Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

ИИБ биносидан қочган ўғри, «осмонга учган» новвослар: Қашқадарёда нима гап?

ИИБ биносидан қочган ўғри, «осмонга учган» новвослар: Қашқадарёда нима гап?

1

Қашқадарёнинг Китобидан бўлган Абдураззоқ аканинг икки ойдан бери уйқуси йўқ. Егани ичига кирмайди, ичган сувиям томоғидан қилтиллаб ўтади. Туман ва вилоят марказига боравериб тинкаси қуриди, «мелисахона»лар эшигида сарғайди...

Воқеа бундай бўлган эди: Катта Тўпчоқ қишлоғининг оддий фуқароси Абдураззоқ Гафиров (русийзабон ҳужжат ёзғувчининг айбига маъзур тутгайсиз) машина йўли ёқасида жойлашган ўғлининг уйи олдига каттагина сигирини боғлаб кетади. Экиндан хабар олиб келай деб бир соатдан кейин қайтса, на сигир бор, на қозиқ... Осмонга учиб кетди десанг, катта говмишни учирадиган шамол тургани йўқ, наинки, сигир бўшалиб кетган бўлса ҳам бирон кўм-кўк экинзорга ўзини уради. Шўрлик деҳқон бир бечоранинг экини пайҳон бўлмасин деб, изиллаб ҳаммаёқни қидирди. Қаёқда? Сигирнинг изи ҳам йўқ.

Орадан бир неча кун ўтди. Сигирнинг ўғирланганига шубҳа қолмади. Дарагиям чиқди. Гумондор қўшни қишлоқдан... Албатта ҳеч кимнинг пешонасига ўғри деб ёзиб қўйилмаган. Аммо маҳкамага судраб борилганда, гумондор айбини қисман бўлсада, тан олди. Сигир Шаҳрисабз туманидаги қишлоқлардан бирига арзон-гаровга сотиб юборилган...

Лекин тергов вақтида қизиқ ҳолат рўй берди: гумондор сўроқ бераётганда ИИБ биносидан қочиб қолди.

Абдураззоқ аканинг гувоҳлик беришича, ходимлар айбланувчининг кетиб қолишига кўпам қаршилик қилишмаган...

Абдураззоқ ака югурди, ёзди, чизди. Туман корчалонларидан садо чиқмаслигини сезиб, вилоят органларига умид боғлади. Ҳарорат эллик градус иссиқни кўрсатиб турганда, Қарши шаҳрига йўл олди. Вилоят ИИБ ва прокуратурага ариза киритди. 

Ой ўтдики, ишда силжиш бўлмади. Абдураззоқ ака шаҳрисабзча дўппини сандал устига қўйиб ўйга толди: тавбангдан кетай, куппа кундузи кимдир кўчада молингни етаклаб кетиб, бозорда сотиб, ҳаром луқмасига маишат қилсада, биров унга индамаса? Абдулла Қаҳҳор қаламга олган, Қобил бобони қақшатган давр ўтганига юз йилданам ошдику?!

Вақт ўтди, Абдураззоқ аканинг доди Яратганга етди: шу йилнинг 19 сентябр ўғрини ушлаб қамадилар, жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида ҳукм ўқилди.

Аммо суддан деҳқоннинг пешонаси тиришиб чиқди: айбдорку, беш йилни бўйнига илиб кетди, аммо баҳоси қарийб 12 миллион сўмдан кам бўлмаган сигирнинг зарарини ким қоплайди?

Айбдор мол бозорида сигирни ўта арзон нархга сотиб юборганини айтди, аммо воқеанинг бошқа иштирокчилари буни тан олмадилар.

Айбдор Х. Жумаевнинг уйида МИБ хатлайдиган зарур вақо йўқ... Каталакдай уйда уч бола билан шўрлик хотини базўр қозонини қайнатяпти... Ўғлининг эгри юришларидан тўйган ота ун оқ қилганини айтиб, Абдураззоқ акага юзини қайтиб ўгирмади...

Хуллас, ҳукм чиқиб, ўғри панжара ортида кирсада, Абдураззоқ аканинг кўнглида тугун ечилмади. Кимнингдир панжара ортида бағрини заҳга бериб ётиши, унинг моли зарарини қоплармикин?

2

Катта Тўпчоқ қишлоғининг яна бир фуқароси Рустам Соҳибовнинг ҳикояси Абдураззоқ аканикидан ҳам ғамғинроқ ва талофатлироқ...

Қишлоқда иш тиғиз, эркаклар пул топиш дардида, мол боқиш кўпроқ болалар ва аёлларнинг вазифаси.

Китоб ва Шаҳрисабз туманини айириб турувчи Оқсув дарёси этакларида Катта тўпчоқликларнинг экинзорлари, бедазорлари бор. Бу ҳосилдор ерлардаги ажриқларда моллар беармон ўтлайди.

Рустам Соҳибов 2021 йилнинг эрта кузида ( сентябр ойининг иккинчи ўн кунлиги) икки зотдор хўкизини боғлаб тушликка кетаётганда кўнгли ғаш эди: ўша пайт ҳар бири 10 миллион сўмдан кам баҳоланмайдиган новвосларини сўнгги бор кўриб турган экан.

Новвослар таг-туги билан йўқолди.

Қорамол жониворнинг қаноти йўқки учиб кетса. Икки бақувват хўкизни бир киши эплаши қийин. Атрофда кўз кўп...

Хуллас ўта шубҳали вазият. Ўғри (лар) шундай қулай вазият ва имкон топганки, иш ҳамирдан қил суғурилгандай бажарилган. Йўқ, йўқ, оддий одам бундай ишни қилолмайди, дея ёзғувчига қарайди деҳқон.

Икки новвосни дарёга тушган игнадай ўғирлаш ва ҳазм қилиб юбориш фақат ва фақат профессионал киссавурлар қўлидан келади, дейди у.

Балки шундайдир. Гапнинг индаллоси, новвослар йўқ, мана бир йил ўтди. Ҳаттоки, гумондор топилмади. Новвослар аллақачон қассоблар қўлига тушиб, сўйилиб кетгани, гўшти ҳазм қилиб юборилгани ҳақиқатга яқин. Аммо... халқнинг ҳалқумини ҳаром қилаётганлар, одамларнинг ҳалол топган пулига заҳар аралаштираётган ўғрилар топилгани йўқ.

Рустам Соҳибов ва Абдураззоқ Гафировларнинг ҳикояси шулардан иборат эди.

Ёзғувчидан

Камина юқоридаги инсонлар билан бир қишлоқда яшайди, бир сойнинг сувини ичиб, бир тегирмоннинг нонини ейди.

Юқоридаги ҳикояларни баён қила туриб, яна атоқли ёзувчи Абдулла Қаҳҳорга юзлангим келди:

«Қобил бобо яланг бош, яланг оёқ, яктакчан оғил эшиги ёнида туриб дағ-дағ титрайди, тиззалари букилиб-букилиб кетади; кўзлари жавдирайди, ҳаммага қарайди, аммо ҳеч кимни кўрмайди. Хотинлар ўғрини қарғайди, ит ҳуради, товуқлар қақағлайди...».

Сигир ва новвосларини ўғирлатиб, бола-чақасининг ризқи қийилган ватандошларимни шўрлик Қобил бобога ўхшатаман.

Аммо бугун ташқарида XXI аср. Янги Ўзбекистон қуриляпти. Қонун устуворлиги ҳақида бот-бот такрорланяпти. Оғир жиноятлар фош қилиняпти, йирик ўғриликлар очиб ташланяпти.

Шундай вазиятда «шонли милиция»миз айрим жайдари мол ўғриларини тутиб, жойига ўтқазиб қўя олмаётгани ғалати эмасми? Қонун ўз ўрнида ишлаши, фуқаролар буни ҳис этишлари керак эмасми?

Прокуратура органларига ҳам алоҳида мурожаат қилиб қоламан: Китоб туманидаги вазиятни жиддий ўрганинг. Майда жиноятлар катталарини туғади, бунга тарих гувоҳ.

Ҳикоямни шу ерда тугата қоламан: зеро қаҳрамонларнинг бошига Қобил бобонинг куни тушмасин дея ният қилиб ...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг