Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шерали Отабоев

Қўрқоқлардан қўрқаман.

«Ўзтелерадиокомпания» журналисти иқрори: «Сукут сақлашни қойиллатяпмиз»

«Ўзтелерадиокомпания» журналисти иқрори: «Сукут сақлашни қойиллатяпмиз»

Гапни «Юртимизда бўлаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ...» ёки «бизга яратилаётган имкониятлар...» каби сўзлар билан бошламоқчи эмасман. Ёки ёзмишимизни, сиёсий ва жиддий тус бериш учун, мавзуга алоқадор бўлган-бўлмаган қарорлар, фармонларнинг узундан-узоқ номлари ҳамда чиқарилган сана ва сонлари билан бошлаш нияти ҳам йўқ. Чунки ўқувчи барибир шу жойларини «ташлаб» ўтади.

Ушбуни ёзишга салла билан калланинг фарқига бормайдиган айрим ҳокимларнинг ишкалларидан сўнг Президентимиз улардан блогерлар олдида халқдан узр сўрашни талаб қилгани туртки бўлди. Алам қилгани шу бўлдики, нега узр телевидение орқали амалга оширилмади?

Буни Президентнинг телевидениега нисбатан ишончсизлиги деб билдим...

Бугунги кундаги ислоҳотларда биз кутган ва кутмаган воқеалар рўй бермоқда. Булардан, асосан, ижтимоий тармоқлар орқали бохабар бўлиб боряпмиз. Аслида биз, журналистлар, айниқса, тележурналистлар ана шу воқеалар қоқ марказида бўлишимиз керак эмасми?

Мардона тан олсак, ҳозирги даврда Президент ва халққа камарбаста бўлиши керак бўлган ОАВ ходимлари томошабин бўлишдан нарига ўта олишмаяпти. Аниқроғи, давлатга қарашли газета ва журналлар, айниқса, телевидение жамиятда бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ҳайрат кўзи билан кузатмоқда. Аслида ўз позицияси ва вазифасини бажариши лозим бўлган телевидение журналистлари сукут сақлашни қойиллатмоқда. Жамиятда яхши томонга бўлаётган ўзгаришлардан самарали фойдаланиб қолаётган тажрибали коррупционерларга қарши курашиши лозим бўлган телевидение ҳар доимги 15 йиллик тажрибасига содиқ қолмоқда.

Яқинда рўй берган ҳодисаларни олайлик. Масалан, Сергели туманида қурилаётган уйлар билан боғлиқ можаро. Бу муаммо бўйича телевидениега кўплаб мурожаатлар бўлган. Аммо ҳар доимги «Жимжитлик» романидан парча ўқий бошладик. Натижада мурожаатчиларнинг сабр косаси тўлди... Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да. Чунки охирги умиди бўлган журналистлар тилини ютиб олгандан кейин нима қилсин?! Яхшики, Бош вазирнинг шахсан ўзи бориб муаммони бартараф этди. Агар телевидение ёки отахон газеталаримиз шу бошоғриқни олдиндан кўтариб чиққанда масала Бош вазир аралашиши даражасигача етиб бормасмиди?! Ваҳоланки, ана шу нархлари асоссиз кўтариб юборилган уйлардан журналистларнинг ўзлари ҳам олган экан...

Кўп вақт ўтмасдан воқеалар ривожи вилоятларга кўчди. Хоразмнинг Ашхобод маҳалласидаги уйлар бузилиши, эгалари очиқ осмон остига ҳайдаб чиқарилгани кенг оммага ошкор бўлди. Вазият яна Бош вазир аралашиши даражасигача бориб етди...

Қашқадарёдаги Яккабоғ воқеасини олайлик: тадбиркор ОАВларидан нажот борлигини билганда албатта мурожаат қилган бўларди. Ёки ўша бузғунчи ҳоким ўринбосари телевидение ва газеталардан ҳадиксираб, бу даражагача ноҳақлик қилмас эди.

Оғзининг шалоқлиги ва ахлоқсизлиги билан «донг» таратган амалдорларнинг маънавий қиёфаси телевидениеда бир бор кўрсатилгандами?!

Телевидениенинг ҳар бир вилоятда махсус мухбири бор. Ҳар бир вилоятнинг ўзида ҳам «ойнаи жаҳон» ишлаб турибди. Вилоят телевидениелари маҳаллий ҳокимларнинг шахсий томорқасига, мухбирлар эса шахсий хизматкорларига айланиб бўлишган. Вилоят ҳокимининг чизган чизиғидан чиқишмайди. Шундай тасаввур шаклланганки, вилоят мухбирлари ўша жойдаги муаммоларни олиб чиқадиган бўлса, уни маҳаллий раҳбарлар бемалол «хоинлик»да айблаши мумкин.

Аслида хоинлик муаммоларга жимгина томошабин бўлиб туриш эмасми?!

Аслида хоинлик Президент талабларини тескари бажаришда эмасми?!

«Ўзбекистон-24» телеканали ҳам илк ташкил этилган пайтида ўз сўзини айтаётган эди. Кейинчалик унинг ҳам оғзига қулф урилди. Бу канал шу даражада жимликни сақлаб бердики, ҳаттоки, бу «шарафли» хизмати учун «Олтин қалам»га муносиб кўрилди!

Аслида телевидениени халқ томоша қилиш керак. Аммо бизда тескариси — телевидение халқни томоша қилади. Жамиятдаги ўзгаришларни биз тележурналистлар жимгина томоша қиламиз, ҳайратланамиз, нафратланамиз, хурсанд ёки хафа бўламиз. Аммо бирон-бир сўз айтишни хаёлга ҳам келтирмаймиз. Гўёки, биз шу соҳани танлашда умримиз охиригача сукут сақлаш учун қасамёд қилгандекмиз.

Ростдан ҳам, ўтган 15 йил ичида фақат «жаннат»лардан хабарларни тайёрлайвериб, зиммамиздаги асл вазифани унутиб қўйдик.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 13 та телеканали томошабинлар аудиториясини бус-бутунлигича хусусий телеканалларга бой берди. Энди эса медиа майдонини блогерларга қўш-қўллаб топширяпмиз.

«Ватанни жим туриб севиш мумкин», деган сўзларни эшитгандим. Ҳаётимиздаги сўнгги ўзгаришлардан англадимки, Ватанга жим туриб хоинлик қилиш ҳам мумкин экан.

Ватанга жим туриб хизмат қилиб бўлмайди.

Мақолага охирги нуқтани қўяр эканман, нима қилардим ўзим ишлаб турган жойимга тош отиб, деган хаёл нари кетгани йўқ.

Рости, 400 минг сўм ойлик учун Ватанимга жимгина хоинлик қилишни истамайман. Аслида журналистларнинг давлатдан маош олиб, жим ўтириши хиёнат эмасми?

Шерали Отабоев, 
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 
«Mahalla» телерадиоканали катта муҳаррири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг