Президент Мирзиёев хотин-қизларни байрам билан табриклади

Бугун, 7 март куни Тошкент шаҳридаги Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросим аввалида давлат раҳбари сўзга чиқиб, Ўзбекистон хотин-қизларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий табриклади.
«Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий буюк она сиймоси, мўътабар аёл зотини улуғлаб, уларнинг бахт-саодати йўлида барчамизни фидокор бўлишга даъват этгани албатта бежиз эмас.
Чиндан ҳам, меҳр-оқибат, олижаноблик, муҳаббат ва садоқат каби юксак инсоний қадриятларни камол топтиришда, оила қўрғонини мустаҳкамлашда сизларнинг хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди», – деди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш борасида тўхталиб, бу сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида етакчи ўринга қўйилаётганини таъкидлади. Бугунги кунда аёлларнинг турли соҳа ва тармоқларда мамлакат тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшаётганларини миннатдорлик билан эътироф этди.
Қайд этилишича, 2017 йилда бошқарув соҳасида ходимларнинг 20 фоизини хотин-қизлар ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Давлат раҳбари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд хотин-қизлар учун ҳам етарли шарт-шароитлар яратиб бериш йўлида ишлар олиб борилаётганини айтиб ўтди.
«Жорий йилда уларнинг ҳар бири билан манзилли ишлаб, ногиронлиги бўлган 162 минг нафар аёлга санаторий, шифохона ва ўзлари яшаётган маҳаллада тиббий ёрдам кўрсатилади, боқувчисини йўқотган 130 минг нафар хотин-қизга моддий ёрдам берилади, яна 6 минг нафар аёлнинг уй-жой шароитлари яхшиланади, меҳнатга лаёқатли ва иш излаётган опа-сингилларимиз ишга жойлаштирилади.
Шунингдек, ҳар йили оғир вазиятга тушиб қолган 50 минг нафар хотин-қиз мамлакатимиздаги сўлим масканларга ўқиш ва ҳордиқ чиқариш учун юборилади. Уларга психологик ёрдам кўрсатилиб, тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича мотивацион семинарлар ташкил этилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қ.Рафиқов бу ишларга бош-қош бўлади», – деди Мирзиёев.
Давлат раҳбари ўзининг нутқида, шунингдек, аёлларни оммавий спорт турларига, тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг таълим олишига кўмаклашиш, муносиб иш ўринларини яратиш каби масалаларга ҳам тўхталди.
Шу билан бирга байрам муносабати билан меҳнат фаолияти ва жамоат ишларида катта натижаларга эришган, эл-юрт ўртасида ҳурмат ва эътибор топган аёллардан бир гуруҳи давлатнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирлангани ҳамда ўзининг билими, иқтидори ва одоби билан тенгдошларига намуна бўлиб келаётган қизлардан 28 нафари турли соҳалардаги ютуқлари учун Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлгани эслаб ўтилди.
Давлат раҳбари сўзи охирида мамлакат аёлларини яна бир бор байрам билан табриклади ва келгуси ишларида улкан ютуқ ва омадлар тилади.
«Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, дунёдаги энг катта бойлик – оилавий бахт-саодат ёр бўлишини тилайман.
Доимо фарзандларингиз ва яқинларингиз, эл-юртимиз ардоғида юриш насиб этсин! » – дейди Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев.
Нутқнинг тўлиқ матни ушбу ҳаволада.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter