Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турк компанияси Тошкентдан Чорвоққа борадиган йўлининг бир қисмига пуллик йўл қурмоқчи

Турк компанияси Тошкентдан Чорвоққа борадиган йўлининг бир қисмига пуллик йўл қурмоқчи

Туркиянинг «Onur Group» компаниясининг ДХШ асосида 4P12 «Бектемир ш. – Чирчиқ ш. – Ғазалкент ш.– Чорбоғ қўрғони» автомобил йўлининг 6–77 км қисмини асфалт-бетон қоплама билан реконструкция қилиб, пуллик йўлга ўтказиш лойиҳаси бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлигида музокара бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, мазкур учрашувда вазирлик раҳбарияти ҳамда турк компаниясининг Молдова ва Руминия давлатларидаги лойиҳалар бўйича директори Булент Татар иштирок этган.

Маълум қилинишича, лойиҳа жорий йилнинг 18 сентябр куни «Onur Group» компанияси экспертлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Автомобил йўллари қўмитаси ходимлари иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилган.

Учрашувда, шунингдек, икки мамлакат ўртасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, жумладан, автомобил йўллари, тонеллар қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан эришилган келишувлар эътироф этилди.

Якунда томонлар лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва уни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш юзасидан келишувга эришди.

Маълумот учун, «Onur Group» Туркия, Украина, Хорватия, Тунис, Молдова, Саудия Арабистони Қироллиги, Уммон Султонлиги, Қатар, Экваториал Гвинея ва Туркманистон каби 13 давлатда қурилиш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Шунингдек, компания Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби йирик инвестиция институтлари томонидан молиялаштириладиган лойиҳалар учун хизматлар кўрсатиши қайд этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг