамлаш ва гигиена қоидаларига риоя қилиш зарур.

Инфекция ва вируслар ҳаво томчи йўли орқали юққани боис ҳам мазкур тавсияга амал қилиш шарт.

Қўлларингизни тез-тез ювиб туринг

Қўлни фақат кўчадан келгандан кейин ёки овқатдан аввал ювиш керак, деган тушунча бугунги кунга келиб ўзгарди ва мутахассислар томонидан қўллар тез-тез совун билан ювиб турилиши ёки санитайзердан фойдаланиш тавсия қилинади.

Юзингизга тегинманг

Ювилмаган қўлларда вирус бўлиши ва қўлни юзга олиб борганда организмга кириши мумкин. Қўлларни ювмасдан ёки тоза салфеткасиз юзингизга тегина кўрманг.

Тиниқиб ухланг

Ухлаш нафақат аҳволингиз яхшиланиши, балки организм вирус билан курашиши учун ҳам муҳим. Тиниқиб ухлаганда иммун системаси яхши ишлайди.

Гриппга қарши эмланинг

Ҳар йили гриппнинг турли штаммлари пайдо бўлаётгани сабаб мутахассислар вақтида мазкур касалликка қарши эмланиш кераклигини тавсия қилади. Аммо ўзбошимчалик қилмаслик, шифокор маслаҳатига биноан амалга ошириш керак.

Мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг

Витамин ва фойдали моддаларга бой экани сабаб ҳам иммунитетни мустаҳкамлаш учун сабзавот ва меваларни канда қилмаслик тавсия этилади.

Спорт билан шуғулланинг

Жисмоний машқлар организм ва аъзолар фаолияти, хусусан, иммун системаси учун ҳам фойдали саналади. Бунинг учун оғир машқларни бажаришга ҳожат йўқ. Шунчаки ҳар куни тоза ҳавода сайр қилишнинг ўзи кифоя.

Беморлар билан ижтимоий масофа сақланг

1,5-2 метр масофа сақлаш қоидаси бу йилда ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятлироқ. Касаллик аломатлари бор ёки бемор инсонларга иложи борича яқин бормасликка ҳаракат қилинг.

Таом ва ичимликни шахсий идишингизда истеъмол қилинг

Ишхона ёки уйда ўзингизнинг шахсий тарелка, финжон ва санчқингиз бўлсин. Ҳар доим ишлатишдан аввал қайноқ сувга чайиб, кейин ишлатинг.

Матодан тикилган сумка ва ҳамёнлардан фойдаланманг

Матодан тикилган сумка ва ҳамёнларни микроорганизмлардан тозалаш қийин бўлгани сабаб ҳам чарм матосидан тикилганига эътибор қаратиш тавсия қилинади.

Худбин бўлманг, бошқаларни ҳам ўйланг

Шамоллаган ёки касалланган бўлсангиз, уйдан чиқманг. Ўзингизни яхши ҳис қилсангиз ҳам, ниқоб тақиб юринг, аксирмоқчи бўлсангиз, ниқоб бўлмаса атрофдагиларга вирус тарқатмаслик учун четга қараб, тирсакнинг ички қисми билан оғзингизни ёпинг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг