Чиқинди соҳасидаги қарздорликни бартараф этиш бўйича замонавий тизим жорий этилмоқда

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда чиқиндиларни бошқариш, аҳолига кўрсатиладиган хизмат сифатини яхшилашга қаратилган бир қанча тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бугунги кунда ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги натижасида дебитор қарздорлик кескин ошиб бормоқда. Маълумотларга кўра, тизимда 600 млрд сўмлик дебитор қарздорлик мавжуд. Бу эса бир қатор муаммоларга сабаб бўлмоқда, хусусан, тегишли ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритишга, соҳага тадбиркорлик субъектлари ва хусусий сектор вакилларини кенг жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Бугунга қадар тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган абонентларга нисбатан фақат суд тартибида чора кўрилар ва бу жараён узоқ давом этарди. Янги Қонун билан эса оворагарчилик ва мураккабликларга чек қўйилмоқда.
Қонун билан Фуқаролик ва Уй-жой кодекслари, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларга қисқа хабар (СМС) юборилади. Шундан сўнг мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар истеъмолчидан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади. Бунда хизмат кўрсатувчи тузилмалар тўловларнинг ишончли ҳамда тўғри ҳисоб-китоб қилинишини таъминлайди. Ўз навбатида қарздорликни бартараф этган истеъмолчилардан электр энергияси учун тўловлардаги вақтинчалик чекловлар олиб ташланади.
Мазкур Қонун аҳолига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини яхшилаш, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга хизмат қилади. Бу эса, албатта, аҳолига янада сифатли ва шаффоф хизмат кўрсатилишини таъминлайди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter