Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Бугун, 26 декабрь куни бўлиб ўтган Парламент палаталари кенгашларининг қўшма йиғилишида Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия (Омбудсман бошчилигида 14 нафар депутатлар, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан иборат)нинг ахбороти тингланди.
Қайд этилишича, комиссия, Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари, хронологияси ва оқибатлари, оммавий тартибсизликларни бартараф этишда давлат идоралари ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатларига баҳо берди, воқеалар иштирокчиларига нисбатан суд мажлисларини кузатди, 30 нафар судланувчи комиссия илтимосига кўра суд залидан озод этилди, судланувчилар сақланаётган тергов ҳибсхоналарига мониторинг ташрифларини амалга оширди, шунингдек воқеалардан кейин Қорақалпоғистонда амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни кузатиб борди.
Комиссия фаолияти давомида фуқаролардан келиб тушган жами 600 дан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этди. 50 дан ортиқ давлат ва нодавлат ташкилотларга ташрифи давомида 590 нафар ходим, 334 нафар қамоқ жазосини ўтаб чиққан шахслар билан суҳбатлашди.
Жиноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) Комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилди.
Комиссия БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳамкорлик қилди, шунингдек халқаро ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари билан мулоқотда бўлиб турди.
Мавзуга доир: Нукус воқеасининг «бош айбдор»и суд устидан шикоят қилди
Комиссия томонидан унинг фаолияти Интернетнинг «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «Independent Commission_uz» расмий саҳифасида (ўзбек, қорақалпоқ, рус тилларида) тўлиқ эълон қилиб борилди.
Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этганлиги аниқланганлиги қайд этилди.
Тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда (6,8 млрд сўм) моддий зарар етганлиги маълум бўлди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан оммавий тартибсизликларни маъмурий бинолардан узоқлаштириш, ва тарқатиб юбориш, маъмурий бино ва стратегик объектларни эгаллашга уринишларни бартараф этиш мақсадида халқаро амалиётда қўлланиладиган воситалар (сув ва рангли суюқлик пурковчи техника, кўздан ёш оқизувчи махсус гранаталар)дан фойдаланилган.
Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари).
Мавзуга доир: 39 нафар судланувчига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди
Тергов ва суд жараёнида иштирок этган гумонланувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари (адвокат, тиббий ёрдам, телефонда сўзлашиш ва ҳ.к.) тўлиқ таъминланган, суд қарорлари устидан шикоят киритиш имконияти берилган. Барча суд жараёнлари очиқ ва шаффоф ўтказилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнларида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат органларига комиссия қуйидаги тавсияларни билдирди:
- келгусида давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнида умумхалқ муҳокамаси босқичида мазмун-моҳиятини, унда иштирок этиш механизмларини фуқароларга тўлақонли тушунтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
- барча даражадаги давлат ҳокимияти органларига муҳим сиёсий ва бошқарув қарорларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида эҳтимолий ҳақиқатга тўғри келмайдиган, чалғитувчи ва нохолис маълумотлар тарқалиши (дезинформация) ҳолатларига ўз вақтида таъсирчан муносабат билдириш тизимини йўлга қўйиш;
- фуқароларга ўз ижтимоий фаолликларини амалга ошириш жараёнида ўзга шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилишга йўл қўймаслик ва жамоат тартибига риоя қилишнинг муҳимлигини изчил тушунтириб бориш;
- аҳоли кўп тўпланадиган ва кўнгилочар жойларда бўлувчи фуқароларнинг жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи салбий хатти-ҳаракатларини юзага келишининг олдини олишга қаратилган доимий профилактик ва тушунтириш каби таъсирчан чора-тадбирларини амалга ошириб бориш;
- оммавий тартибсизликларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фойдаланиладиган махсус воситаларни қўллаш ва тартиббузарларни тарқатиш бўйича меъёрий ҳужжатларни мунтазам етакчи хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштириб бориш.
Комиссиянинг ахборотини кўриб чиқиш натижалари бўйича Олий Мажлис палаталари кенгашларининг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter