Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Атроф-муҳитни баҳолашда шаффофлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси тасдиқланди

Атроф-муҳитни баҳолашда шаффофлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.

Долзарблиги

Сўнгги йилларда республикада барча тармоқлардаги кенг кўламли модернизация жараёнлари, шунингдек, кун сайин ортиб бораётган саноат корхоналари атроф-муҳитга сезиларли даражада таъсир этмоқда. Экологик экспертиза фаолияти атроф-муҳит муҳофазасининг энг муҳим тадбири ҳисобланиб, бунда фаолият самарадорлиги объектларга берилаётган давлат экологик экспертизаси хулосаларининг сифати, шаффофлиги ва натижадорлигига узвий боғлиқдир.

Экологик экспертиза ўтказишнинг ҳуқуқий асоси 2000 йилда қабул қилинган «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади. Амалдаги Қонунда асосий тушунчаларга ҳуқуқий таъриф берилмаганлиги, халқаро талаблар мавжуд эмаслиги, экологик экспертиза жараёнларида иштирок этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилмаганлиги соҳа самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аҳамияти

Соҳада шаффофлик ва очиқликни таъминлашмақсадида АҚШ, Япония, Сингапур, Туркия, Россия, Грузия ва Беларус Республикасининг экологик экспертиза тизимлари ўрганиб чиқилди. Шунингдек, Жаҳон банки, БМТ, ЕИК, ЙХҲТ, хусусий секторнинг эксперт-консультантлари тавсиялари, шунингдек, Стратегик экологик баҳолаш баённомаси, Orxus ва Espo конвенциялари талаблари асосида «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Янги таҳрирдаги Қонунда қуйидагилар ўз аксини топмоқда:

1. «Электрон ҳукумат» принципларига асосан атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича ягона автоматлаштирилган ахборот тизимининг ҳуқуқий асослари белгилаб берилмоқда. Ушбу механизм тадбиркорлик субъектлари учун экологик экспертизага оид материалларни онлайн тарзда тақдим этиш ва экологик экспертизаси хулосаларини олиш имкониятини беради.

2. Янги таҳрирдаги Қонун халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда стратегик экологик баҳолаш институтини амалда жорий этишнинг ҳуқуқий нормалари билан тўлдирилмоқда. Бу ўз навбатида бугунги кунга қадар экологик экспертизаси объекти сифатида рўёбга чиқарилмаган давлат дастурлари, концепциялари, шаҳарсозлик ҳужжатлари каби стратегик ҳужжатларини экологик баҳолаш орқали фаолиятнинг экологик оқибатларини олдиндан аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш имкониятини яратади.

3. Давлат экологик экспертизаси хулосаларининг холислиги ва асосланганлигини таъминлаш, экспертиза бўлинмаларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш, шунингдек, экспертизани ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ва баҳсли масалаларни ҳал этиш учун доимий фаолият юритувчи Экспертлар кенгаши ташкил этилмоқда.

Давлат экологик экспертизасини ўтказишга эксперт ва мутахассисларни жалб этиш ўрнига ушбу масалаларни Коллегиал равишда кўриб чиқиш ва ҳал этиш имкониятларини яратади ҳамда экологик экспертиза хулосаларининг шаффофлигини таъминлайди.

4. Экологик экспертиза объектлари атроф муҳитга таъсир даражаси бўйича учта тоифага ажратилиши натижасида атроф муҳитга локал таъсир кўрсатувчи тўртинчи тоифа объектлари рўйхатдан чиқарилмоқда. Бу эса минглаб кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқулайликларни, бюрократик тўсиқларни камайтиради, вақт ва харажатларни қисқартиради.

5. Экологик экспертизадан ўтказиш муддатлари қайта кўриб чиқилмоқда, бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулайликлар яратади.

6. Лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилотларга нисбатан малака сертификатини жорий этиш ва ташкилотларнинг рейтингини шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда.

Бу ўз навбатида сифатсиз, экологик нормаларга зид бўлган ҳужжатларни тайёрлашнинг олдини олади ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча вақтини ҳамда молиявий харажатларининг камайишига, лойиҳа ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг масъулиятини ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

7. Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнларига жамоатчиликни кенг жалб этиш, хусусан, жамоатчилик экологик экспертизаси ҳамда жамоатчилик эшитувини ўтказиш тартибларини белгилаш бўйича алоҳида нормалар киритилмоқда.

Қонун фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга ҳамда унинг ҳолати тўғрисида ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаб, шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳоҳамасидан ўтказишнинг ҳуқуқий асосларини яратади. Шунингдек, давлат экологик экспертизаси институти иштирокчиларининг, хусусан, эколог-экспертларнинг масъулиятини оширишга ҳамда давлат экологик экспертизага тақдим этилаётган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ҳужжатлари ва экологик нормативлар лойиҳалари сифатини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг