Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна бир халққа очлик таҳдид солмоқда

Яна бир халққа очлик таҳдид солмоқда

БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури халқаро ҳамжамиятни Бангладешдан бошпана олган роҳинжа мусулмонлари учун йил охирига қадар 81 миллион доллар кўмак кўрсатишга даъват этди.

Мьянма ҳукуматининг айирмачилик сиёсати туфайли Ракхайн (Аракан) штатидан Бангладешга қочиб ўтган юз минглаб роҳинжа қавмига озиқ-овқат тақчиллиги хавф солмоқда.

БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Бангладешдаги директори Дом Скалпеллига кўра, роҳинжа мусулмонларининг яшаб қолиши инсонпарварлик кўмагига боғлиқдир. Озиқ-овқат ёрдамининг камайиши очлик кўламини янада оширади.

БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди ҳам АҚШ томонидан кўрсатилаётган молиявий кўмакнинг қисқариши ушбу халқ ҳаётини янада оғирлаштиришидан огоҳлантирган.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ бош котиби воизи Стефан Дюжарри роҳинжа мусулмонлари ҳалигача таъқиб ва тазйиқ муҳитида, оғир аҳволда яшаётгани ҳақида бонг урганди.

Мьянманинг Ракхайн штатида яшаб келган, ўзига хос тил ва маданиятга эга бўлган роҳинжа мусулмонларини таъқиб этиш мамлакат Буюк Британиядан мустақиллик эълон қилган 1948 йилданоқ бошланган. Давлат тўнтариши билан ҳокимиятга келган ҳарбий хунталар бир неча бор роҳинжа мусулмонларига қарши таъқиб амалиётлари ва оммавий ҳибс тадбирларини ўтказган.

Мьянмада 1982 йилда қабул қилинган фуқаролик тўғрисидаги қонунга кўра, мамлакатда яшовчи 135 миллат вакиллари фуқаро сифатида тан олингани ҳолда, роҳинжа мусулмонлари бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинган. 

Мьянма ҳукуматининг таъқиб ва тазйиқ сиёсати туфайли сўнгги ўн йилликларда юз минглаб роҳинжа қавми қўшни мамлакатларга қочишга мажбур бўлган. Сўнгги марта 2017 йил август ойида ўтказилган “этник тозалаш”дан кейин Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжа мусулмонлари сони 900 мингдан ошган. Айни пайтда Ракхайн штатида 630 мингга яқин роҳинжа халқи апартеид шароитида яшаётгани айтилади.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар роҳинжа қавмига нисбатан содир этилаётган зулм-зўравонликларни этник тозалаш ва геноцид деб ҳисоблайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг