Лукашенко ва Пашинян яна гап талашиб қолди
26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашида Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўртасида даҳанаки тортишув рўй берди.
Маълумот ўрнида, Арманистон бош вазири машваратга шахсан келмаган, балки онлайн форматда қатнашган.
Лукашенко ўз чиқишида келгуси учрашувни 2025 йил май ойида Минск шаҳрида ўтказишни таклиф қилган.
Айни пайтда тузилмага Арманистон раислик қилмоқда. Келгуси йил раислик Беларусга ўтади.
«Ҳам раис сифатида, ҳам кузатувчи сифатида бизнинг иттифоқимиз фаолияти қизиқ бўлса, йиғилишларда телевизор орқали эмас, балки шахсан қатнашишларини сўраган бўлар эдим», – деган Лукашенко Арманистон бош вазирига қарата танбеҳ оҳангида. Айни чоқда у бу гап Арманистон бош вазирига дахлдор эмаслигини ҳам қистириб ўтган.
«Биламизки, яқинда соқолингизни қириб олдингиз, бироз тобингиз ҳам қочибди. Шу важдан биз сизни иттифоқимизнинг янги ёш – ҳарқалай ташқи суратга кўра – аъзоси деб қабул қиламиз», – дея луқма ташлаган Беларусь раҳбари.
Пашинян бунга жавобан келгуси учрашув Минскда ўтишига эътирози йўқлиги, лекин Арманистон делегацияси мажлисда видеоалоқа режимида қатнашишини билдирган.
«Нима муаммонгиз бор? Минск шу қадар узоқда эканми ё олиб бориб қўядиган одам йўқми? Майли, керак бўлса, делегациянгизни ўзимиз олиб келамиз», – дея эътироз билдирган Лукашенко.
Пашинян бу масалада аввал баёнот бергани ва ўша фикри кучда қолишини таъкидлаган.
«Майли, баёнотингизни кўриб чиқамиз», – дея «ён берган» Беларусь раҳбари.
«Нимани кўриб чиқасиз? Сиз менинг баёнотимни кўриб чиқа олмайсиз. Чунки мен баёнотим кўриб чиқилишига йўл қўймайман», – дея қарши фикр айтган Пашинян.
Гап шундаки, жорий йил июнь ойида Н.Пашинян Арманистон парламентидаги чиқишида Беларусь Қорабоғдаги урушда Озарбайжонни қўллаб-қувватлагани, шу боис Беларусда Александр Лукашенко президент экан, бу мамлакатга бормаслигини айтганди. Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлган Беларуснинг Бокуни дастаклагани Ереванга маъқул келмаган.
Шундан кейин Александр Лукашенко Арманистонни ҳеч ким КХШТдан ҳайдаб чиқармоқчи эмаслиги, лекин мамлакат КХШТдан чиқса ҳам ташкилот қулаб тушмаслигини айтганди.
Лукашенко август ойида Россия давлат телеканалига берган интервюсида Арманистоннинг Ғарб билан яқинлашув сиёсатини кескин танқид қилиб, «арманлар Россия ва Беларусдан бошқа ҳеч кимга керак эмаслиги» ҳақида ҳам гапиргани маълум.
Бунинг ортидан Ереванда намойишчилар ҳукуматдан Беларусь билан дипломатик алоқаларни узиш ва мамлакатдан беларусь дипломатларини сургун қилишни талаб этган.
Аввал хабар берганимиздек, Никол Пашинян жорий йил август ойида Арманистоннинг КХШТ органларидаги иштирокини музлатиб қўйганди.
Кейинроқ Пашинян Россия етакчилигидаги ташкилотни Арманистон учун таҳдид деб атади.
Москва билан муносабатлар совуқлашуви фонида Ереван Ғарб томон юз бурмоқда.
Жорий йил 11 июнь куни Арманистон АҚШ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга доир битим имзолаган.
4 июль куни бош вазир Пашинян Қўшма Штатлар билан муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш истагини билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter