Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Юз минглаб мусулмон аҳоли айирмачилик ва зўравонлик қурбони бўлмоқда – БМТ

Юз минглаб мусулмон аҳоли айирмачилик ва зўравонлик қурбони бўлмоқда – БМТ

Фото: The New York Times

Мьянма ҳукуматининг айирмачилик сиёсати қурбони бўлган роҳинжа мусулмонлари ҳалигача таъқиб ва тазйиқ муҳитида, оғир аҳволда яшамоқда. Бу ҳақда БМТ бош котиби воизи Стефан Дюжаррик томонидан роҳинжа мусулмонлари Ракхайн (Аракан) штатидан оммавий равишда ҳайдаб чиқарилганига 7 йил тўлиши муносабати билан берилган баёнотда сўз боради.

Қайд этилишича, Мьянмадаги ҳарбий тўқнашувлар сабаб гуманитар вазият оғирлашди. Хусусан, ўзи шундоқ ҳам танг вазиятда яшаб келаётган роҳинжа мусулмонлари ҳолати янада ёмонлашди.

«БМТ бош котиби Мьянмадаги ихтилоф иштирокчиларини зўравонликни тўхтатиш ва халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига мувофиқ тинч аҳоли вакиллари ҳаётини ҳимоя қилишга чақиради», – дейилада баёнотда.

Фото: БМТ

Ушбу сана муносабати билан расмий баёнот берган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам роҳинжа мусулмонларига нисбатан содир этилган жиноятларни геноцид деб атаган. Давлат котиби оз сонли миллатлар, хусусан, роҳинжа мусулмонлари ҳуқуқларини поймол этиш давом этаётганини танқид қилган.  

Мьянманинг Ракхайн штатида яшаб келган, ўзига хос тил ва маданиятга эга бўлган роҳинжа мусулмонларини таъқиб этиш мамлакат Буюк Британиядан мустақиллик эълон қилган 1948 йилданоқ бошланган. Давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган ҳарбий хунталар бир неча бор роҳинжа мусулмонларига қарши таъқиб амалиётлари ва оммавий ҳибс тадбирлари ўтказган. Мьянмада 1982 йилда қабул қилинган фуқаролик тўғрисидаги қонунга кўра, мамлакатда яшовчи 135 миллат вакиллари фуқаро сифатида тан олингани ҳолда, роҳинжа мусулмонлари бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган.  Мьянма ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқ сиёсати туфайли сўнгги ўн йилликларда юз минглаб роҳинжа қавми қўшни мамлакатларга қочишга мажбур бўлган. Сўнгги марта 2017 йил август ойида ўтказилган «этник тозалаш»дан кейин Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжа мусулмонлари сони 900 мингдан ошган. Айни пайтда Ракхайн штатида 630 мингга яқин роҳинжа халқи апартеид шароитида яшаётгани айтилади.

Фото: Reuters

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар роҳинжа қавмига нисбатан содир этилаётган зулм-зўравонликларни этник тозалаш ва геноцид деб ҳисоблайди.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти яқинда эълон қилган ҳисоботга кўра, Мьянма армияси ва Аракан исёнчилари сўнгги ойларда кўп сонли роҳинжа мусулмонларини судсиз, терговсиз қатл қилган. Артиллерия ва дронлар ҳужуми оқибатида 200 дан зиёд одам, жумладан, болалар ҳалок бўлган.

«Мьянма ҳарбийлари ва Аракан мухолиф армияси этник роҳинжалар ва тинч аҳоли вакилларига ўта шафқатсиз ҳужумлар қилмоқда», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг Осиё бўйича директори Элейн Пирсон.

Сунъий йўлдош суратлари тадқиқи жорий йил 24 апрелдан 21 майга қадар роҳинжа мусулмонлари яшаётган 40 дан зиёд қишлоқ бутунлай ёки қисман вайрон қилинганини кўрсатди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг