Истанбул: бу одамлар нима учун навбатда турибди экан?

Муқаддас Рамазон ойи кириши муносабати билан Истанбул шаҳридаги «Хирқаи шариф» жомеъ масжиди меҳмонлар учун ўз эшикларини очди. Масжидга келган зиёратчилар мўътабар бисот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хирқаларини томоша қилиши мумкин.
Хирқаи шариф кўргазмаси очилиши маросимида Истанбул шаҳри ҳокими ҳамда муфтийси ҳамда хирқаи шарифни сақлаб келаётган Увайс Қараний сулоласи вакили қатнашди.
Anadolu ахборот агентлиги хабарига кўра, масжид ёнида хирқаи шарифни кўриш ниятида бўлган одамларнинг узун навбати ҳосил бўлмоқда.
Муборак хирқани Рамазон ойи мобайнида соат 10:00 дан 17:00 гача (дам олиш кунлари соат 09:00 дан 17:30 гача) кўриш мумкин.
Ногиронлар, беморлар, кексалар ва ҳомиладор аёллар навбатсиз киритилиши маълум қилинган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак хирқалари, яъни туя жунидан тўқилган чакмонларининг қизиқ тарихи бор. Сарвари Олам умрларининг охирида ҳазрати Умар ва ҳазрати Али розияллоҳу анҳумга хирқаларини Увайс Қараний раҳматуллоҳи алайҳига элтиб беришни васият қилганлар. Омонатни олган Увайс Қараний умрининг охиригача муборак хирқани асраб-авайлаган. Қаранийнинг вафотидан кейин мўътабар омонатни унинг авлодлари сақлаб келган.
XVII аср бошларида Усмоний ҳукмдор – султон Аҳмаднинг илтимоси билан Қараний авлодлари Истанбулга кўчиб келган. 1847 йилда султон Абдулмажиднинг фармонига кўра ёдгорликни сақлаш учун «Хирқаи шариф» номли махсус масжид барпо этилган. Мўътабар хирқа айни пайтда Қараний сулоласининг 59-авлоди муҳофазасида.
Маълумот ўрнида, Истанбулдаги Тўпқопи саройида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли яна бир чакмон – «Хирқаи саодат» ҳам сақланади. Ушбу мўътабар либос Расулуллоҳ томонидан шоир Каъбга туҳфа этилгани айтилади. Султон Салим 1517 йили Мисрни эгаллаганида «Хирқаи саодати»ни ҳам Истанбулга келтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter