«Метан заправка»ларни танқид қилган йигит 15 суткага қамалди
Жорий йил 26 декабрь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди бир муддат олдин кунлар автомобилларга метан газ қуйиш шохобчалари иш вақтларига киритилган чекловларни танқид қилган йигитни 15 сутка маъмурий қамоққа ҳукм қилди.
Гап шундаки, жорий йил декабрь ойининг ўрталарида республика бўйлаб кузатилган совуқ об-ҳаво сабаб энегетика вазирлиги барча «метан заправка»лар иш вақтига чекловлар киритган ва натижада метан газ қуйиш шохобчаларида турнақатор навбатлар пайдо бўлган эди.
Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳудудидаги шохобчаларнинг бирида навбатда турган Ғ.Д. (суд ҳужжатларига кўра, 1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган) эса киритилган чекловларни танқид қилган ва оиласини йўналишли такси хизмати ортидан боқаётгани, ногирони борлиги, метан газ шохобчалари иш режимига киритилган чекловлар ортидан оиласи таъминотини қила олмаётганини айтиб чиққан эди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Д.А.Дадаханова раислигида ўтган суд мажлисида эса йигит МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбланган.
Аниқланишича, Ғ.Д. 2024 йил 23 декабрь куни Тошкент шаҳар Бектемир тумани Олтинтопган кўчасидаги «Моротранс» МЧЖ газ қуйиш шохобчасида шохобча ходимларини турли сўзлар билан ҳақоратлаб, жамоат тартибини бузиб, майда безорилик содир қилган. Мазкур маъмурий иш юқорида номи келтирилган шохобча ходимининг шикоят аризаси асосида қўзғатилган.
Суд ишига кўра, Ғ.Д.нинг жамоат тартибини бузганлиги ҳолати бўйича интернетнинг «Instagram» ижтимоий тармоғини кўздан кечириш ва видеотасвирни олиш баённомаси ҳамда маъмурий ишда тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топган.
Суд Ғ.Д.га МЖтКнинг 183-моддаси билан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, жазо ўталганидан сўнг Ғ.Д.дан Тошкент шаҳар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида, яъни жами 843 750 сўмни давлат фойдасига ундириш ҳам белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter